Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Апрел ойида дунё бўйлаб ўртача ҳарорат рекорд даражада юқори бўлди
Қаторасига 11 ойдан бери ҳар ойда юқори ҳарорат рекорди янгиланмоқда.
Европа Иттифоқининг иқлим ўзгаришини мониторинг қилиш хизмати маълум қилишича, дунё аҳолиси рекорд даражадаги энг иссиқ апрел ойини бошидан кечирган.
Euractiv хабарига кўра, 2023 йил июн ойидан бери ҳар ойда ўртача ҳарорат рекорди янгиланмоқда.
Copernicus иқлим ўзгариши хизмати (C3S) маълумотларига кўра, дунёдаги ўртача ҳарорат 12 ой давомида рекорд даражада юқори бўлиб, саноатдан олдинги 1850-1900 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 1,61 даражага юқори бўлган.
Иқлим ўзгаришининг асосий сабаби — қазиб олинадиган ёқилғиларни ёқиш оқибатида чиқадиган иссиқхона газлари. Охирги ойларда Тинч океанининг шарқий қисмида сув юзасини иситувчи «Эл-Нинё» об-ҳаво ҳодисаси ҳам ҳароратнинг ошишига олиб келмоқда.
Шу билан бирга, апрел ойидаги рекордга Африканинг Саҳел минтақасидаги иссиқлик тўлқини сабаб бўлгани тасдиқланган.
Нюкасл университети иқлимшуноси Ҳейли Фаулер маълумотларга кўра, дунё 2015 йилги «Париж келишуви»нинг глобал исишни Целсий бўйича 1,5 даражагача чеклаш мақсадини қўлдан бой беришга яқин эканлигини кўрсатади.
«Биз қачон ҳароратни 1,5°С дан паст ушлаб туриш учун курашда мағлуб бўлдик деймиз? Менинг шахсий фикримча, биз бу жангда аллақачон мағлуб бўлганмиз ва биз ҳақиқатан ҳам ҳароратни 2°С дан паст ушлаб туриш ҳақида жиддий ўйлашимиз ва иссиқхона газлари миқдорини имкон қадар тезроқ пасайтиришимиз керак», деди у.