Жаҳон | 22:32 / 09.10.2023
16991
3 дақиқада ўқилади

Миср Исроилни яқинлашаётган «даҳшатли операция» ҳақида огоҳлантирганини даъво қилди 

Миср разведкаси Исроил «огоҳлантиришни» эътиборга олмаганини таъкидламоқда. Исроил расмийлари буни рад қиляпти. 

Фото: AP

Миср Умумий разведка хизмати раҳбари Аббос Комил Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхуни Ғазо секторида кутилаётган «даҳшатли операция» ҳақида огоҳлантирган. Бу ҳақда Исроилнинг «Едиот Аҳронот» газетаси ёзди. Ўз навбатида, Нетаняху маъмурияти буни «ёлғон» деб атади. 

Қайд қилинишича, Миср разведкаси Исроилга ҲАМАС ҳужумидан ўн кун олдин Ғазо сектори атрофида «одатдан ташқари нарса, даҳшатли операция» содир бўлиши ҳақида хабар берган. Бироқ, Нетаняху буни эътиборсиз қолдиргани, Аббос Комил эса бундан ҳайратга тушгани айтилмоқда. 

Газета манбаларига кўра, Исроил бош вазири ЦАХАЛ эътиборни Ғазо секторига эмас, Ўрдун дарёсининг Ғарбий Соҳилида терроризмга қарши курашга қаратганини айтган. 

Нетаняху маъмурияти «Едиот Аҳронот» материалини «ёлғон» деб атади. 

Associated Press хабарига кўра, Миср разведкаси исроилликлар билан «қандайдир катта операция» тайёрланаётгани ҳақида бир неча бор гаплашган, аммо Исроил расмийлари ўз эътиборини Ғарбий Соҳилга қаратган ва «Ғазо таҳдидига» эътибор қаратмаган. 

7 октябр куни эрталаб Ғазо секторини назорат қилувчи ҲАМАС ҳаракати аъзолари Исроилга қўққисдан ҳужум қилди. Улар уч мингга яқин ракета отиб, чегара ҳудудларига бостириб кирган. Шундан сўнг улар исроиллик ҳарбийлар билан жангга киришган ва ўнлаб одамларни гаровга олган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторига йирик ҳужумларни бошлади. Исроил уруш ҳолатида эканини расман эълон қилди. 

Исроил расмийлари 700 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлгани ва 2400 киши яралангани ҳақида хабар берди. Фаластин расмийларининг хабар беришича, жавоб зарбалари оқибатида Ғазо секторида 560 киши ҳалок бўлган, яна 2700 киши яраланган. 

The New York Times газетасининг ёзишича, Исроил разведка хизматларидан ҳеч бири ҲАМАС аъзолари ҳужумга тайёрланаётганини билмаган. The Wall Street Journal газетасининг таъкидлашича, Исроилга ҳужумни режалаштиришда ҲАМАС гуруҳига Эрон хавфсизлик хизмати ёрдам берган. Теҳрон бунга жавобан Фаластинни қўллаб-қувватлашини, бироқ ҲАМАС ҳужумига ёрдам бермаганини таъкидлади.

Мавзуга оид