Ўзбекистон | 09:14 / 25.09.2023
10871
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда биринчи Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтиши кутилмоқда 

ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича собиқ олий вакили Федерика Могерини сўзларига кўра, саммит келгуси йили ўтказилиши режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жорий йил 22 сентябр куни Бельгиянинг Брюгге шаҳридаги Европа коллежида Марказий Осиё давлатлари элчилари Европанинг етакчи дипломатия академияси ректори, Европа Иттифоқининг 2014-2019 йиллардаги ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича собиқ олий вакили Федерика Могерини ҳамда Дипломатия академияси тингловчилари билан учрашди, деб хабар қилмоқда «Дунё».

Федерика Могеринининг қайд этилишича, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларда муҳим босқичлар кечди, энди улар сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди. 

«Икки томонлама алоқалар тобора кенгайиб бормоқда, давлат раҳбарларининг кўп томонлама учрашувлари бўлиб ўтмоқда, келгуси йили Ўзбекистонда биринчи Марказий Осиё–Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтиши кутилмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи савдо ва иқтисодиёт, барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва атроф-муҳит, ислоҳотларни амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва яхши бошқарувни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқлик соҳаларида бир-бирлари учун қимматли шериклардир», деди у.

Европа комиссияси 2024 йил бошида Брюсселда бўлиб ўтадиган инвестиция форумига ҳозирлик кўраётгани ва барқарор транспорт коммуникацияларини, хусусан, Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган ва минтақа мамлакатларига ташқи бозорларга қўшимча кириш имконини берувчи Транс-Каспий йўлагини ривожлантириш учун молиялаштиришга эътибор қаратилиши, шунингдек, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳамкорликнинг энг юқори даражасига кўтарилгани қайд этилди.

Мавзуга оид