200 долларлик хўракка 250 млн сўмлик сиртмоқ. Юзлаб одамлар фирибгарликнинг янгича тузоғига илинди
Электромобиллар савдоси билан шуғулланувчи 4 та автосалон эгалари ўзаро тил бириктирган ҳолда, юзлаб одамларнинг ишончига кириб, 200 доллар эвазига уларнинг номига кредит чиқартирган. 2 ой ичида кредитни узиб беришни ваъда қилган “учар”лар миллиардлаб суммаларни ўзлаштирган. Бу ҳолатда банкларнинг ишсизларга кредит ажратгани таажжубли.
200 долларга алданганлар
Хитойдан турли русумдаги электромобилларни олиб келиш, сотиш ва қувватлаш билан шуғулланувчи “Green-Waatt”, “Ev Sky”, “ZTY Car Energy”, “Quwwatt Motors” МЧЖлар турли банклар орқали юзлаб одамларни чув туширган.
Машҳур кишилар ёрдамида турли жозибали рекламаларга куч бериб, одамлар ишончига кирган. Режага кўра аксарияти хеч қаерда ишламайдиган, тайинли даромади йўқ фуқаролар биргаликда даромад олишга қизиқтирилган. Схема қуйидагича ишлаган:
— фуқаролар билан қимматбаҳо хитой автомобили учун шартнома тузилади;
— банкдан автомобил учун ўша фуқаро номига катта миқдорда, 200-300 миллион сўмлик кредитлар чиқарилади;
— кредитдан чиққан пуллар схема тепасида турган фирма эгалари қўлига ўтади;
— одамлар кредит компания томонидан тўлаб борилишига ишонтирилади;
— 2 ой ичида Хитойдан автомашина олиб келиниб, қайта сотилиши ва тушган маблағ ҳисобига кредит тўлиқ ёпилиши ваъда қилинади.
Буларнинг барчаси эвазига бу алданаётган фуқароларга бор-йўғи 200 доллардан “бонус” берилган. “Осмондан тушаётган” 200 долларни эшитган содда одамлар бирин-кетин таниш-билиш, қариндош-уруғ, қўшниларини етаклаб келаверади. Уларнинг сони эса аниқ эмас.
“Ҳамма вилоятдан алданганлар бор”
“Шу салон эгалари [бу бизнесни] қариндош-уруғчиликдан бошлашган. Мисол учун, 10 нафар одамга пул олиб беринглар дейишса, шундан 3-4 нафарига [автомобилларни] дарҳол олиб келишган. 10-15 кун, 1 ойда келганлари ҳам бўлган. Шунга ҳамма ишониб, озгина пулли бўлиш илинжида муҳтож одамлар борган. Мингга яқин одам жабрланган бўлса, ҳеч пули кўпайиб кетган одам бормаган [автосалончиларнинг] ёнига”, – дейди жабрланган фуқаролардан бири.
“Бир қариндошим орқали эшитганман. “200 доллар эвазига 3 ойда кредитингиз ёпилиб кетади, кредит тарихингиз зўр чиқади, кейинги сафар кредит олаётганингизда [банк] шундоқ ўйланмасдан кредит беради. Ҳозир [кредитингиз] 4 йилга олиняпти, лекин 3 ой ичида ёпилиб кетади, машина 45 иш кунида келади”, – дейишган. Кейин [банкка] борганмиз, шартномалар тайёр бўлган, Хуршид ака деган киши шу ҳужжатларни олиб келган, банк ичига кириб, ходимлари билан гаплашиб ёнимизда ўтирган. Бизга кредитни чиқариб беришган.
Сентябрда олган бўлсак, кредитимизни 3 ой давомида муаммосиз тўлаб келишган, вақтида тўланмасдан, 5-6 кун ўтиб кетиб, пластиклардан пул ечиб олса, уни автосалон эгалари тезда қайтариб берган. 3 ойдан кейин банкдан бизни қўймай телефон қилишди, машинамиз келмаганини, автосалонга мурожаат қилишимизни, гаровга автомобилни қўйиш кераклигини айтишди.
Биз автосалонга айтганимизда, улар машина йўлда эканини, навбатда чегарада турганини айтганида, биз ишонгандик. Кейин шу билан у одамлар йўқолиб қолди, қидириб борсак, қамоқда экан. Кредитимизнинг охирги тўлови эса январ ойида бўлган, бу ойдан кейин кредит тўлови тўланмаган”, – яна бир суҳбатдош.
“Мен буни ўртоғим орқали эшитганман. “[Номингга бир машина олинади], пулини автосалоннинг ўзи тўлаб бераркан, 40 кун ичида машина [Ўзбекистонга] кириб келади, кириб келиши билан автомобилни нотариусдан эгасининг номига ўтказиб берасан, номингдаги пул тўланиб юраверади, қарздорликлар ечилиб кетаверар экан”, деди. “Ишончлими?” деб сўрасам, ишончли эканини айтишди.
