Жаҳон | 15:15 / 30.10.2023
20300
19 дақиқада ўқилади

Эронда 1953 йилги давлат тўнтариши: Ғарбнинг аралашуви қандай оқибатларга олиб келганди?

АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси Эронда 1953 йилда давлат тўнтариши уюштиришда ёрдам берганини тан олган. АҚШ ҳокимият тепасига коммунистлар келишига йўл қўймасликни истаган — бироқ Ислом инқилобига йўл очган. Ғарб аралашуви Эронда қўрқувлар кучайиши ва оятуллоҳлар режими ҳокимиятга келишига сабаб бўлган.

1953 йилда Эрон коммунистлари томонидан чоп этиладиган газеталар билан савдо қилувчи Теҳрондаги киоск. Фото: AP / Scanpix / LETA

Яқин Шарқда можаро авж олиши АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ)нинг тарихий иқрорига тўғри келди: ўз подкастида идора 1953 йил Эронда давлат тўнтариши амалга оширилишида бевосита иштирок этганини илк марта расман тасдиқлаган. Аммо ҳозир бунинг мавриди эмасди — бундай иқрорликлар шундоқ ҳам катта уруш ёқасида турган минтақадаги тарангликни юмшатишга асло ёрдам бермайди. Боз устига, Британия ва Америка махсус хизматларининг Эрон бош вазири Муҳаммад Мусоддиқни ағдаришдаги иштироки азалдан ҳеч кимга сир эмасди.

«Медуза» нашри таҳлилчи Никита Смагиннинг замонавий Эрон тарихини белгилаб берган драматик воқеалар ҳақидаги ҳикоясини эълон қилди.

1953 йил тахтдан туширилган бош вазир Муҳаммад Мусоддиқ — Эроннинг XX асрдаги муҳим сиёсатчиларидан бири. Оятуллоҳ Хумайний каби у ҳам монархия режимини бузган, бироқ Буюк Британия ва АҚШ босимига дош бера олмаган

Американинг Time журнали қарийб бир асрдан буён йил одамини аниқлаб, муқовасига унинг суратини жойлаштириб келади. Журналнинг бутун тарихи давомида фақат икки нафар эронлик бу номга эга чиққан: бош вазир Муҳаммад Мусоддиқ 1951 йилда ва Ислом инқилоби етакчиси оятуллоҳ Рухуллоҳ Хумайний 1979 йилда.

Бу икки сиёсатчи ўртасида ўхшашликлар у қадар кўп эмас. Мусоддиқ Қожорлар династияси давридаги мулозимлар элитасидан чиққан ва ўша вақтдан ўз карераси учун йўл очган. У 1905-1911 йиллардаги конституцион инқилобда иштирок этган, Европада ўқиган, сиёсий саҳнада сўл миллатчиларга мансуб эди. Ўз навбатида, Хумайний шажарага эга шиа имоми бўлиб, 13 йил давомида Ироқда яшаган. Ўзининг давлатчилик фаолиятида у сиёсий исломга риоя қилган.

Бироқ бир вазият уларни жуда яқинлаштиради: уларнинг ҳар иккиси Эрон шоҳи Муҳаммадризо Паҳлавий устидан ғалаба қозонган — 1951 ва 1979 йилларда. Тўғри, Мусоддиққа омад кулиб боқмаган. Ўшанда монархияга Буюк Британия ва АҚШ кўмак бериб берган — улар Мусоддиқни йиқитиб, тахтни ва бутун ҳокимиятни шоҳга қайтарган.

Шу билан Мусоддиқ ва Хумайний ўртасидаги боғлиқлик тугамайди. Замонавий эроншуносликда 1953 йилги воқеалар 1979 йилги инқилобнинг нафақат дебочаси, балки сабабларидан бири сифатида кўрилади.

Мусоддиқ 1950-йилларда — империализмга қарши кураш тўлқинида Эроннинг энг машҳур сиёсатчисига айланади. Курашнинг бош рамзи нефт саноатини миллийлаштириш бўлган

1950-йиллар бошларида Эрон янги сиёсий тизим шаклланиши босқичида бўлган. Иккинчи жаҳон уруши мобайнида мамлакат Британия ва совет қўшинлари томонидан оккупация қилинган эди, улар шоҳ Ризо Паҳлавийни тахтдан воз кечишга мажбурлашади. Шоҳ ўзини монарх деб эълон қилган қаттол авторитар етакчи эди, у мамлакатни Туркия сингари ислоҳ қилиш ниятида бўлган. Собиқ зобит доим ҳарбий формада юрган, бу эса унинг бошқаруви руҳиятига мос эди.

