16:52 / 14.12.2023
28572

Қишда –30... –40 даража ҳарорат одатий бўлган жойлар. Дунёнинг энг совуқ пойтахтлари

Дунёдаги энг совуқ пойтахтлар асосан Евросиё материгида жойлашган. Улар Ўзбекистондан унча узоқда эмас: Қозоғистон ва Мўғулистон пойтахтлари дунёдаги энг совуқ пойтахтлар рейтингида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллайди. Қишда бу шаҳарлар учун -30..., -40 даража совуқ одатий ҳисобланади.

Бундан бир неча кун олдин Россия ҳудудида шаклланган антициклон жанубга қараб ҳаракатлана бошлади ва Қозоғистон ҳудудида гигант антициклонга айланди.

Натижада, шу кеча-кундузда Россия ва Қозоғистоннинг кўплаб шаҳарларида жуда кучли совуқ ҳаво ҳукм сурмоқда.

Ана шу антициклоннинг бир чети Ўзбекистон ҳудудидан ўтмоқда ва шу сабабли юртимизда ҳаво ҳарорати кескин пасайди. Мамлакат шимолида, шунингдек, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида тунда –15..., –20 даража атрофида совуқ кузатилди.

Тошкентда қиш манзараси

Об-ҳаво кузатувчилари антициклон сусая бориши ва эртадан Ўзбекистонда қаттиқ совуқ чекинишини айтмоқда.

Ўзбекистон нисбатан илиқроқ иқлимда жойлашган ва бундай совуқ ҳаво гоҳ-гоҳида бўлиб туради. Бироқ дунёнинг энг совуқ жойлари бизга узоқ эмас. Айниқса, Қозоғистонда қишда ҳарорат жуда паст бўлади.

Шу кеча-кундузда қўшни давлат шимолий қисмида ҳаво ҳарорати тунда –30 даражадан паст бўлмоқда. Қозоғистон пойтахти Остона дунёдаги энг совуқ пойтахтлардан бири ҳисобланади.

Қуйида дунёнинг энг совуқ пойтахтлари ҳақида маълумот тақдим этамиз.

Пхеняндаги қорли манзара
koreanradio.info

10. Пхенян, КХДР

Шимолий Корея пойтахти дунёдаги энг совуқ пойтахтлар қаторида туради. Бу ерда қишда ўртача ҳарорат 0 даража атрофида бўлади. Тунда эса бироз совийди ва ўртача -3 даражани ташкил қилади.

Пхенянда ҳаво ҳарорати жуда совиб кетадиган кунлар ҳам бўлиб туради. Бу ерда қайд этилган энг совуқ ҳаво ҳарорати –26,5 даража бўлган.

Рига
www.alamy.com

9. Рига, Латвия

Ригада йилнинг энг совуқ ойи январ ҳисобланади. Айрим пайтларда январда бу шаҳарда ҳаво ҳарорати баъзан –20 ва ҳатто –30 даражагача совиб кетади.

Бироқ бундай совуқ ҳарорат табиий равишда Болтиқбўйи давлатлари учун хос эмас. Латвия пойтахтида қишда ўртача ҳаво ҳарорати –2 даража, тунда кўпинча –3..., –5 даража атрофида бўлади.

Латвия тарихида энг совуқ ҳаво 1956 йил 8 феврал куни қайд этилган – ҳаво ҳарорати –43,2 даража совуқ бўлган. Ўшанда Ригада –34,4 даража совуқ қайд этилган ва бу Латвия пойтахти тарихидаги энг паст ҳаво ҳарорати бўлиб қолмоқда.

Таллин
www.alamy.com

8. Таллин, Эстония

Қишда Таллин ҳам Болтиқбўйи минтақаси учун хос бўлган ҳароратни бошдан кечиради ва бу ерда ўртача ҳарорат –3 даража совуқни ташкил этади.

Шаҳардаги энг совуқ ой феврал бўлиб, бу ойда ўртача –4,3 даража совуқ бўлади.

Эстония тарихида энг паст ҳарорат 1940 йил 17 январ куни қайд этилган. Шу куни –4,5 даража совуқ бўлган. Таллинда ҳам энг совуқ ҳаво шу куни қайд этилган ва ўшанда ҳаво ҳарорати -43,5 даражагача пастлаган.

Минскда қиш
belta.by

7. Минск, Беларус

Қишда Минскда кундузги ўртача ҳарорат –3..., –4 даража атрофида бўлади. Январ Беларус пойтахти учун энг совуқ ой ҳисобланади – ўртача ҳарорат –4,7 даражани ташкил этади.

Минскда энг совуқ ҳаво 1940 йилда қайд этилган. Ўшанда Беларус пойтахтида ҳарорат –42,2 даража совуқ бўлган.

Сўнгги йилларда бошқа жойларда бўлгани каби Беларус пойтахтида ҳам қиш фаслида ўртача ҳаво ҳарорати кўтарилиб бормоқда.

Норвегияда қиш
www.shutterstock.com

6. Осло, Норвегия

Скандинавия яримороли дунёнинг энг совуқ ҳудудларидан бири бўлиб, бежизга бундай эмас: яриморол шимолини асосий совуқ оқимлар шаклланадиган Шимолий Муз океани ўраб туради.

Норвегия эса яриморолнинг энг шимолий қисмида жойлашган. Шу сабабли бу давлат Европадаги ўртача энг паст ҳарорат қайд этиладиган жой ҳисобланади.

