14:21 / 12.12.2023
11408

«1 литр виски ичиб олганди» – Ню-Йоркдан Тошкентга учган самолётда жанжал кўтарган эркак маст бўлган

Зўравонлик қилган йўловчи парвоз пайтида бошқа давлат фуқароларини ҳам камситиб, ҳақорат қилиб келган ва самолётнинг Петербургга фавқулодда қўнишига сабаб бўлган. Бу ҳақида шу самолёт бортида бўлган Kun.uz манбаси маълум қилди.

11 декабр куни Ню-Йоркдан Тошкентга учган самолёт бортда зўравонлик қилган йўловчи туфайли Петербургга фавқулодда қўнди. 1991 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси полиция ходимлари томонидан рейсдан олиб чиқилган.

Воқеа пайтида самолёт бортида бўлган Kun.uz манбаси ҳолатни шундай ҳикоя қилади:

Ичкарида битта одам дутуфреедан 1 литрлик виски олиб, самолётда ичди. Маст бўлиб қолиб, 3 нафар одам билан уришиб кетди. Бу ҳам етмагандай бошқа давлат фуқароларини камситиб, уларни ҳақорат қилиб ўтирди. Шу сабабли самолёт Петербургга фавқулодда қўндирилди”.

Керакли процедуралар амалга оширилгач, парвоз давом эттирилган. Самолётнинг Петербургга фавқулодда қўнишига сабаб бўлган эркак эса айни пайтда Тошкентга олиб келинган ва сўроқ қилинмоқда.

Маълум бўлишича, Boeing 787 самолётига йўловчи сифатида чиққан 1991 йилда Самарқанд вилоятида туғилган Б.Ф. парвоз вақти маст ҳолатда ҳаво транспортининг ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаган. У экипаж ходимлари ҳамда бошқа йўловчиларга қаршилик кўрсатиб, самолётдагиларнинг тинчини бузган, соғлиқ учун таҳдид туғдирадиган безорилик ҳаракатларини амалга оширган.

Ҳозирда ҳолат бўйича Тошкент шаҳри аэропортларида ХТБ томонидан эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик), 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Агар айби тасдиқланса, безори йўловчига нисбатан 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Top