Белгород вилоятида Украинанинг диверсия ва разведка гуруҳи билан жанг бўлиб ўтди
Вячеслав Гладковнинг айтишича, Украина билан чегарадаги Теребрено қишлоғида украиналик ҳарбийлар билан отишма содир бўлган. Baza хабар беришича, Белгород қишлоғига Украина диверсия гуруҳи кириб келган.
Белгород вилоятида, Украина билан чегарага яқин жойда украиналик ҳарбийлар билан жанг бўлди, деди вилоят губернатори Вячеслав Гладков. «Краснояружский туманидаги Теребрено қишлоғи Украина Қуролли кучлари томонидан ўққа тутилди. Дастлабки маълумотларга кўра, қишлоқ чегарасида душман билан отишма давом этмоқда. Барча тегишли бўлимлар вазиятни назорат қилмоқда», - дейилади у 17 декабр, якшанба куни Telegram’да ёзган хабарда.
Гладков сўзларига кўра, Белгород вилоятининг бир қанча қишлоқларида ўққа тутиш натижасида электр узатиш линиялари шикастланган. «Фавқулодда ва тезкор хизматлар Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги билан келишилганидан кейин оқибатларини бартараф этишга киришади», дейилади баёнотда.
Кейинроқ Гладков дастлабки маълумотларга кўра, тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқлигини маълум қилди. Бир хусусий турар жой биноси ва иншоот шикастланган.
Россиядаги қатор ОАВ ҳужумда 20 га яқин киши иштирок этгани ҳақида хабар берди.
Baza: Украина диверсия ва разведка гуруҳи билан отишма кузатилди
Ўз навбатида, Baza Telegram-канали Белгород вилояти ҳудудида россиялик ҳарбийлар Украина диверсия гуруҳи билан отишма олиб борганини ёзди. Унинг сўзларига кўра, Краснояружский тумани Теребрено қишлоғи чегарасида ўқ овозлари эшитилган, жанг соат тахминан 11 ларда бошланган. 200 га яқин аҳоли истиқомат қиладиган қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинмаган, улар бошпаналарда яширинган.
«ГУР»: Ҳужумчилар рус қўшинларининг взвод таянч пунктини йўқ қилди
Украина Бош разведка бошқармаси («ГУР»)нинг Telegram-каналида шундай дейилади: «Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси Белгород вилояти, Теребрено қишлоғи яқинида ҳарбий тўқнашувлар содир бўлганлигини тасдиқлайди. Кремл режимига қарши бўлганлар Белгород вилоятида уюштирган ҳужум натижасида рус қўшинларининг взвод таянч пункти йўқ қилинди. Россия армияси бўлинмалари позицияларига кутилмаган ҳужум маҳаллий гарнизон шахсий таркиби орасида ваҳима уйғотди. Шу тариқа, рус қўшинлари маҳаллий командирлари буйруғи билан атрофдаги қишлоқларга пала-партиш ўт очилди».
«Россия озодлиги» легиони рейд учун жавобгарликни ўз зиммасига олди
Украина томонида жанг қилаётган «Россия озодлиги» легиони Россия чегарасидаги рейд учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Легион Telegram-каналида айтилишича, тузилманинг «ҳужум отрядлари» Теребрено яқинидаги рус армияси бўлинмасининг взвод таянч пунктини йўқ қилган, «топширилган вазифаларни бажарган», шунингдек, Россия муҳандислик қўшинлари учун «қизиқарли жумбоқ қолдирган». «Олдинга боринг, миналар хариталарини янгиланг», дея қўшимча қилди унинг вакиллари.
Кенг миқёсли уруш бошидан бери Украина диверсия гуруҳлари Белгород вилояти ва Россиянинг бошқа вилоятлари ҳудудига бир неча бор кириб келди ва у ерда ҳарбий амалиётлар ўтказди. Улар учун жавобгарликни Украина томонида жанг қилаётган Россия кўнгиллилар корпуси ва «Россия озодлиги» легиони ўз зиммасига олди. 2023 йил июн ойида, айрим ОАВ хабарларига кўра, улар Белгород вилоятининг Грайворонский туманидаги бир қатор қишлоқларни вақтинча назорат остига олишган. Теребренодаги жанглар ҳақида ҳали ҳеч нарса хабар қилинмади.
Мавзуга оид
09:22
Украиналик фаоллар яна Навалнаянинг нутқини тўхтатишга уринди
07:56
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024