Ўзбекистон | 16:25 / 04.11.2023
28597
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ёш споттерлар қўлга олинди, Uzbekistan Airports муносабат билдирди

Болалар Тошкент халқаро аэропорти панжараси ортида туриб самолётларни суратга олган. Аммо шунга қарамай, ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари уларнинг техника ресурсларини олиб қўйиб, 6 нафар болани алоҳида автомашиналарда олиб кетган. Uzbekistan Airports ёш ҳаваскорларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

4 ноябр куни тармоқларда Тошкент халқаро аэропортида самолётларни суратга олаётган 6 нафар бола ИИО ходимлари томонидан ушлангани акс этган сурат ва видеолар тарқалди. Жараёнда ёш споттерларнинг техника жиҳозлари олиб қўйилгани, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қўпол муносабатларига учраб, алоҳида автомобилларда олиб кетилгани хабар қилинди. 

Болалардан бирининг Gazeta.uz'га маълум қилишича, улар споттинг бўйича расмий тадбирда қатнашаётган бўлган, аммо шунга қарамай, ИИО ходимлари уларни “Қумариқ” МФЙ биносига олиб бориб, барча суратга олиш жиҳозларини олиб қўйишган. Болаларга бақириб, таҳдид қилиб, ҳақоратомуз сўзларни ишлатган. 

Ҳолат юзасидан “Uzbekistan Airports” муносабат билдирди. Унга кўра, воқеа ҳақиқатан Сергели туманидаги Қумариқ маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Болалар ҳаво бандаргоҳи чегараларини бузмаган ҳолда Тошкент халқаро аэропорти панжараси ортида туриб самолётларни суратга олган.

Ўз навбатида, Uzbekistan Airports Ўзбекистондаги споттинг ҳаракатини қўллаб-қувватлайди ва ёш авлоднинг ушбу ҳобби билан шуғулланишига тўсқинлик қилмайди. Йил бошидан буён Тошкент аэропорти ҳудудида 30 га яқин режали ва режадан ташқари споттинг-турлар ташкил этилди. Шунингдек, жорий йилнинг 14 октябр куни бўлиб ўтган режали кузги споттингда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 12 нафар болалар қатнашганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим”, – дейилади расмий хабарда. 

Компаниянинг эслатишича, 2022 йил 26 январда Вазирлар Маҳкамасининг “Авиаспоттингни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан, Ўзбекистонда споттинг ҳаракати расман қонунийлаштирилган.

Мавзуга оид