3 май куни Чилонзор туманида кўп йиллик дарахтнинг қулаши оқибатида бир ёшли қизалоқ вафот этди. Бундай дарахтлар шаҳарнинг бошқа қисмларида ҳам учраяпти. Бироқ қуриган дарахтларни кесиб олиш, касалланаётган дарахтларни дорилаш ишларига негадир ҳеч ким бош қўшмаяпти.
Тошкентдаги дарахтлар касалланяптими?
Тошкент шаҳрида касалланган дарахтлар кўпайишни бошлаганини айтяпти Ботаника боғи дендрологи Атиргул Холмирзаева. Унинг айтишича, шаҳарда олдин учрамаган ҳашаротлар дарахтларга ҳужум қиляпти.
“Шира касаллиги, шаҳар мўйловдори, пўстлоқхўр деган ҳашаротлар дарахтларга зарар етказяпти. Булар олдин шаҳарда йўқ эди. Турли хил ёғочлар билан қўшилиб келиб, секин-секин шаҳар бўйлаб тарқалишни бошлаган”, – деди Холмирзаева Kun.uz билан суҳбатда.
Мутахассис ҳашаротлар дарахтга кириб олгач, унинг шохлари қуришни бошлаши, кейинчалик эса ичи пўкакка айланиб қолишини айтди.
“Пўстлоқхўр дарахт танаси ва пўстлоғи орасига ўрнашиб олади дарахт ичига кириб олгандан кейин чиқмасдан дарахтни еб ташлайди. Натижада дарахт қурий бошлайди. Шаҳар мўйловдори эса теракларда кўп бўлар эди. Ҳозир тераклар камайиб кетгани учун ёғочи юмшоқ чинор, эман дарахтларига кириб оляпти”, – дейди дендролог.
“Пўсти ўйилган дарахт ҳашаротларни кўпроқ жалб қилади”
Атиргул Холмирзаева дарахтларга ҳашарот кириб олишига ёшлар ҳам сабабчи эканини айтиб, улардан дарахтлар пўстлоғини ўймасликни илтимос қилди.
Яъни дарахт пўстлоғи қаттиқ бўлгани учун, унга ҳашарот кириши қийин, лекин уни одамлар ўйиб исмини ёзаётгани пўстлоқхўрларга ёрдам бўлади. Улар энди дарахт пўстлоғидан кирадиган жой топишга ҳаракат қилмай, тайёр очиқ жойдан кириб олаверади.
“Боғга кўпинча ёшлар келади. Катта дарахтлар пўстлоғини ўйиб севгисини изҳор қилади. Севсанг, ўзига айт, пешонангга ёз, хат ёз. Чунки дарахтнинг очилган жойини кўриб шаҳар мўйловдори хурсанд бўлиб кетади. Дарров кириб олади. Илтимос, дарахтларни ўйманг, бу уларнинг касалланишига сабаб бўлади





















