14:02 / 22.12.2023
18740

Соғлиқни сақлаш вазирининг МИБдан 1 млн 732 минг сўм қарзи борлиги маълум бўлди

Мажбурий ижро бюроси вазир Амрилло Иноятовнинг алимент тўламагани ҳақидаги хабарни рад этди. Маълум бўлишича, қарздорлик йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун маъмурий жаримани ундириш билан боғлиқ бўлган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг “алимент тўламаётгани”га оид хабарлар тарқалди.

Мажбурий ижро бюросининг аниқлик киритишича, тарқалган хабардаги 20012307105901-сонли ижро иши йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун фуқаро Амрилло Иноятовдан маъмурий жаримани ундириш билан боғлиқ. Бу – алимент ундирувига доир ижро ишлари тоифасига кирмайди.

МИБ ахборотига кўра, бюронинг Бухоро вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий тузилмаларида соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовдан алимент ундириш билан боғлиқ ҳужжатлар мавжуд эмас.

Ҳозирда, ушбу маъмурий жаримани ундириш чоралари кўрилмоқда”, – дейилади расмий муносабатда.

Онлайн тўлов тизими орқали тегишли инвойс киритилганда МИБнинг ижро иши бўйича жами 1 млн 732 минг 500 сўм қарздорлик кўринади.

Ижро ишига кўра, қарздор Иноятов Амрилло Шодиевич 1 млн 650 минг сўм асосий қарз ва 82 минг 500 сўм маъмурий жарима тўлаши керак. Қачон очилгани номаълум ижро иши ҳозирда жараёнда бўлиб, қарздорлик бартараф этилмаган.

Top