20:30 / 10.10.2023
8571

«Зарафшон» миллий табиат боғидаги 11 та ноқонуний қурилма буздирилди

Бузилган қурилмаларнинг чиқиндилари олиб чиқилиб, ўрнига манзарали дарахтлар экилган.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

2021–2022-йилларда Самарқанддаги «Зарафшон» миллий табиат боғи ҳудудидаги 39,8 гектар ер майдони 57 нафар жисмоний ва юридик шахсга ижара битими ҳамда шартномага асосан дам олиш маскани қуриш учун ажратиб берилган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, суд қарорларига мувофиқ миллий табиат боғида 11 нафар фуқаро ва юридик шахс томонидан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмалар бузиб ташланган.

«Миллий боғ ҳудудидаги оғир реконструкцияли бинолар, девор ва тўсиқлар босқичма-босқич махсус техникалар ёрдамида бузилмоқда. Қолган ҳолатлар юзасидан Бош прокуратура жиноий иш қўзғатиб, қўшимча тарзда ўрганиш ишлари олиб бормоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, вазирлик, Бош прокуратура ва Зарафшон миллий табиат боғи масъуллари ҳамкорлигида бузилган бинолар ўрни тозаланиб, ўрнига манзарали дарахтлар экилиб, ҳудудда яшил боғлар барпо этилмоқда.

Аввалроқ, Бош прокурор ўринбосари Шерзод Тўхтабоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан «Зарафшон» миллий табиат боғидаги вазият ўрганилган ва бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланганди.

Жумладан, миллий табиат боғи мансабдор шахслари томонидан 2021-2022-йилларда боғ ҳудудидан 39,8 гектар ер майдони 57 нафар жисмоний шахс ва юридик шахсларга ижара битими ва шартномаларга асосан дам олиш маскани қуриш учун ажратиб берилган.

Оқибатда, ижарачилар томонидан 8015 метр квадрат ер участкасидаги буталар ва ўсимлик дунёси нобуд қилиниб, ноқонуний равишда қурилиш ишлари амалга оширилган. Шунингдек, фуқароларга 115,6 гектар ер майдони қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун ноқонуний бериб юборилган.  Аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган эди.

Маълумот учун, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонунда, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ер участкалари фақат хусусий буюртма қўриқхоналар ҳамда табиий питомниклар ташкил этиш учун юридик ва жисмоний шахсларга ижарага берилиши мумкинлиги белгиланган.

Top