Оккупация кучлари тахтга шоҳнинг ўғли Муҳаммад Ризони ўтқазишади, у ижтимоий-сиёсий ҳаётни либераллаштиришга киришади. Сиёсий маҳбуслар учун амнистия эълон қилинади, аввал яширин фаолиятда бўлган кучлар очиқ фаолият кўрсата бошлайди. Уларнинг орасида Қожорлар даврида мансабдор бўлган, бироқ Ризо Паҳлавий даврида очиқ фаолиятдан чекинган Мусоддиқ ҳам бор эди.

Британия ва совет қўшинлари Эронни 1946 йилда тарк этишди, мамлакатда мустақил парламентар монархия қурилиши бошланди. Тўғри, таъсир ричагларини сақлаб қолиш учун Москва ва Лондон тўлиқ чиқиб кетишга шошилмаётганди. СССР манфаатларини ифодаловчи асосий куч советпараст «Тўда» коммунистик партияси эди. Британияликлар кўпроқ иқтисодий тузилмалар орқали таъсир кўрсатар, уларнинг асосий активларидан бири инглиз-эрон нефт компанияси эди.

Эрон шоҳи Муҳаммадризо Паҳлавий (ўнгдан учинчи) Лондондаги British Pertoleum компаниясининг тадқиқот институтига ташрифи чоғида. 1948 йил 27 июл. Фото: Express / Getty Images

1920-йиллардан буён Британия Эрон ҳудудида қазиб олаётган нефти учун етарли маблағ тўламаётгани масаласи кўндаланг бўлиб келаётганди. Ўшанда узоқ музокаралардан сўнг Эрон томонининг британияликларнинг 1932 йилги концессияни бекор қилишга уриниши ва Миллатлар лигаси (БМТдан аввалги ташкилот) босимлари эвазига томонлар келиша олишди. Нефт соҳаси британияликлар қўлида қолди, гарчи улар Теҳронга тўловни оширган бўлса ҳам, Эроннинг таъсири ва Британия хазинасига тўланадиган солиқлар масаласида вазият у қадар ўзгармай қолаверди. 1948 йилда Буюк Британия Инглиз-эрон нефт компаниясида солиқлар кўринишида Эрондан кўра кўпроқ даромад ола бошлади.

Бу воқеалар фонида Эронда нефт соҳасини миллийлаштириш ҳаракати туғила бошлади, мамлакатнинг катта қисмида норозилик намойишлари, Инглиз-эрон нефт компаниясига тегишли ҳудудларда иш ташлашлар бўлиб ўтди. Ҳаракат қатнашчиларининг қатъияти шунчалик эдики, миллийлаштиришга очиқчасига қарши бўлган бош вазир Ҳожиали Разморо 1951 йилда «Фидойини ислом» радикал гуруҳи томонидан ўлдирилади. Жамоатчиликнинг Буюк Британияга қарши туриши ўша вақтдаги аксилмустамлакачилик курашининг жаҳон трендида эди: Британия империяси барбод бўлишининг энг фаол фазалари айнан 1940-1950-йилларга тўғри келади.

Мусоддиқ халқнинг империализмга қарши оташин интилишини жиловлади ва суверенитет ҳамда миллий қадриятларнинг яққол курашчиси сифатида ўртага чиқди. У бош мақсади нефт саноатини миллийлаштириш бўлган Миллий фронтга етакчилик қилди ва тезда мамлакатнинг энг машҳур сиёсатчисига айланди.

