Жаҳон | 09:20 / 18.12.2023
14947
2 дақиқада ўқилади

«СБУ» Залужнийнинг янги кабинетида яширин эшитиш қурилмалари топилганини маълум қилди

Тинглаш мосламалари Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний эгаллаши керак бўлган кабинетда топилган. «СБУ» улар иш ҳолатида бўлмаганини билдирди.

Фото: Ukrainian Presidential Press Service/REUTERS

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний келажакда иш учун фойдаланиши мумкин бўлган кабинетлардан бирида маълумот олиш учун техник қурилма топилди. Бу хабар Украина хавфсизлик хизмати («СБУ») томонидан 17 декабр, якшанба куни кечқурун тарқатилди.

Қайд этилишича, гап генералнинг амалдаги кабинети ҳақида кетмаяпти. «Дастлабки маълумотларга кўра, топилган қурилма ишламай қолган. Ахборотни сақлаш ёки аудиоёзувларни масофадан узатиш воситалари топилмади», — дейилади «СБУ»нинг Telegram’даги постида.

Қурилма экспертиза учун тақдим этилади, «СБУ» ходимлари ушбу ҳуқуқбузарликни текшириш учун қонунда назарда тутилган барча чораларни кўрмоқда, дея аниқлик киритди махсус хизмат. Кейинроқ «СБУ» мазкур ҳолат юзасидан «маълумот олишнинг махсус техник воситаларини ноқонуний эгаллаш, сотиш ёки улардан фойдаланиш» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

Залужний ва унинг ходимлари кабинетларида яширин эшитиш қурилмалари

«Украинская правда» интернет-нашрининг ҳарбий доиралардаги исми ошкор этилмаган суҳбатдошларига таяниб ёзишича, тинглаш мосламаси Украина Қуролли кучлари бош қўмондонининг кўчиб киришидан олдин текширилган янги кабинетида топилган. 

Нашрнинг ёзишича, текширув вақтида Валерий Залужнийнинг айрим ходимлари кабинетларида ҳам яширин эшитиш қурилмалари аниқланган.

Мавзуга оид