11:56 / 12.12.2023
8910

NYT АҚШнинг Киев учун янги ҳарбий режасидан хабар топди

АҚШ Украина урушда ютқазишидан хавотирда. Америкаликлар консерватив стратегияга амал қилади: Украина Қуролли кучлари ҳудудларни сақлаб қолиши, кучлар ва захираларни яратиши керак, деб ёзади The New York Times.

Фото: Reuters

Украина армиясининг шу йил ёздаги муваффақиятсиз қарши ҳужумидан сўнг, Қўшма Штатлар Украина учун янги ҳарбий режа тайёрламоқда, деб хабар берди The New York Times 11 декабр, душанба куни манбаларга таяниб. Унинг сўзларига кўра, америкалик генерал шу мақсадда Украинага юборилмоқда ва у ерда «кўп вақт» ўтказади. Шунингдек, нашр Америка ва Украина ҳарбийларига таяниб, бир ой ичида Германиянинг Висбаден шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган бир қатор ҳарбий ўйинларда янги стратегия тафсилотлари ишлаб чиқилишини ҳам хабар қилмоқда.

NYT: Киев урушни молиялаштириш қанчалик беқарор эканини англамаяпти

Вашингтон Киев янги стратегиясиз ва қўшимча маблағсиз урушда ютқазишидан хавотирда. Америка расмийларининг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари ва Украина раҳбариятидаги кўпчилик АҚШ ҳарбий таъминотидан «ғарб захираларидан мавжуд бўлмаган миллионлаб снарядларни» сўраган ҳолда реал бўлмаган умидларга эга ва АҚШнинг молиявий ёрдами қанчалик беқарор эканини тушунмаяпти.

Газетанинг ёзишича, америкалик расмийлар Украина чекланган бюджет билан курашишга тўғри келади, деб ҳисобламоқда. Улар, шунингдек, стратегияни ўзгартирмаса, 2024 йил биринчи жаҳон урушининг энг ҳалокатли йили бўлган 1916 йилга ўхшаш бўлиши мумкин, деган хавотирда, ўшанда минглаб одамлар ҳалок бўлган ва фронт чизиғи деярли ўзгармаганди.

Украина ҳудудни ушлаб туриши ва куч тўплаши керак

Газетанинг ёзишича, америкаликлар консерватив стратегияга амал қилади, бу стратегия доирасида Украина ҳудудларни сақлаб қолиши ва 2024 йил давомида ўз ишлаб чиқаришини ривожлантириш орқали кучлар ва қурол-яроғ захираларини яратиши керак.

Баъзи америкалик ҳарбий амалдорларнинг фикрича, бу стратегия Украинанинг ўз таъминотини яхшилайди, хавфсизлигини таъминлайди ва Россиянинг ҳар қандай янги ҳужумини қайтаришга имкон беради. «Мақсад - Россия келаси йил охирида ёки 2025 йилда мазмунли музокараларда қатнашиш имкониятини кўриб чиқиши мумкин бўлган етарлича реал таҳдид яратиш», - дея хулоса қилади NYT манбаларининг сўзларини.

Шу билан бирга, украиналиклар Россиянинг ичкари қисмига зарба беришга асосланган стратегияни ўрганмоқда, деб ёзади нашр Қримдаги нишонларга кузги ҳужумларни мисол тариқасида келтириб. Украина томони қурол заводлари, қурол омборлари ва ўқ-дорилар билан поездларга ҳужумлар орқали Россияни мувозанатдан чиқаришнинг ижодий йўлларини қидирмоқда, деди NYT суҳбатдошлари.

Top