Ўзбекистон | 09:05 / 07.12.2023
3576
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда касса операциялари яширин иқтисодий фаолиятни амалга оширишнинг асосий усули бўлиб қолаётгани айтилди

Озарбойжоннинг AVRASIYA ахборот агентлиги Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоевнинг "Ўзбекистон яширин иқтисодиётга қарши курашни фаоллаштирмоқда" сарлавҳали мақоласини эълон қилди.

"Дунё" хабарига кўра, унда сенатор сўнгги йилларда мамлакатда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, унинг тизимини соддалаштириш орқали иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, шунингдек, яширин иқтисодиётни камайтириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлайди.

Шу билан бирга, у касса операциялари яширин иқтисодий фаолиятни амалга оширишнинг асосий усули бўлиб қолаётганига урғу беради. "Шунинг учун банк карталари ва бошқа тўлов воситаларидан фойдаланиш жозибадорлигини ошириш орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоблар кўламини кенгайтириш чораларини кўриш зарур, - дейилади мақолада. – Ўзбекистон айни пайтда яширин иқтисодиёти юқори бўлган давлатлардан бири саналади. Шу боис мамлакатда иқтисодиёт секторини қонунийлаштириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди. Маълумки, яширин иқтисодиёт даражасининг пасайиши бюджет даромадлари ҳажмининг ижобий ўзгаришига хизмат қилади".

Яширин иқтисодиётга қарши курашиш, даромадларга солиқ солиш борасида ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасини қўллаш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келади Эркин Гадоев. "Бунинг учун яширин иқтисодий фаолиятга қарши курашиш ва унинг олдини олишда жамоатчилик назорати механизмлари имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур", - дея якунлайди сенатор.

Мавзуга оид