1951 йилда Мусоддиқ бош вазир бўлади ва шоҳдан армия устидан назоратни тортиб олишга уринади. Бироқ АҚШ ва Буюк Британия (ўз манфаатлари ҳимояси ва маҳаллий коммунистларни парчалаш учун) монархга ҳокимиятни қайтариб олиб беради

Бош вазир Разморонинг ўлимидан сўнг унинг ўрнини Эроннинг АҚШдаги собиқ элчиси Ҳуссайн Аъло эгаллайди, у миллийлаштиришга камроқ қарши эди. Бироқ парламент халқ норозиликлари ва Вазирлар маҳкамасининг аввалги раҳбари ўлдирилгани таъсири остида 1951 йил 26 апрелида нефт саноати давлат назоратига ўтказилиши тўғрисида қонун қабул қилади. Аъло ҳукумати истеъфога чиқади, депутатлар Мусоддиқни бош вазир этиб тайинлайди.

Эрон аҳолиси байрам қилади: миллийлаштириш империалистик кучлар устидан ғалаба ва узоқ кутилган суверенитетга эга бўлишдек қабул қилинади. Мусоддиқ атрофида коммунистларнинг «Тўда»сидан тортиб, исломистларгача бўлган сиёсий кучлар бирлашади. Мухолифатда шаҳаншоҳ Муҳаммадризо Паҳлавийнинг якка ўзи қолиб кетади.

Муҳаммад Мусоддиқ Эрон парламенти — Мажлис олдида тарафдорлари қуршовида. 1951 йил 27 сентябр. Фото: AP / Scanpix / LETA

1952 йилда Мусоддиқ монархни унинг бош сиёсий бойлиги — армиядан мосуво этишга уриниб кўради. Бош вазир ўзи учун олти ойлик фавқулодда ваколат талаб қилади — вазирлар маҳкамаси раҳбари билан бир қаторда мудофаа вазири лавозимини ҳам олишга ҳаракат қилди. Шаҳаншоҳ Муҳаммадризо Паҳлавий бунга кескин қарши чиқди ва бош вазирни истеъфога чиқаради. Бунга жавобан Теҳрон кўчаларига минглаб намойишчилар чиқишади, полиция ва армия билан тўқнашув содир бўлдаи. Ҳокимият кучлари намойишчиларга қарата ўқ узади. 30 га яқин одам ҳалок бўлади. Шоҳ ортга чекинади ва бош вазирни ўз лавозимига тиклайди. Мусоддиқ яна ғалаба қозонди. Муваффақиятдан қанотланган бош вазир Буюк Британия билан дипломатик алоқаларни узади ва вазиятни янада кескинлаштиради.

Унинг «ғалабалари» икки қудратли куч — Лондон ва Вашингтонни қаттиқ ташвишлантиради. Буюк Британия кўпроқ ўзининг молиявий манфаатлари учун қайғура бошлайди. АҚШни эса Мусоддиқнинг сўл риторикаси ва коммунистик «Тўда» билан иттифоқи ташвишга солади: Вашингтон Эрон совет блокига ўтиб кетишидан чўчир эди. Эрон кризисини куч билан ҳал қилиш ғояси 1951 йилда пайдо бўлади, 1953 йилда эса давлат тўнтариши Лондон ва Вашингтон томонидан асосий опция сифатида кўрилади. МРБ операцияга «Аякс» номини беради. Британия разведкаси эса чиройлироқ The Boot («Ботинка») номини ўйлаб топади, бу эса инглиз тилида «кетга тепиш» деган маънони ҳам берарди.

1953 йил 1 августида америкалик агент Кермит Рузвелт шоҳ Муҳаммадризо Паҳлавий билан учрашади ва уни давлат тўнтариши режалари билан таништиради. Орадан 10 кун ўтгач, хориж махсус хизматларининг йўриқномаси бўйича шоҳ Теҳронни тарк этиб, шимолдаги Мозандарон вилоятига йўл олиши керак бўлган. Ўша ердан туриб у ноқулай бош вазирнинг истеъфога чиқарилганини эълон қилиши керак эди. Бироқ бош вазир фитнадан хабар топади ва ўйланган режага кўра ўзини ҳибсга олиши керак бўлган шоҳ гвардияси генералини тезкорлик билан ҳибсга олади. Муҳаммадризо ўзининг хавфсизлигидан чўчиб, мамлакатдан қочиб кетади. Эронда миллий фронт тарафдорлари намойишга чиқиб, шоҳ портретларини ёқишади, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса хорижий элчиларга Муҳаммадризо Паҳлавий ортиқ мамлакатда ҳокимиятга эга эмаслиги тўғрисида номалар тарқатади. Афтидан, Мусоддиқ яна ғалаба қозонгандек кўринаётган эди...

