18:51 / 27.09.2023
4464

Давлат-хусусий шериклик асосида боғча ташкил қилиш учун ажратилган кредитларнинг имтиёзли муддати узайтирилди

Имтиёзли кредитлар бўйича имтиёзли давр муддатини 2024 йил 1 октябргача узайтиришга рухсат этилди. 

«Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. 

Қарорга кўра, тадбиркорларга, уларнинг хоҳишига кўра, 2018–2022 йилларда давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун тузилган битимларга мувофиқ ажратилган имтиёзли кредитлар бўйича имтиёзли давр муддатини 2024 йил 1 октябргача узайтиришга рухсат этилди. 

Бунда:

- имтиёзли давр давомида тадбиркорлар томонидан кредит бўйича фақат фоиз тўловлари амалга оширилади;

- имтиёзли даврда тўланиши лозим бўлган асосий қарз бўйича тўловлар кредит даврининг қолган қисмига тенг миқдорда тақсимланади. 

Давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар лойиҳа ташаббускорларига қуйидаги табақалаштирилган фоиз ставкаларида ва шартларда ажратилади:

- Тошкент шаҳрида – 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 12 фоиз ставка бўйича;

- Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда – 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 8 фоиз ставка бўйича;

- туманларда – 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставка бўйича.

Top