Сенат қўмитаси мажлисида боғчадаги овқатлантириш тизими муҳокама қилинди. Унда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков бугунгача тан олинмай келинган жиддий мавзуда ахборот берди. 

Мажлис якунида муаммони ҳал қилиш юзасидан тегишли ташкилотларга тавсия, таклифлар юборилиб, бу бўйича Сенат қўмитасининг қарори ҳам қабул қилинган. Аммо бу қарор, тавсиялар хавотирли масалага ечим бўла оладими ёки йўқ, бир нима дейиш қийин. 

Дарҳақиқат боғчалардаги вазият чиндан ҳам ёмон аҳволда экани бор гап. Буни ҳар замонда интернетда тарқаладиган тасвирлар орқали кузатиб қоламиз. 

Шифокор Муаззам Иброҳимова ҳам бу ҳақдаги аччиқ ҳақиқатлар билан бўлишаркан, болаларга едирилаётган сифатсиз овқатларнинг оғир оқибатлари ҳақида гапиради.

“Аксарият боғчаларнинг ошхонасидаги антисанитария ҳолатлари, маҳсулотлардан ўғриликлар, болаларнинг тўғри ва мувозанатли овқатлана олмаётгани, ҳар бир болага индивидуал ёндашувнинг йўқлиги ҳамда таомномалардаги камчиликлар марказлашган умум овқатланиш корхоналарининг афзаллигини кўрсатиб беради. 

Боғчалар ошхоналаридаги антисанитария, овқатланиш зоналарининг ётоқ ҳамда ўйин зоналаридан ажратилмагани инфекциянинг манбаи ҳисобланади. Малакасиз бўлган ошпазларнинг ишлаётгани [муаммонинг сабабларидан]. Уларнинг 700 минг сўм ойлиги бор, бу пулга боғча ошпази ҳеч қачон профессионал ошпаз пиширадиган овқатни тайёрламайди. 

Мен ўзим 51 та МТТнинг ошхонасига кириб чиқдим, 51 тасида 1980-йиллардан бери ишлатилиб келаётган эски ўчоқлар, эски қозон, стол-стуллар бор – ҳамма нарсаси эски. Инфекция ғиж-ғиж, СЭС келади, пулини олиб кетади, ҳаттоки у ошхоналарни таг-туги билан ювиб тозаласангиз ҳам барибир жиҳозларнинг муддати ўтиб бўлган. Талабга жавоб бермайди, замонавий эмас. 

Аксарият касалликлар нотўғри овқатланишдан келиб чиқади, айниқса 7 ёшгача бўлган, иммунитет шаклланмаган вақтни олсак, жуда кўп касалликларга чалинишади. Аввало ошқозон-ичак касалликлари, овқат аллергиялари ва бошқалар. Энг ёмони бошланғич касалликлар, инфекциялар келажакда ундан ҳам оғирларини келтириб чиқаряпти. Буларга онкология, онкогематология, қандли диабетнинг 2-турини айтиш мумкин.