17:27 / 01.12.2023
27140

Марказий банкка шубҳали ҳолатларда карталарни вақтинча блоклаш ваколати берилди

Онлайн фирибгарликларга ўз вақтида чек қўйиш мақсадида Марказий банкка шубҳали операциялар вақтида банк карталари ва ҳисобварақларни блоклаш тўғрисида мажбурий кўрсатма бериш ваколати берилди. Шунингдек, МБ антифрод тизимларини ҳаётга татбиқ этиш, кетма-кет уч ёки ундан ортиқ ўтказмалар назоратини автоматлаштириш механизмларини жорий этади.

Фото: Зафар Халилов

“Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, ўғирлик, фирибгарлик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга ўз вақтида чек қўйиш мақсадида Марказий банк тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операциялар содир этилган тақдирда, банк карталари, банк ҳисобварақлари ва мобил иловалардаги ҳисобварақлардан фойдаланишни уч кунгача муддатга вақтинча чеклаш тўғрисида мажбурий кўрсатмалар бериш ваколатини олди.

Марказий банк манфаатдор идоралар билан бирга 1 ой муддатда қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширади:

  • тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан фуқароларга онлайн хизматлар кўрсатишда техник ҳимоя усулларини такомиллаштириш, антифрод тизимларини жорий этиш, кетма-кет уч ёки ундан ортиқ ўтказмалар назоратини автоматлаштириш, банк карталаридан фойдаланишни ҳамда жисмоний шахслар ўртасида катта миқдордаги пул ўтказмаларини қўшимча биометрик ва бошқа ҳимоя чораларини қўллаган ҳолда назорат қилиш механизмларини жорий этиш;
  • замонавий таҳдидлар, банк карталари (карта реквизитлари) билан, шу жумладан электрон тўлов тизимлари орқали ноқонуний операцияларнинг олдини олиш учун аҳолининг рақамли молиявий саводхонлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

Шунингдек, маблағларни олувчи томонидан қимор ўйинлари ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти ҳамда капитал ҳаракати операциялари амалга оширилаётгани тўғрисидаги тўлов тизимининг операция коди ёки бошқа идентификаторлар белгиланмагани ҳақида маълумотлар мавжуд бўлганда, тижорат банкларининг банк картаси ёрдамида Ўзбекистондан ташқарида жойлашган маблағ қабул қилувчига трансчегаравий ўтказиш тақиқланади.

Top