Ҳарбий ёрдамдан стратегик шерикликкача, Россия президенти Владимир Путин Шимолий Кореяда бўлди. 24 йиллик танаффусдан кейинги меҳмонни Пхенян аэропортида шахсан Ким Чен Иннинг ўзи кутиб олди. Бу ташрифнинг мотивлари қандай? Икки томон бир-биридан нима хоҳлайди ва глобал ҳамжамият учун бу нега муҳим? “Геосиёсат” мавзунинг энг муҳим нуқталарини сиёсатшунослар Ойбек Сирожов ва Ҳикматилла Казакбаев билан таҳлил қилади.

— Владимир Путин Шимолий Кореяга қандай мақсадлар билан борди? Шимолий Корея Россиядан нима хоҳлайди?

Ойбек Сирожов: — Иккита ракурсда ёндашиш керак бунга: Россия манфаатлари ва КХДР манфаатлари. Россия манфаатларига тўхталсак, Украина урушида эскалация кучайиб боряпти, шу кучайишда янги кучлар тўплаб, иттифоқчилар излаш, қурол-яроғ йиғиш масаласи долзарблашиб боряпти, Путиннинг КХДРга ташрифини ҳам шу нуқтаи назардан баҳолаш мумкин.

3 та нарсани таъкидлаш керак. Биринчиси, қурол-яроғ олиш, ўтган йили сентябрда КХДР раҳбарининг Москвага ташрифида ҳам бир қанча шартномалар имзоланган, ноябр ойида эса АҚШ томонидан КХДР Россияга снарядлар жўнатгани ҳақида хабарлар чиққанди. Бугун ҳам катта эҳтимол билан ракеталар ва снарядлар бериш масаласи бўлгани ҳақида айтиляпти. Шимолий Кореядаги снарядлар совет стандартларига мос келгани сабаб Россиядаги артиллерия учун мос. Ўша вақтда 1 млн дона снаряд берилган дейилганди, бугун эса 3-5 млн атрофида бўлгани айтиляпти.

Иккинчиси, стратегик шериклик шартномаси имзолангани. Путин алоҳида таъкидладики, қайсидир томонга нисбатан агрессия бўлган ҳолатда икки давлат бир-бирига ҳар томонлама ёрдам беради. Бугун Россия шу агрессияга учраши хавфи бор. Франциянинг, бошқа Европа давлатларининг қўшин юбориш масаласига ўзига хос жавоб бўлди Россия томонидан. КХДРнинг 0,9-1 млн доимий, 4 млндан ортиқ захира ҳарбийлари бор, аёллар ҳам ҳарбий хизматга чақирилади.

Учинчиси, Ғарбга сигнал бу. Эскалация кучайган сари иттифоқчиларни топиш орқали Ғарбга нисбатан янги таҳдидларни шакллантириш.

Ҳикматилла Казакбаев: — Россиядаги сиёсий ҳолат унинг уруш ҳолатига ўтганини билдиради, яъни мудофаа вазири иқтисодчи шахс бўлди. Ҳарбий саноат корхоналари хам 3 сменада ишлаяпти,бу уруш ҳолатида бўлади. Эрондан қурол-яроғ олинди, энди буни кенгайтириш керак, чунки бутун бошли Ғарб қурол-яроғига тенглашадиган эмас Россияники. Тўғри, Россия қуроллари Украинага етказиладиган қуроллардан кўп, лекин Ғарбники каби сифатли эмас. Шу сабаб ҳам Эрон ва Шимолий Корея каби давлатлар керак Россияга.