18:15 / 06.12.2023
8191

«Тупроқ шўрланиши сабаб Ўзбекистон йилига 4 триллион сўм зарар кўрмоқда» — Ойбек Соатов

Ўзбекистонда суғориладиган ерларнинг ярмидан кўпи турли даражада шўрланган. Вақтида олди олинмаса, кучли шўрланган ерларда ҳосилдорлик 70-80 фоизгача қисқариб кетиши мумкин. Kun.uz бу муаммо атрофидаги саволларга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Ойбек Соатовдан жавоб олди.

— Тадқиқотларга кўра, республикадаги суғориладиган ерларнинг қарийб 53 фоизи турли даражада шўрланган. Икки йил олдин бу кўрсаткич 45 фоизни ташкил қилган. Шўрланишнинг бу суратда давом этиши яқин йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти ва қишлоқ хўжалиги учун қанчалик хавф туғдиради?

— 5 декабр БМТ томонидан Бутунжаҳон тупроқ куни деб эълон қилинган. Сув хўжалиги вазирлиги томонидан 4,3 млн гектар ерда мелиорация тадбирлари амалга оширилади. Вазирликнинг 2020-2030 йилларга бағишланган сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси бор. Шу концепцияда шўрланган ерлар 44,7 фоиз деб кўрсатилган. Айни пайтда, Олий Мажлис Сенатида “Тупроқларни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тасдиқланди. Айнан суғориладиган ерларга нисбатан шўрланиш даражаси 53 фоизни ташкил этади. Аммо тадқиқотларга кўра, бизда қилинаётган тадбирлар натижасида шўрланиш даражаси камайяпти.

Шўрланиш қишлоқ хўжалиги орқали иқтисодиётга сезирларли таъсир кўрсатади. Шўр ювиш тадбирларини амалга оширмасак, кучсиз шўрланган ерда 15 фоиз, ўрта шўрланган ерларда 30 фоиз, кучли шўрланган ерларда 70-80 фоизгача ҳосил йўқотамиз. Шунинг учун тупроқдан фойдаланишда қиш ва баҳор мавсумида шўр ювиш тадбирлари муҳим ҳисобланади.

Шўр ювиш жараёнлари ҳам маълум иқтисодий зарарлар олиб келиши мумкин. Чунки шўр ювиш тадбирлари учун 5,5 млн куб сув сарф қиламиз. Бунча сувни олиб келиш, сақлаш каби ҳолатлар бор. Кучли шўрланган ерларни ҳам бирдан соғлом ерга айлантириб бўлмайди, кучсиз шўрланган даражага туширилади ва барибир маълум миқдорда ҳосил йўқотилади. Бу нарсаларни шўрланиш бўйича иш олиб бораётган олимларимиз ҳам текшириб кўришган.

Айтганимдек, бизда шўрланиш камайиш жараёнида. Чунки охирги йилларда ернинг ҳолатини яхшилашга қаратилган тадбирлар кўпайди, бюджетдан кўпроқ маблағлар ажратиляпти. 24 ноябр куни тупроқларни муҳофаза қилиш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича қонун ҳам тасдиқланди.

Ойбек Соатов, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи / Фото: Kun.uz

— Шўрланишни юзага келтираётган асосий омиллар нима?

— Шўрланиш 2 турга бўлинади: бирламчи шўрланиш ва инсон омили орқали шўрланиш. Бирламчи шўрланишда иссиқ туфайли ердаги намлик кўтарилиб, шўрлик юзага чиқиб қолиши назарда тутилади. Инсон омили орқали шўрланишда эса нотўғри суғориш, агротехник тадбирларни, ер ўзлаштиришни нотўғри амалга ошириш каби омиллар асосида пайдо бўлади.

Шўрланишнинг асосий нуқтаси Оролбўйи ҳудудлари ҳисобланади. Агар шўрланишнинг олди олинмаса, ерлар экиб бўлмайдиган ҳолатга келади.

— Экин ерларида шўр ювиш учун кўп миқдорда сув ишлатилади. Минтақада сув муаммоси юзага келаётган бугунги даврда шўрланишга қарши курашишнинг муқобил вариантлари борми? Сувнинг камайиши шўрланиш даражаси кескин ортиб кетиш хавфини юзага келтирмайдими?