Орадан 3-4 кун ўтди, паспортимни расмга олиб жўнатишимни сўради, жўнатдим. Яна вақт ўтгач ҳужжатларим тайёр бўлганини, банкка бориб келишимни айтишди. Йўлда кетаётганимизда дугонамнинг ўхшамай турган ҳужжатлари ҳам ўхшаб қолди, кейин мен унинг иши ўхшагани учун олмаслигимни айтдим. Кейин банкка бордик, Туронбанкда Фарид деган одам кутиб олди. Мен олмаслигимни, дугонамнинг ўзига қилаверишини айтганимда олмасам бўлмаслигини айтиб кўндиришди. Бизга бошида кредит деб айтилмаганди. Ўша куни ҳужжатга қўл қўйиб бўлганимиздан кейин кредит эканини билдик. 265 млн сўм кредит олганмиз”, – дейди шахсини ошкор қилишни истамаган аёл.
Яна бир суҳбатдошимиз хўжайинининг ўртоғи сабаб шу ишга аралашиб қолгани, ЎзМиллийбанкнинг Яккасаройдаги филиалидан 203 млн 775 минг сўм миқдорда автокредит олганини айтади. Мурожаатчилар бунда банк ходимлари билан ҳам тил бириктирилган бўлиши мумкинлигига ишора қилди.
“Автосалонга бормаганмиз. Ҳамма нарса билан бизни бирданига банкка чақиришган. Дилшод деган одам чақирган, тўғри банкка борганмиз. Банк ва автосалон шерикликда ҳамма нарсани ўзлари тайёрлаган, биз кирганмиз, қўл қўйиб чиқиб кетганмиз. Қолган тўловлари-ю, келишувлар автосалон ва банк ўртасида бўлган. Биз ҳеч нарсада қатнашмаганмиз.
[Бу жараёнда] ЎзМиллийбанк, Зироатбанк, Туронбанк, Asia Alliance Bank бор. Ҳозир бу ерда [мурожаат қилиш учун] йиғилганимиз фақат 4 та банкдан, ўзи аслида 8 та банк аралашган. Жабрланувчилар фақат Тошкентнинг ўзидан эмас, қолган вилоятларда ҳам бор”,– дейди у.
Дилшод исмли шахс асли “Ev Sky” МЧЖ раҳбари ҳисобланади. Яккасарой тумани прокуратураси томонидан юритилган тергов иши ҳужжатида Дилшод Ишонқулов шериклари билан 70 га яқин фуқаронинг ишончига кириб, умумий ҳисобда 20 млрд сўмдан кўпроқ миқдорда кредит олгани ва уни талон-тарож қилгани кўрсатилган.
Одамлар алданганларини банклар улардан пул талаб қила бошлаганида сезишган. ЎзМиллийБанк, Аsia Alliance Bank томонидан фуқаролар судга берилган. Айрим ишларда аллақачон суд қарори чиқиб, ундирув фуқароларга қаратилган.
Кредит таъминоти гарови сифатида кредитни қайтара олмаслик жавобгарлиги суғурта қилинган бўлишига қарамай, ундирув суғурта компанияларига эмас, тўғридан тўғри фуқароларга қаратилган.
Kun.uz'га мурожаат қилган фуқароларнинг деярли ҳаммасида воқеалар худди шундай хронология билан якунланган. Фақат боғланган одамлари ва борган банклари фарқ қилиши мумкин.
“Банклар катта “риск” қилган, аммо улар ютқазмайди”
Ҳаммага аёнки, тижорат муассасалари шунчаки кредит ажратмайди. Юқоридаги ҳолатда мижозларнинг аксарияти доимий иш жойи ва даромадига эга бўлмаган, харид қилиниши айтилган автомашина ҳам Ўзбекистонга ҳали олиб келинмаган. Шуни ҳисобга ҳисобга олсак, бу вазиятда ишсиз фуқароларга ҳали импорт қилинмаган маҳсулот учун қарзга пул берилишини тасаввур қилиш қийин.
Шундай экан, нима сабаб банклар бундай катта хавфни бўйнига олиб, катта суммада кредит ажратган, кредит учун гаровга нима қўйилган? Шу саволларга жавоб топиш учун Kun.uz бир қанча банклар билан боғланди.
Таҳририятга тақдим қилинган ҳужжатларга кўра, бунга 4 та: ЎзМиллийбанк, Asia Alliance Bank,, Зироат банк ҳамда Турон банк аралашган. Баъзи ҳолатларда суғурта компаниясининг кафиллиги билан ўзини ўзи банд қилган фуқароларга автокредит ажратилган бўлса, баъзиларига истеъмол кредити берилгани маълум бўлди.
Банкларнинг амалдаги ички сиёсатига кўра, ўзини ўзи банд қилган шахсларга ҳам кредит пакетлари белгиланган, пластик карталаридаги маълумотлари ҳамда суғурта ҳужжати асосида уларга микроқарз берилиши мумкин. Бу қонунга зид эмас. Аммо Kun.uz'нинг банк соҳасида ишловчи манбаларига кўра, банклар учун бу катта риск ҳисобланади, шу сабабли айни вазиятдаги кейслар кам учрайди.
