Кўзи ожизлар жамиятига тегишли “Санъат гулшани” маданият саройи бузилиш арафасида. Чилонзор туманидаги 30 сотихлик майдоннинг 22 сотихида кўп қаватли турар жой мажмуаси, қолган қисмида эса кўзи ожизлар учун бино қурилиши айтиляпти. Жамиятнинг қатор аъзолари бу қурилишдан норози, улар ернинг катта қисми уй қуриш учун бериб юборилаётганига қарши чиқмоқда.

Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамиятининг “Санъат гулшани” маданият саройи Тошкентнинг Чилонзор тумани Чўпонота кўчасининг 28А-уй манзилида жойлашган. 30 сотихдан кўпроқ майдонга эга (3056 квадрат метр) бу саройнинг умумфойдаланилаётган ва бино-иншоотлари жойлашган ҳудуди 26 сотих (2674 квадрат метр)ни ташкил этади.

2024 йил мартидан бошлаб бу маданият саройи бузилиб, инвестиция орқали қайта қурилишига келишилмоқда. Эвазига ернинг салкам 80 фоиз қисми кўп қаватли турар жой қурилиши учун тадбиркорга берилади. Жамият марказий бошқарувининг бу қароридан норози бўлган бир гуруҳ аъзолар Kun.uz'га ўзлари тайёрлаган видеомурожаатни тақдим этишди.

Ерлари “таланган”, абгор ҳолатдаги маданият саройи

Мурожаатда айтилишича, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти 1932 йилдан бери ишлаб келади, айнан мустақиллик даврларидан бошлаб жамиятга тегишли кўплаб ерлар, бино-иншоотлари жамият раҳбарлари томонидан сотиб юборилган, бунинг оқибатида ўн минглаб кўзи ожизлар ишсиз қолган. Бунинг яққол намунаси сифатида “Санъат гулшани” маданият саройи билан боғлиқ вазият келтирилмоқда.

Мурожаат қилган фуқароларга кўра, ҳозирги маданият саройи кўзи ожизларга мослашмаган, у ерда айни шу тоифадаги инсонлар учун шароитлар йўқ. Бинодаги айрим хоналар бир қанча тўгараклар учун ижарага берилган, лекин уларнинг ҳеч қайси бирида кўзи ожизлар иштирок этмайди.

Видео давомида маданият саройининг кўнгилочар павилиони бўлган ҳовлиси кулолчилик цехи учун ижарага берилгани, лекин у ерда ҳам бирор кўзи ожиз инсон иш билан таъминланмагани кўрсатилган.

2021 йилда тақдири ҳал бўлган ҳудуд

Кўзи ожизлар жамияти фаоли Улуғбек Маматхоновнинг айтишича, “Санъат гулшани” маданият саройини бузиб, унинг бир қисмига уй-жой, бир қисмига кўзи ожизлар марказини қуриш бўйича музокаралар 2020 йилдан бошланган.

30 сотихдан ортиқ ернинг 22 сотихига кўп қаватли турар жой, атиги 8 сотихига кўзи ожизлар учун марказ қуриб берилиши, бу ҳақдаги қарор ёпиқ эшиклар ортида ҳал бўлгани, жамият аъзолари бундан бехабар қолгани айтилади.