07:43 / 20.11.2023
21061

Тошкентда ўқувчини тартибга чақирган мактаб директори уни тепиб, ҳақорат қилди

Пойтахтдаги 217-мактабда икки синфдош жанжал оқибатида муштлашган. Директор болаларнинг бирига танбеҳ бераркан, уни тепиб, ҳақорат қилган ва юзига тарсаки туширган. Ҳолатни ҳуқуқ-тартибот идоралари ўрганяпти.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 217-мактаб директорининг ўқувчини калтаклагани акс этган видеохабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ММТБ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, видеода тасвирга олинган воқеа 2023 йил 19 сентябр куни рўй берган. Шу куни 217-мактаб 8-«Б» синф ўқувчилари А.М. ҳамда Ш.И. синфхонада ўзаро муштлашиб қолган. А.М. синфдошининг юзига мушт тушириб, тан жароҳати етказган. Бундан хабар топган мактаб маъмурияти ўқувчиларни директор хонасига чақирган. 

Мактаб директори Я.Ш. маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Г.Х.,  Чилонзор туман ИИО ФМБ ҲПБ ВEМБ инспектор психологи, катта лейтенант М.И. гувоҳлигида ўқувчилар билан тушунтириш ишлари олиб борган. А.М.га танбеҳ бериш чоғида мактаб директори жаҳл устида уни сўкиб, калтаклаган ва тартибга чақирган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан туман ҳокими ўринбосари, мактаб маъмурияти, ўқитувчилар, ИИБ ходимлари ва ота-оналар иштирокида ҳам йиғилиш ўтказилган.

Айни пайтда юқоридаги ҳолат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганилмоқда.

“Ҳурматли педагоглар! Ўқувчиларга нисбатан зўравонлик ишлатиш, жумладан, уларни ҳақоратлаш, калтаклаш педагог этикасига тўғри келмаслигини, бунинг учун қонунчилигимизда жазо чоралари белгилаб қўйилганлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз. Юқоридаги каби хунук ҳолат педагог обрўсига путур етказади, холос”, дейилади Тошкент шаҳар ММТБ баёнотида.

Top