— Агар шўрни ювмасак, шўрланиш ортиб кетади. Айни вақтда қишлоқ хўжалигига умумий 40 млн куб сув талаб қилинади, шундан 5,5 млн куби шўр ювиш учун. Яқин йилларда бу бўйича сув танқислиги бўлмайди, менимча. Лекин бу тадбирларни ўз вақтида бажаришимиз керак. Агар ростдан сув танқис бўлиб, шўр ювишга имкон бўлмаса, бундай ерларда экин экишга ҳожат бўлмайди, чунки айтганимдек, 70-80 фоиз ҳосил йўқотилади.

Шўр ювиш жараёни жанубий ҳудудларимизда декабр ва январ ойларида бўлади, шимолий ҳудудларимизда эса январ ойидан март ойигача амалга оширилади. Шўр ювиш учун ерларда катта “пол”лар ҳосил қилинади ва сувга тўлдирилади. Сув эса ер юзасидаги шўрни ўзи билан пастга тушириб кетади. Кучли шўрланган жойларда бу жараён 4-5 марта қайтарилади. Шўр ювилгач, ортиқча сувлар зовурлар орқали чиқиб кетади.

— Шўрланиш ортидан ишдан чиққан экин майдонлардан самарали фойдаланиш, хусусан, шўрҳок ерларга мослашган экинлар етиштириш борасида илмий изланишлар олиб борилганми?

— Бизнинг ҳудудда шўрланиш миқдори кўп бўлгани учун биздаги илмий тадқиқотлар шўрга ва қурғоқчиликка чидамли экинлар борасида олиб борилади. Масалан, Пахта уруғчилиги ва агротехнологиялари илмий тадқиқот институти томонидан ҳам пахтанинг бир қанча иссиқсевар, чидамли турлари яратилган. Тупроқшунослик институтининг тадқиқотларида айрим галофедлар бор, улар ҳам ўсимликлар. Улар айнан шўр жойда ўсади ва ўша ернинг тузини камайтиради.

Бундан ташқари, ЎзФАнинг биосольвен композицияси бор, агар бу амалиёт қўлланилса, сув сарфи ҳам камаяди, шўрлик ҳам пасаяди. Бунақа тадқиқотлар жуда кўп амалга оширилган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шу тадқиқотларнинг энг яхшиларини каттароқ майдонларда синовдан ўтказишни режалаштиряпти. Жами 400 гектар майдонда ўсимликларни, препаратларни, усулларни қўллаб кўриш бўйича дастурлар белгилаб олганмиз.

— Ўзбекистон экин майдонларининг шўрланиши ортидан нималар йўқотмоқда?

— Тахминий ҳисоб-китоблар қилинган. Пахта мисолида олсак, ҳар йили 1 млн гектарга пахта экилади, унинг 40 фоизи шўрланган ерларга тўғри келади. Юқорида айтганимдек, юқори ва ўрта даражада шўрланган ерлар шўр ювишдан кейин ҳам кам шўрланган даражага тушишини ҳисобга олсак, маълум миқдорда ҳосилни йўқотамиз. Тахминий ҳисобларга кўра, яъни шўр ювишни ҳам хисобга олсак, пахтанинг ўзидан 800 млрд сўмлик зарар бўлади. Ғаллачиликда йилига 1,26 млн гектар ерга ғалла экилади. Бунда ҳам 200-300 минг гектар майдон кучли шўрланган ерлар бўлади, ювилгандан кейин 15 фоиз ҳосил йўқотилади ва 500 млрд сўмлик зарар бўлади.

Маълумотларга кўра, мамлакат ҳар йили барча экин турлари бўйича қишлоқ хўжалиги соҳасида 4 триллион сўмдан кўпроқ зарар кўрмоқда.

  • Интервюнинг тўлиқ юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Бахтиёр Тўхтаев суҳбатлашди.
Тасвирчи – Абдуқодир Тўлқинов.
Монтаж устаси – Низомжон Тошпўлатов.

Top