Жаҳон | 20:56 / 21.09.2023
32776
4 дақиқада ўқилади

БМТдаги демарш: Исроил элчиси минбарга Раисий чиққанда Маҳса Аминийнинг суратини кўтарди

Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан ташкилотнинг навбатдаги йиғилишида шов-шув кўтарди. У Эрон президенти Иброҳим Раисий минбарда нутқ сўзлаётган вақтда баннер кўтариб, барчанинг эътиборини ўзига қаратди. Хавфсизлик учун жавоб берган қўриқчилар эса Исроил элчисини куч билан йиғилиш залидан чиқариб юборишди.

Фото: Getty Images

Исроил вакили Эрон президенти нутқ сўзлаётганда ўрнидан турди-да, ўзи билан олиб кирган баннерни кўтариб минбар томон яқинлашди. У кўтарган қоғозда ўтган йили рўмолни тўғри ўрамагани учун қўлга олинган ва полиция биносидан ўлиги чиққан эронлик қиз Маҳса Аминийнинг сурати туширилган, остига «Эронлик аёллар ҳозир озодликка муносиб» деб ёзилганди.

Шу тарзда ўзига хос дипломатик исён қилишга уринган исроиллик элчи саммит қўриқчилари томонидан шовқинсиз бир чеккага олиб чиқилди ва уни куч билан залдан чиқариб юборишди. Элчини аёл полициячи ушлаб турди, кейинчалик бошқа бир эркак қўриқчи келиб унинг ҳужжатларини сўради. Ўз жойига қайтишга уринган Исроил вакили залдан ҳайдаб чиқарилди.

Эътиборлиси, Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан бундай бир кишилик пикет ўтказаётган бир вақтда залда кўплаб давлат раҳбарлари ўтирганди. Баъзи иштирокчилар нима бўлаётганини тушунмаган бўлса, ҳушёр журналистлар элчининг норозилигини суратга олишга улгурди.

Гилад Эрдан ўз саҳифасига баннер кўтариб чиқаётгани тасвирланган видеони жойлади. Унинг ҳаракатларини афтидан Исроилнинг бошқа вакиллари видеога олиб турган ва барчаси қўриқчилардан узоқ жойда пухта тайёргарлик билан амалга оширилган. Элчи эълон қилган видеода уни қўлга олиш жараёни акс этмаган, бу видеони бошқа манбалар эълон қилди.

Элчи ўзининг твиттердаги саҳифасида бу борада пост ҳам жойлади. «Эрон президенти, теҳронлик қассоб Раисий нутқ сўзлай бошлаганида мен бир йил аввал режим томонидан гўёки ҳижобни нотўғри таққани учун ваҳшийларча ўлдирилган айбсиз Маҳса Аминийнинг суратини кўтариб чиқдим.

Бу вақтда юзлаб эронликлар БМТ биноси ташқарисида норозилик ўтказиб, халқаро ташкилотлардан ёрдам беришни ўтиниб сўрашди. Мен адолат учун курашишни ҳеч қачон бас қилмайман ва БМТнинг ахлоқий камчиликларини фош қилишда давом этаман. Қотиллар ва антисемитлар учун қизил гилам ёйганлар қилмишлари учун жавоб бериши керак», деб ёзди элчи ўз саҳифасида.

Баъзи манбаларга кўра, залдан олиб чиқилган элчи БМТ полицияси томонидан қўлга олинган. Аммо кўп ўтмай Исроил томони сўрови билан қўйиб юборилган. Исроил вакили бу демаршидан кейин кўплаб журналистлар билан суҳбатлашган. Унинг айтишича, БМТнинг Эрон вакилига сўз беришга ҳаққи йўқ. Элчи Исроил давлати Эрон халқини қўллаши, улар айнан Эрон ҳукумати сабаб қийналаётганини айтган.

Раисий нима деди?

Эрон президенти БМТ Бош ассамблеясида қўлида Қуръон билан нутқ сўзлади. Унинг нутқи АҚШга қаратилган айбловлар билан тўла бўлди. Раисий Эрон билан бир неча кун аввал асирлар алмашувига эришган АҚШни дунёдаги мувозанат бузилишида айблади. АҚШда ўтган йиғилишда АҚШни энг кўп қоралаган айнан Эрон президенти бўлди.

«Баъзи мустақил давлатлар яқинроқ алоқалар ўрнатишга интилаётган бир вақтда баъзи катта давлатлар турли минтақаларда можаролар келтириб чиқармоқда. Улар совуқ уруш кайфиятидан фойдаланиб глобал блоклар ташкил қилишга уринмоқда. Эрон Ғарб ва Шарқни иккига ажратувчи тузилмаларни кескин қоралайди», деди Эрон президенти.

Эрон президенти Иброҳим Раисий АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп вақтида Америка санкцияларига учраганди. Унинг АҚШга ташрифи олдидан санкциялар ечилган ёки йўқлиги аниқ эмас.

Маълумот учун, Эрон ва Исроил бир-бирини ўзининг энг катта душмани деб ҳисоблайди. Гарчи Эрон Исроил давлатини мусулмон давлатлар орасида иккинчи бўлиб тан олган бўлса-да, 1979 йилги Эрон ислом инқилобидан кейин икки давлат барча алоқаларни узган, Исроилнинг Эрондаги вакиллари чиқариб юборилган. Эронда яшаётган 100 минг атрофидаги яҳудийларнинг аксари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Мавзуга оид