17:00 / 12.12.2023
5141
Реклама

Ўзбекистон ёшлари Дубайдаги COP-28'да

3-8 декабр кунлари ўзбекистонлик талабалар “Dubai Expo City”даги COP-28 “Green Zone”га ташриф буюрди, барқарор ривожланишни таъминлаш учун рақамли истеъдодларни бирлаштиришга мўлжалланган Seeds Tour ва “Talent & Green Summit”да қатнашди.

БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган COP-28 иқлим ўзгариши бўйича конференция доирасида Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидан саккиз нафар талаба “Seeds Tour” таълим турида қатнашиш учун таклиф этилди. Жорий йилнинг сентябр ойида Қатар пойтахти Доҳа ва БААнинг Дубай шаҳарларида “Seeds for the future” таълим дастури доирасида ўтказилган Tech4Good минтақавий танловида ғолиб бўлган “Techno Mind” жамоаси вакиллари саёҳатга йўл олди. “Techno Mind” жамоаси таркиби Тошкент Ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети, Тошкентдаги Кимё халқаро университети ва Янги Ўзбекистон университети талабаларидан иборат.

Турнинг асосий тадбирларидан бири 5 декабр куни бўлиб ўтган “Seeds for the future 2.0” таълим дастурининг 22 давлатдан 36 нафар иштирокчини бирлаштирган “Talent & Green Summit” бўлди. Саммитда иқтидорли ёшлар билан бир қаторда халқаро ташкилотлар олимлари, таълим муассасалари профессорлари, Huawei компанияси экспертлари иштирок этди. Иштирокчилар ёшлар ўртасида рақамли кўникмаларни ривожлантириш ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда рақамли технологиялардан фойдаланиш зарурлигини муҳокама қилди.

Саммитда “Techno Mind” жамоаси етакчиси, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаси Нодира Отабекова сўзга чиқиб, Tech4Good танловида энг яхши ғоя деб топилган “Aquatibia” лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳа чиқиндиларнинг минимал даражасига эришиш, очарчиликни бартараф этиш (БРМ2), тоза сув ва санитария (БРМ6) каби муҳим барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишга қаратилган. Лойиҳани амалга ошириш атроф-муҳитга, қишлоқ хўжалигига, тупроқ сифатига ва ҳудудларда турмуш шароитини яхшилашга катта таъсир кўрсатиши, бир вақтнинг ўзида иккита асосий муаммони: биологик чиқиндиларни қайта ишлатиш ва суғориш сувларини тузлар ва оғир металлардан филтрлаш ишларини ҳал этиши мумкин.

“Жамоамизнинг ютуқлари фақат технологик инновациялар туфайли эмас. Биз умумий қараш ва дўстлик туйғусини ривожлантириш жуда муҳимлигини тушундик. Технологик тараққиёт даврида биз ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун турли инновациялардан фойдаланишимиз керак. Биз дунёнинг бир бурчагидан бошқасига бирлашиб, фикр алмашишимиз ва яхшироқ келажак учун ҳамкорлик қилишимиз мумкин”, – деди Нодира ўз нутқида.

“Ҳозирги кунда ер юзи кўплаб иқлим муаммоларига учрамоқда. Бу муаммоларни ечишда нафақат ташкилотлар, балки ҳар бир инсон масъулдир. Биз ҳам БААда бўлиб ўтган COP-28 саммитида ёшлар номидан ўз жамоамиз билан лойиҳамиз орқали шу муаммоларга ечим топа олдик деган умиддамиз”, – деди Тошкентдаги Амити университети талабаси Ихтиёр Содиқов.

“Seeds Tour” доирасида иштирокчилар “Dubai Expo City”даги COP-28 Яшил зонасига ҳам ташриф буюрди ва дунёнинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаши, углерод нейтраллигига эришишни тезлаштириши ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун иқлим ҳаракатларини рағбатлантириши мумкин бўлган инновациялар билан танишди.

“COP-28 доирасидаги Яшил ҳудудга ташриф мен учун унутилмас тажриба бўлди. У ерда қатнашган ёшлар, бизнес ва фуқаролик жамияти вакиллари томонидан яшил ҳудудларни ривожлантириш масалалари бўйича таклиф этилган ғоя ва ечимлар менда катта таассурот қолдирди. Huawei компанияси томонидан менга бундай имконият берилгани учун миннатдорман ва келажакда муносабатларни давом эттиришга умид қиламан”, – деди Тошкент Ахборот технологиялари университети талабаси Бобур Жўрабеков.

Top