Норвегияда кундузлари ўртача ҳарорат –3 даража, кечаси –5 даража атрофида бўлади. Январ ойи бу давлат учун ҳам совуқроқ келади ва ўртача ҳарорат –8 даражани ташкил этади.

Норвегияда энг совуқ ҳарорат –45 даража бўлади Ослода энг паст ҳарорат 1941 йилда –26 даражани ташкил этади. Унинг жануброғида жойлашгани учун энг совуқ ҳарорат –28 даража бўлган.

Хелсинки
turizm.ngs.ru

5. Хелсинки, Финландия

Финландия пойтахтида қишда ўртача ҳарорат –4 даража атрофида бўлади. Баъзида кечалари совуқ –8 даражадан пастга тушади.

Бу мамлакатда ҳаво ҳароратининг –20 даражадан пастга тушиши камдан кам учрайдиган ҳодиса ҳисобланади.

Хелсинкида энг совуқ ҳаво ҳарорати 1987 йилда қайд этилган – –34,3 даража. Финландияда энг совуқ ҳаво 1999 йилда бўлган. Ҳаво ҳарорати -51,5 даражагача пастлаган.

Бир неча кун аввал Москвага 30 см қалинликда қор тушди. Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси уларни тозалашга улгурмаяпти
interfax.ru

4. Москва, Россия

Москва дунёдаги энг совуқ пойтахтлардан бири ҳисобланади. Бу шаҳарда қишда ўртача ҳаво ҳарорати –5 даража, кечқурунлари эса –7 даража атрофида бўлади.

Москвадаги энг совуқ давр феврал ҳисобланади ва бу ойда ўртача ҳарорат –6,7 даражани ташкил этади. Москвада ҳаво ҳарорати –25 даражадан паст бўлган ғайритабиий совуқлар кам учрайди.

Бу шаҳарда энг қаттиқ совуқ 1940 йилда бўлган ўшанда ҳаво ҳарорати –42,1 даражагача совиб кетган. Россияда паст ҳарорат 1926 йилда Ёқутистоннинг Оймакон ҳудудида қайд этилган бўлиб, –71,2 даража совуқ бўлган.

Оттавада қиш
www.iefimerida.gr

3. Оттава, Канада

Канада пойтахтида қишда кундузлари ўртача ҳарорат –6 даража, кечқурун эса –8 даража атрофида бўлади.

Оттава учун энг совуқ давр январ ҳисобланади. Бу ойда Канада пойтахтида ўртача ҳарорат –10,8 даража совуқни ташкил этади.

Оттава тарихидаги энг совуқ ҳарорат 1943 йил феврал ойида қайд этилган:–36,1 даража. Канададаги энг совуқ ҳаво эса 1947 йил 3 феврал куни қайд этилган ва ўша куни –62,9 даража совуқ бўлган эди.

Остонада қиш
hvylya.net

2. Остона, Қозоғистон

Марказий Осиёдаги бошқа республикалардан фарқли равишда Қозоғистонда, жумладан, унинг пойтахтида қиш анча совуқ кечади.

Остона шаҳрида қишда кундузлари ўртача ҳарорат –11..., –14 даража, кечқурунлари эса –16 даражагача совуқ бўлади.

Бу шаҳарга қаттиқ совуқ кўпинча шамоллар билан бирга келади ва бу вазиятни сезиларли даражада ёмонлаштиради. Қишда Остона ҳаво ҳарорати бир неча марта –35 даражагача тушиши мумкин.

Остонада энг совуқ пайт январ ҳисобланади. Бу ойда Қозоғистон пойтахтида ўртача ҳарорат –21,6 даража совуқни ташкил этади.

Бу шаҳарда энг қаттиқ совуқ 1893 йилда қайд этилган ва ўшанда ҳаво ҳарорати –51,6 даражагача пастлаган.

Улан-Баторда қиш манзараси
forum.awd.ru

1. Улан-Батор, Мўғулистон

Денгиз сатҳидан 1 350 метр баландликда жойлашган Улан-Батор дунёдаги энг совуқ пойтахт ҳисобланади. Бу ерда қишда ўртача ҳарорат -15 даражагача совуқни ташкил этади. Кечқурун ўртача –18 даражагача пастлайди.

Мўғулистон пойтахтида қиш фаслининг баъзи ойларда ўртача ҳаво ҳарорати –22 даражагача совуқ бўлади. Улан-Баторда қайд этилган энг қаттиқ совуқ –42,2 даражани ташкил этган.

Шунингдек, Исландия пойтахти Рейкявик, Швеция пойтахти Стокҳолм, Литва пойтахти Вилнюс ҳам совуқ шаҳарлар қаторига киради.

Маълумот учун, Ер юзида қайд этилган энг паст ҳарорат 1983 йил 21 июл куни Антарктидада кузатилган. Ўшанда термометр –89,2 даража совуқни кўрсатган.

Тошкентда қор

Тошкентда энг совуқ қиш қачон бўлган?

Ўзбекистонда энг паст ҳаво ҳароратлари 1972 ва 1977 йилларда кузатилган. Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятининг шимолида ушбу йилларда ҳаво ҳарорати –33 дан –36 даражагача ва Устюрт платосида –38 дан –40 даражагача пастлаган.

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида энг совуқ ҳаво 1930 йил 20 декабрда қайд этилган ва ўша куни –29,5 даража совуқ бўлган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top