Мусоддиқ тарафдорларидан иборат оломон Теҳрон марказида давлат тўнтариши бостирилгани эълон қилинган чоғда. 1953 йил 16 август. Фото: AP / Scanpix / LETA

Бироқ тўнтарувчилар энди-энди ўз режаларини амалга оширишга киришаётганди. МРБ шоҳни қўлловчи имомлар ва савдогарлар билан тезкор алоқа ўрнатади. Бундан ташқари, армия ҳам Муҳаммадризо Паҳлавий томонда эди. 19 август куни Британия ва Америка разведкаси томонидан уюштирилган оммавий тартибсизликлар бошланади. Бир вақтнинг ўзида зирҳли техникага эга армия қисмлари Теҳронга кириб келишади ва тезда шаҳардаги асосий нуқталарни эгаллаб, Миллий фронт тарафдорлари намойишини бостиради. Мусоддиқ ҳибсга олинади, шоҳ Эронга қайтади, тўнтариш чоғида армияни бошқарган Фазлуллоҳ Зоҳидий бош вазир этиб тайинланади. Эронда нефт қазиб олиш ҳуқуқини асосан Британия ва Америка компанияларидан иборат халқаро консорциум қўлга киритади.

Мусоддиқ яксон этилгач, Эрон тезда авторитаризм ботқоғига қайтади. Бироқ дунёвий мухолифат устидан ғалаба қозонган шоҳ ва уни қўлловчи ғарб янада ҳайбатли мухолифат — руҳонийларни пайқамай қолишади

Мусоддиқ ва Миллий фронт Иккинчи жаҳон уруши давридаги совет-британия оккупацияси якунланганидан сўнг ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг либераллашуви ҳосиласи эди. Мамлакатда бирданига жамоатчилик мулоқоти ва намойишларни нафақат ҳокимиятни қўллаб-қувватлаб, унга қарши ҳам ўтказиш мумкин бўлиб қолди. Эрон парламенти 1950-йилларда ҳукумат қарорлари бўйича баҳслашгани, ҳукумат эса шоҳга нисбатан мухолифатда бўлгани фактининг ўзи мамлакат учун мисли кўрилмаган сиёсий плюрализмдан далолат берарди.

Бироқ либераллашув жуда ёрқин ва қисқа муддатли чақин бўлиб чиқди. Давлат тўнтариши мухолифат шиддат билан ва шафқатсиз йўқ қилинишига йўл очди. Миллий фронт етакчиларига нисбатан нисбатан инсоний муносабатда бўлишди: бир неча ўн киши ўлим жазосига ҳукм қилинди, лекин уларни тезда ўртача уч йиллик қамоқ жазосига алмаштиришди. Мусоддиқнинг тақдири ҳам шундай бўлди. Ҳаракатнинг фақат икки аъзоси қатл этилди. Улардан бири — шоҳ оиласи аъзолари устидан кулган газета муҳаррири Каримпур Шерозийни қамоқхонада тириклай ёқиб юборишган.

Ҳокимият «Тўда» партиясини янада кескинроқ жазолаган. Шоҳ АҚШ томонидан таклиф этилган чораларни жон-жон деб қабул қилган: коммунизмни қўпориб ташлашнинг ягона йўли — оммавий қатағонлар. Давлат тўнтаришидан сўнг дастлабки ойлар мобайнида партиянинг 2,5 минг аъзоси ҳибсга олинган, 1954 йилда яна уч минг киши. 31 киши қатл этилган, улардан 11 нафари қамоқхонада қийнаб ўлдирилган. 100 дан ортиқ киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Қатағонлар давлат тўнтаришидан кейинги даврдан сўнг ҳам тугамаган — ўшандан бошлаб у Эрон монархияси сиёсий ландшафтининг ажралмас қисми бўлиб қолган. Мухолифатни, у билан бирга ҳукмрон тизимга қарши ҳар қандай таҳдидни қўпориб ташлаш учун шоҳ 1957 йилда АҚШнинг МРБ, Британиянинг МИ-6 ва Исроилнинг «Моссад» махсус хизматлари билан бирга миллий хавфсизлик бўйича янги — форсча аббревиатура билан САВАК (Созмони иттилооти ва амнияти кишвар — Давлат ахборот ва хавфсизлик хизмати) кўринишига эга ташкилотни тузади. Бу тузилма режим оппенентлари билан шафқатсиз муносабатда бўлар, матбуот, кино ва китобларни цензура қилар, «тизим душманлари»ни сўроққа тутиб, қийнарди.

