Ўзбекистон | 12:39 / 12.05.2024
16304
6 дақиқада ўқилади

Бозор иқтисодиётига зид: Фермерларга ходимлар сони бўйича талаб қўйилиши мумкин

Фермерларга муайян миқдордаги ходимларни расмий тарзда ишлатиш мажбурий қилиниши мумкин. Агробизнес ассоциациясига кўра, бундай талаб кучга кирган тақдирда фермерларга солиқ юки ошади, иш жараёнини механизациялашга рағбат йўқолади.

15 май куни “Қишлоқ хўжалиги соҳасида аҳоли бандлигини таъминлашни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси якунланади.

Лойиҳада фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарида ходимлар сонининг энг кам меъёрларини белгилаш кўзда тутилган. Бундан мақсад – бандлиги расмийлаштирилмаган ходимларни яширин иқтисодиётдан расмий секторга олиб ўтиш.

Энг кам меъёрлар – деҳқончилик ва балиқчиликда 1 гектар ҳисобига, чорвачиликда эса ҳайвонларнинг бош сонига нисбатан белгиланади. Масалан, 50 гектар майдонда пахта етиштирувчи фермер март-сентябр ойларида ҳар бир гектарга 0,33 нафардан, жами 50 гектарга камида 16-17 нафар ходимни расман иш билан таъминлаши керак.

Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов Kun.uz'га бу лойиҳа борадасиги ўзининг танқидий фикрларини билдирди. Қуйида унинг сўзлари келтириб ўтилади.

— Бу лойиҳа қабул қилинса, ҳар бир фермер йилига қўшимча гектарига 500 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача солиқ тўлашига тўғри келади. Лойиҳа бўйича фермер қўшимча ишчи олса ҳам, олмаса ҳам, норматив бўйича ҳисобланган ишчилар сони учун солиқ тўлаши керак бўлади.

Ривожланган дунё қишлоқ хўжалигини сунъий интеллект билан роботлаштираётган ва шу йўл билан маҳсулот таннархини пасайтириб, рақобатбардош қилаётган бир пайтда, бизда ишчиларни кўпайтиришимиз учун комбайнлардан кечиб, керак бўлса буғдойни ҳам қўлда ўришимизни таклиф қилишаётгандай тасаввур ҳосил бўляпти.

Фермерларга қўшимча сунъий ишчи олдириш амалиёти аслида ҳозир ҳам бор, айрим ҳудудларда фермерларни ёки уларнинг бухгалтерларини турли идораларга чақириб, солиқ ҳисоботини қайтадан топширтириш учун босимлар қилинмоқда. Лекин бу ноқонуний эканини Солиқ қўмитаси 2021 йилдаёқ билдирган, Kun.uz'да ҳам чиққан эди бу хабар. Энди шуни легаллаштириб қўйиш ҳаракати бўляпти.

Бу лойиҳа қабул қилинса, фермерчилик институтига жиддий зарар етиши мумкин:

Биринчидан, бу соҳада фаолият юритаётган фермерларнинг ишбилармонлик кайфияти кескин тушиб кетади. Фермерлар эса республикада умумий рўйхатга олинган тадбиркорларнинг тўртдан бирини ташкил қилади. 418 мингта рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектидан 90 мингдан зиёди фермерлар, яна бир неча минги МЧЖ кўринишида фаолият юритяпти.

Иккинчидан, бу лойиҳа тўлиқ ишга туширилса, фермерлардан умумий йиллик 100 млндан 200 млн долларгача қўшимча солиқ ундирилади. Бу фермерларнинг расмий тан олинган соф файдасининг 30-40 фоизини ташкил этади. Яъни республика бўйича пахта/ғалла ялпи ҳосилининг умумий қийматини тахминан 3 млрд доллар деб олсак, шундан фермерларнинг соф фойдаси 300 млн доллар бўлади. Энди шу соф фойданинг катта қисмини қўшимча солиқ тўлашга йўналтириш керак бўлади.

Ўзи бу йил сув солиғи 250 фоизга оширилди. Кейинги йил сув тежовчи тизим ўрнатмаган фермерлар учун бу кўрсаткич 500 фоизга оширилади. Бир кубаси 40 сўм бўлган сув бу йили 100 сўм, кейинги йили 200 сўм бўлади. Албатта, бу фермерларни сувдан оқилона фойдаланишга ундаш ва сув барча истеъмолчиларга етиб бориши учун қилиняпти, лекин бу ҳам харажат. Мисол учун, бир гектарга СТТ ўрнатиш 25 млн. Ундан ташқари, ҳар йили бир гектар учун ўртача 2-3 млн сўмга томчилатиш шланглари ва плёнка сотиб олиши керак.

Ҳозирда ҳукумат томонидан экспортни жадал ривожлантириш сиёсати кетмоқда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимиз экспортбоп бўлиши учун нарх ҳам нисбатан арзон бўлиши керак. Нархни арзонлаштириш учун иш жараёнларини оптималлаштириш, кўпроқ янги технологиялардан фойдаланишимиз керак. Содда қилиб айтганда, оддий мисол, пахтачиликда қўл теримидан комбайн теримига ўтишга мажбурмиз.

Сиёсат ўзгара бошлагани боис иқтисодимиз ҳам ўсди, шу билан бирга, қўл меҳнатининг нархи ҳам ошди. Лекин айрим масъуллар худди эски замоннинг “плановая экономикаси”да қолиб кетгандай тасаввур уйғотмоқда, “госплан”дан чиққан раҳбарлар сиёсати ўзини оқламагани – тан олинган факт.

Бу лойиҳа ишга тушган тақдирда, коррупциянинг ошиши эҳтимолини Антикоррупция агентлиги ҳам экспертиза қилса яхши бўлар эди. Бундан ташқари, иқтисодчилар яхши биладики, солиқ юки қанча ошса, Лафер қонунига кўра солиқ тушумлари шунча камаяди. Энди бир муддатлик солиқ йиғими деб, соҳани стрессга тушириш қанчалик тўғри бўлишини тарозига қўйишни илтимос қиламиз.

Бундан ташқари, Адлия вазирлигидан ҳам таклиф этилаётган лойиҳа Конституция, қонун ва кодексларга мослигини ўрганиб, натижаси эълон қилишини илтимос қиламиз.

***

Хулоса ўрнида

Маълумки, бир пайтнинг ўзида иккита стулда ўтириб бўлмайди – соғлик ва баъзида ҳаёт учун хавфли. Бозор иқтисодиётини танлаган мамлакатларда масъул шахслар буни тушунмоғи шарт, акс ҳолда мамлакат иқтисодиётининг “пайлари йиртилиб кетади”. Чунки бозор тамойилларини ўрнатиш билан бирга, эскирган режали иқтисодиётни жорий қилиб бўлмайди.

Ҳа, Ўзбекистон шароитида қишлоқ хўжалигида имкони борича кўпроқ одамни банд қилиш лозим – вазият шуни тақозо қилади. Аммо бу бозорга хилоф ҳаракатлар билан қилинмаслиги керак.

Шокир Шарипов тайёрлади.

Мавзуга оид