13:45 / 03.12.2023
23838

“Бу санани тўй қилиб юборишди” – Халқаро ногиронлар кунида ногиронлик муаммолари ҳақида

3 декабр – халқаро ногиронлиги бор шахслар куни. Бу кунда уларнинг муаммолари ҳақида яна бир бор гапирилади ва ечим топишга ҳаракат қилинади. Бу кун байрам эмас, балки ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳақида жамиятимизни кўпроқ хабардор қилиш ва улар дуч келаётган тўсиқларни биргаликда енгиш учун белгиланган сана.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига кўра, дунё аҳолисининг 16 фоизини (1,3 млрд одам) ногиронлиги бор шахслар ташкил қилади. Бу дегани ҳар 6 кишидан бири ногиронлиги бор шахс ҳисобланади.

Жаҳон банки тадқиқотига кўра, Ўзбекистонда 3 ва ундан юқори ёшдаги жами аҳолининг 13,5 фоизи ногиронликнинг маълум бир шаклига, 3,5 фоизи эса ногиронликнинг оғир шаклига эга.

Мамлакатда ногиронликнинг тарқалиши ёш билан чамбарчас боғлиқ: 60 ва ундан юқори ёшдагиларнинг 54 фоизи ногиронликнинг маълум бир шаклига эга.

Расман эса бу рақам камроқ. 2022 йилда 845,3 минг киши ёки умумий аҳолининг 2,3 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар деб тан олинган.

Ўзбекистонда ногиронлик ва инклюзив ривожланиш масалалари тадқиқотчиси Дилмурод Юсуповнинг тушунтиришича, расмий маълумотнинг бунчалик пастлиги унинг маъмурий статистика экани, яъни фақат расмий рўйхатдан ўтган ногиронлиги бор шахслардан иборатлиги билан боғлиқ. Рўйхатдан ўтиш учун керакли ҳужжатларни тақдим эта олмаганлар расмий статистикага кирмаган. Ёки ота-оналар жамиятдаги гап-сўзлардан қочиб ногиронлиги бор фарзандларини рўйхатдан ўтказмасликлари ҳам кўп учрайди. 

Kun.uz бу йилги 3 декабрда Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахсларга оид қандай муаммолар долзарб бўлиб тургани ҳақида тадқиқотчи Дилмурод Юсупов билан суҳбатлашди.

“Қабул қилинаётган қарорлар амалда етарлича ишламаяпти”

2021 йил Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясини ратификация қилди. Охирги йиллар ногиронлиги бўлган шахсларга эътибор кучайди ва фуқаролик жамияти, айниқса, ногиронлар жамоат бирлашмалари фаоллашганлигини кўряпмиз. Аммо бу фаоллик кўпроқ шаҳар марказларида, чекка ҳудудларга етиб бормаяпти. Қабул қилинаётган президент қарорларини қуйи поғоналарда самарали амалга ошириш муаммоси долзарблигича қолмоқда. Бу соҳада кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиняпти, лекин уларни амалда қўллаш механизмлари яхши ишламаётгандек.

Муаммонинг иккинчи тарафи ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий саводхонлиги сустлигида ва улар адолатга эришишда кўплаб тўсиқларга учраб келяпти. Афсуски, суд-ҳуқуқ тизимида ногиронлиги борлар учун ҳали етарлича шарт-шароитлар яратилмаган. Ногиронлик масалалари жамиятимизда ҳануз тиббий ёки хайрия масаласи сифатида кўрилади. Лекин бу, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқлари муаммоси. Мисол учун "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги қонунда ногиронлик белгиси бўйича камситмаслик тамойили киритилган. Энди савол: Ўзбекистонда 2023 йилда нечта шундай камситиш ҳолатлари судда кўриб чиқилган? Бу саволга жавоб ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари қандай таъминланаётганлиги ҳақида яхши бир кўрсаткич бўлади деб ҳисоблайман.

Ҳозир ногиронлиги бўлган шахсларни қийнаб келаётган муаммолар бу уй-жой билан таъминлаш, сифатли таълим, муносиб иш ўринлари ва ижтимоий ҳимоя масалалари деб биламан. Асосий муаммолар – шу соҳаларда.

Ногиронлиги бор шахсларни молиявий қўллаб-қувватлаш етарличами?