“Бироқ шунда ҳам банк учун бу ўта ёмон ҳолат эмас. Суғурта компанияси кафил бўлиб мижозларнинг кредитини ёпиб бериши мумкин, лекин охирида бу пулни фуқаро қоплаб беради. Нима бўлса ҳам тижорат муассасаси ютқазмайди”, – дейди манба.
“Молиявий инқироз юзага келиши мумкин” – иқтисодчи
Иқтисодчи Валижон Тўрақулов бу вазиятни қонуний жиноят деб атамоқда. Унинг айтишича, бундай турдаги жиноятлар ноқонунийсига қараганда хавфлироқ бўлади.
“Одатда молиявий жиноятларни иккига бўлишимиз мумкин; қонуний ва ноқонуний. Қанчалик ҳайратланарли кўринмасин, кўп ҳолатларда қонуний жиноятлар ноқонунийларига қараганда анча хавфлироқ ҳисобланади. Чунки ноқонуний молиявий жиноятларнинг номи, уларга қўйиладиган жазолар аниқ. Лекин қонуний ҳолатда қилинганлари кўп вақтларда сезилмасдан ўтиб кетади. Чунки ҳар бир иш қонуний ҳолатда бўлган бўлади. Мана бу вазият ҳам кўпроқ 2 ҳолатга мос келади. Яъни тасаввур қилинг, кимдир келиб, автосалон учун кредит олади ва буни банклар рад қила олмайди, чунки фуқаро ўзини ўзи банд қилмоқчи, масалан киракашлик билан шуғулланмоқчи. Демак, ҳамма нарса қонуний.
Рақамлашаётган замон ва маконда, албатта, кимлардир мана шу жараёндан “чиройли” фойдаланишга уринади. Бу ерда фуқароларимиз томонидан қилинган энг катта хатолардан бири бу – молиявий ва ҳуқуқий саводхонликка эга бўлмаслиги. Боиси, бу ҳужжатлар орқали нафақат машина учун кредит олиш, нимага қўл қўйилаётганини билмаган ҳолатдан номингиздан фойдаланиб, бошқа катта нарсаларга ҳам кредит олиб юборилса бўлади. Қонуний бўлгани учун учинчи шахс бу ерда айбсиз бўлиб, жавобгарлик мижозга келиб тушаверади”, – дейди у.
Тўрақулов шундай жиноятлар қилиниши давом этаверса, молия бозорида инқироз юзага келишидан огоҳлантирмоқда.
“Бу ерда жуда ҳам кўп кутилмаган ҳолатлар бўлиши мумкин. Бу нарса худди 2008 йилдаги АҚШда бўлган молиявий инқирозни эслатади. Эсингизда бўлса, худди шундай тўлов қобилиятига эга бўлмаган инсонларга кредит бериш орқали ва уй бозоридаги нархларнинг тушиб кетиши орқали банклардаги активлар йўқолган ва жуда ҳам катта молиявий инқироз пайдо бўлган. Бу ҳолатда ҳам худди шундай бўлиши мумкин.
Яъни агарки маълум сабаб билан машиналар нархи тушишига эришсак, банклар ўзлари кўзлаган мақсад учун ўша машиналарни сотиб юбора олмаслиги эҳтимоли бор. Бу эса банклардаги активларни тушириб юборади. Занжир реакцияси орқали бутун бир молиявий бозорда инқироз юзага келиши мумкин”, – дейди мутахассис.
Фирибгарлар қамоқда, жиноят иши қўзғатилган
ИИВнинг Kun.uz'га маълум қилишича, юқоридаги ҳолат бўйича компанияларга алоқадор 6 киши қамоққа олинган, жиноят иши қўзғатилган.
“Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик қилиш), 167-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзгалар мулкини ўзлаштириш), 228-моддаси 2-қисми “а” банди (хужжатларни такроран қалбакилаштириш), 228-моддаси 3-қисми (ҳужжатларни қалбаки эканини билган ҳолда фойдаланиш) ва 207-моддаси 1-қисми (мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини холисона, ҳар томонлама ва тўлақонли олиб борилиши таъминланади”, – дейилади вазирлик изоҳида.
Қўшимча қилинишича, 200 нафардан кўп фуқаролар жиноят иши юзасидан жабрланувчи сифатида эътироф этилган.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи – Шерзод Эгамбердиев.
Мавзуга оид
19:03 / 16.12.2024
Маҳалла банкирлари фаолияти йўлга қўйилади
15:36 / 12.12.2024
Кредит олиш васвасаси. Аҳолининг қарз юки шиддат билан ошмоқда
08:58 / 12.12.2024
Kun.uz суриштирувидан сўнг: “Halal Auto Leasing” фирибгарлик схемасига нисбатан тергов бошланди
13:10 / 11.12.2024