22:51 / 14.10.2023
18278

Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» лойиҳаси доирасида кузги дарахт экиш мавсумини бошлаб берди

Президент Тошкент шаҳри, Чилонзор туманидаги «Оқтепа» ва «Боғзор» маҳаллаларига ташрифи чоғида жамоатчилик билан бирга кўчат экди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри, Чилонзор туманидаги «Оқтепа» ва «Боғзор» маҳаллалари аҳолиси билан учрашди. Суҳбатда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёни ҳақида сўз борди.

- Бугун келишимиздан мақсад - ўтган йилги сабоқдан натижа нима бўлганини кўриш, - деди давлат раҳбари. - Бунинг учун керакли қарорлар қабул қилдик, катта маблағлар ажратдик. Хориждан технологиялар, мутахассислар олиб келдик. Соҳа ходимлари қўшимча ўқитилди, уларнинг ойлиги оширилди. Ҳозир раҳбарларга ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўпқаватли уй, мактаб, шифохоналарга кириб, иссиқликни кафолатлаш бўйича яна топшириқлар бердим. Энг муҳими, бу борада халқ назоратини йўлга қўямиз. Шу билан бирга, энергия тежамкорлик маданиятини ошириш керак. Сизга ўхшаган кўпни кўрган инсонлар, зиёлилар бунда намуна, давлатга кўмакчи бўлиши зарур, деб қўшимча қилди президент.

Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев дарахт экиб, «Яшил макон» лойиҳасининг кузги мавсумини бошлаб берди.

Қайд қилинишича, бу мавсумда 85 миллион туп кўчат ўтқазилиши мўлжалланган. Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан ҳар бир маҳаллага 200 тадан кўчат бепул етказиб берилади. Шунингдек, 15 октябрдан барча туман ва маҳаллаларда кўчат ярмаркаси ташкил қилинади.

Top