2023 йил учун тасдиқланган давлат бюджетида ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш учун харажатлар 12,4 млрд сўмни ташкил қилган. Кинематография агентлигига эса 10 баробар кўпроқ, 125,8 млрд сўм ажратилган. Афсуски бу солиштиришдан кўриниб турибдики, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган маблағлар етарлича эмас.

Агар бюджетдан етарлича маблағ тушмаётган бўлса, 2018 йил ташкил қилинган Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали қўшимча маблағларни шакллантириш керак, деб ҳисоблайман.

Бу жамғармага ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун белгиланган тартибда солинадиган жарималар ва уларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини яратишга доир маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини бажарилмаганлиги учун белгиланган тартибда солинадиган жарималар йўналтирилиши керак эди. Афсуски, бу жамғарма ҳақида умуман ҳеч қандай маълумот йўқ. Маъмурий ислоҳотлардан сўнг бу жамғарма қайси давлат идораси қошида қолгани ҳам аниқ эмас.

Агар жамғарма фаолияти тўғри ташкил этилса, унга йўналтирилган маблағлар миқдори амалда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари қанчалик ҳимоя қилинаётганлиги ҳақида яхши кўрсаткич бўла олади.

Нега масъул лавозимларда ногиронлиги бор шахсларни кўрмаймиз?

Ногиронлиги бор шахслар ОТМга алоҳида 2 фоизли имтиёзли квота доирасида қабул қилинади. Бироқ иш топишга келганда етарлича муаммоларга дуч келишади.

"Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги қонуннинг 43 моддасида “маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ходимларининг сони йигирма нафардан ортиқ бўлган ташкилотларда ходимлар умумий сонининг камида уч фоизи миқдорида ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сони белгиланади”, деб қайд этилган. Бу талаб давлат идораларига ҳам тегишли.

Аммо амалда 3 фоиз квота асосида бериладиган вакансиялар жуда ҳам паст табақали ишларни ташкил қилади. Мисол учун, ташкилотлар фаррош вакансияларини беришади. Лекин ОТМни битириб чиққан ногиронлиги бўлган ёш 1 миллион сўмлик фаррош ишини қилмайди-ку. Афсуски, давлат идораларида мана шундай стереотипик қарашлар кўп учраяпти. Яъни ногиронлиги бўлган шахслар қўлидан фақат паст табақали ишлар келади, бошқа ишларга улар ярамайди деган нотўғри тушунча.

Мисол, бир давлат банки билан музокара олиб борганимизда “Ногиронлиги бўлган шахс қандай қилиб мижозларни қабул қилади, ахир у ногирон-ку”, деган қарашни очиқчасига айтишган. Чет элда бундай банк мутасаддиларини ногиронлик белгиси бўйича камситишда айблаб, аллақачон ишдан бўшатиб юборишган бўлар эди. Аммо бизда шахсни жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб унинг меҳнат ёки бошқа қобилиятлари ҳақида хулоса чиқариш – кўп учрайдиган ҳолат.

Муаммо ногиронлик ҳолатида ҳам эмас, жамиятимизда шаклланган салбий стереотиплар ва камситишларда.

Муаммонинг бошқа тарафи, бу давлат ОТМларида ногиронлиги бўлган ёшларга берилаётган таълим сифати билан боғлиқ. Айрим ҳолатларда ногиронлиги бўлган талабалардан унча катта нарса кутишмайди ва уларга имтиёзли равишда баҳоларни қўйиб бериш ҳолатлари ҳам учраяпти. Агар улардан кутув кам бўлса, улар қандай мутахассис бўлиб етишиб чиқишади? ОТМларда уларга керакли шароитларни яратиб бериш ва ногиронлиги бўлмаган талабалар каби бир хил талаб қўйилиши керак. Ногиронлик ҳолати учун баҳо қўйиб бериш эса хато.

Аслида, 3 декабр қандай нишонланиши керак?

3 декабрни тўй қилиб ташлашди. Афсуски, аксарият мутасаддиларимиз бу кун моҳиятини тубдан тушуниб етишмади. Бу кун байрам эмас, балки ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳақида жамиятимизни кўпроқ хабардор қилиш ва улар дуч келаётган тўсиқларни биргаликда енгиш учун белгиланган сана. Бу ишларни биз йилнинг фақат бир куни эмас, ҳар куни қилишимиз ва ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасини инклюзив қилишга ҳаракат қилишимиз керак.

Совға-саломлар ва бир кунлик эътибор узоққа чўзилмайди, чунки байрам тугайди ва тўсиқлар муаммолигича қолаверади.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Top