Миллий фронт ва «Тўда»нинг яксон қилиниши ортидан сиёсий вакуум пайдо бўлди. Давлатга тўлиқ бўйсунмайдиган ягона ташкилот шиа руҳонийлиги бўлиб қолди. Шоҳ уларда жиддий таҳдид кўрмади ва ўтмиш сарқити сифатида муносабатда бўлди. Албатта, шоҳни танқид қилган етакчи имомлар қатағондан қутулиб қолишмаган. Лекин назорат органларининг диққатидан четда қолган асосий нарса — исломий ҳаракатнинг ташкилий ва ташвиқий салоҳияти бўлди. Муқобил мухолифат тўлиқ супуриб ташланган шароитда айнан масжидлар мухолиф бирлашуви марказига айланди. Шундай қилиб шоҳ дунёвий мухолифатни диний мухолифатга алмаштирди ва пировард оқибатда у бир неча карра хавфли бўлиб чиқди.

1970-йиллар бошига келиб, Эрон сиёсий тизими шоҳ бошчилигидаги типик диктатура шаклига келиб бўлган эди. Авторитар оғишнинг олий чўққиси 1975 йилда бир партияли тизим эълон қилиниши бўлди. Демократиянинг декоратив атрибутларидан ҳам воз кечган шоҳ Эрон миллий уйғониш партияси («Растахез»)ни тузди, у парламентнинг қуйи ва юқори палатасидаги барча жойларни эгаллади. Табиийки, бу бир партияли парламент монархни ҳалокатга етаклади, чунки 1978–1979 йилларда инқилобий массаларга қарши шоҳ томонида турадиган бошқа сиёсий куч топилмади. Армия алалоқибат нейтраллигини эълон қилди ва Ислом инқилобига йўл очди.

Теҳрондаги АҚШ элчихонаси олдида фуражкасига оятуллоҳ Хуманий фотосуратини қистириб олган армия зобити. 1979 йил 15 декабр. Фото: Kova Kozimiy / Getty Images

Шоҳ Муҳаммадризо Паҳлавий мамлакатни барқудрат давлатлар аралашувисиз бошқариш мумкин эмас, деб ишонарди. Бу қарашлар Эрон халқида турли қўрқувларни шакллантирди ва бундан оятуллоҳ Хумайний усталик билан фойдаланди

Совет-Британия қўшинлари 1941 йилда отасини тахтдан ағдаришганда Муҳаммадризо 21 ёшда эди. Орадан 10 йил ўтгач у Мусоддиқ туфайли янги ва янада кучли стрессни бошидан кечирди. Шоҳнинг ҳаммаслаги Амир Асадуллоҳ Аълам ўз хотираларида монархнинг 1970-йиллар ўрталарида айтган қуйидаги гапини келтиради:

«Уруш йиллари (иккинчи жаҳон уруши давридаги оккупация) аслида у қадар ёмон бўлмаган, чунки бизда пассив равишда кўнишдан бошқа муқобилнинг ўзи бўлмаган. Бошқарувимнинг, ҳаттоки ҳаётимнинг энг ёмон йиллари Мусоддиқ бош вазир бўлган даврларга тўғри келади. Бу ярамас қон истарди ва мен ҳар куни эрталаб бугун тахтдаги сўнгги кунимдек уйғонардим».

Афтидан, шоҳ бу драматик воқеалар сериясидан сўнг барчасини буюк барқудрат давлатлар ҳал қилади, деган қатъий хулосага келган. Совет ва Британия қўшинлари, пули тўланган митинглар ва тартибсизлик билан АҚШ, хорижий махсус хизматлар — мана, сенинг ҳокимият тепасида қолиш-қолмаслигингни ҳал қилувчилар. Халқ эса юз бераётган ҳодисаларни жимгина кузатишга маҳкум.

Бу хулоса шоҳ ўзининг бутун ҳукмронлиги даврида юритган сиёсатининг гарови бўлди. Асосийси — буюк барқудрат давлатлар билан уришиб қолмаслик. Бу вазифани Муҳаммадризо Паҳлавий ажойиб тарзда уддалади. Эрон доим Американинг чизган чизиғидан чиқмади ва Яқин Шарқда Ғарб таъсирининг яловбардори бўлди. Бироқ 1970-йилларга келиб Теҳрон СССР билан ҳам ишчи муносабатлар ўрнатишга муваффақ бўлди. Совет мутахассислари мамлакатга келиб, ҳаттоки Исфаҳонда металлургия комбинати ҳам қуриб беришди. Бошқача айтганда, шоҳ ўз ҳокимиятини ҳар тарафдан ҳимоя қила бошлади. Камида у шундай қиляпман, деб ишончи комил эди.

Секин-аста Муҳаммадризо халқ ўз ҳолича нафақат бирор хавф туғдирмаслиги, монархияни чин дилдан севишини ҳам билиб олди. Ўз ҳукмронлиги охирларида замондошларининг эслашича, эронликларнинг асосий миллий хусусияти шоҳга бўлган муҳаббат экани, бу уларнинг қонида борлигига у астойдил ишонган. Исломий инқилоб даврида жаҳл отига минган оломон ҳам уни бу фикридан қайтара олмаган. Муҳаммадризо Паҳлавий 1979 йилда ҳам, эмиграцияга чиққан даврида ҳам инқилобни МРБ ва МИ-6 уюштиргани, чунки бу КГБ учун жуда мураккаб бўлганини қайсарлик билан таъкидлайверган.

1953 йилги давлат тўнтариши нафақат шоҳга, оддий эронликларнинг ҳам қўрқувига қўрқув қўшган. Эронда азалдан империалистик кучлар сифатида Россия ва Буюк Британия саналган. Энди уларнинг сирасига АҚШ ҳам суқилиб кирган. Вашингтон эса бу статусини нафақат сўзларда, балки амалда исботлаш учун ҳам кўп ишлар қилган. Мусоддиқнинг курсидан ағдарилиши Америка сиёсатчиларида хорижий давлатлардаги ҳукуматларни осонгина ағдариш мумкинлиги борасида ишонч шакллантирган. МРБ Эронникига жуда ўхшаш давлат тўнтаришларини Гватемала (1954 йил), Индонезия (1965 йил) ва Чили (1973 йил)да амалга оширган. Буларнинг барчаси АҚШ барча жойда инқилоб амалга оширишни режалаштириб юради, деган қарашлар нафақат эронликлар, бошқаларда ҳам шаклланишига сабаб бўлган.

Ўшандан буён ва ҳозирги кунгача Эрон сиёсий маданиятида мафкура ва иштиёқдан қатъи назар, параноик кайфият ҳукмрон. 1970-йилларнинг сўнгига келиб ҳар бир эронлик ҳақиқий ҳокимият «сирли қўллар»да, барча маҳаллий сиёсатчилар хориждан бошқарилувчи «қўғирчоқлар» эканига ишончи комил эди.

Ислом инқилобий чоғида америкалик дипломатларни ушлаб олган эронлик талабалар. Транспарантдаги ёзув: «МРБ, Пентагон, Сэм тоға! Виетнам сизни жароҳатлади. Эрон сизни кўмади». Теҳрон. 1979 йил 22 декабр. Фото: Kova Kozimiy / Getty Images

Бунинг замирида Эрон миллатининг барча қўрқувларини ажойиб тарзда жамлай олган оятуллоҳ Рухуллоҳ Хумайнийнинг истеъдоди гуллаб-яшнади. Буюк Британия, АҚШ ва СССРнинг империализми олдидаги халқ қўрқувини у агрессив антисемитизм билан бойитди. Лўнда ва инқилобларга хос муросасиз шиорлар пайдо бўлди: «Америкага ўлим!», «Англияга ўлим!», «Исроилга ўлим!», «Совет Иттифоқига ўлим!» Бу ислом республикасининг бошланғич босқичида асосий ташқи сиёсий доктринага айланди ва уни халқ оммаси ҳам жон-жон деб қўллади. 

Мавзуга оид