10:50 / 27.12.2023
4875

FT: ЕИ Венгрия ветосини четлаб ўтиб, Украинани қўллаб-қувватлаш режасини тайёрлаяпти

Европа Иттифоқи Венгрия ветосини четлаб ўтиб, Украинага 20 миллиард евро ажратиш бўйича «Б режаси»ни тайёрламоқда, деб ёзади Financial Times. Маблағлар Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг кафолатлари эвазига қарзга олиниши мумкин. Киевга март ойигача ёрдам келиб тушиши кутиляпти.

Фото: AP

Европа Иттифоқи Будапешт билан келишувга эришилмаса Венгрия ветосини четлаб ўтиб, Украинага 2027 йилгача 20 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам ажратиш учун «Б режаси»ни тайёрламоқда. Бу ҳақда 27 декабр, чоршанба куни хабардор манбаларга таяниб, Financial Times хабар берди. Уларга кўра, зарур маблағлар капитал бозорларидан қарз сифатида олиниши мумкин, бунда аъзо мамлакатлар ЕИ бюджети олдида уларни ўз зиммасига олиши кафолати талаб этилади.

Бундай схема Венгрия қарши чиққан ҳолат - Европа Иттифоқи бюджетидан пул ажратишдан фарқли ўлароқ, барча ЕИ давлатларининг розилигини талаб қилмайди. Кафолатлар кредит рейтинги юқори бўлган мамлакатлар томонидан тақдим этилиши керак, уларнинг баъзиларида - масалан, Германия ва Нидерландияда бу - парламент розилигини талаб қилади. Бироқ, Брюссел бу тартибларни март ойига қадар якунлашни режалаштирмоқда - айнан мана шу муддат Киевга ёрдам бериш учун белгиланган. 

Ушбу режанинг камчилиги шундаки, у Европа Иттифоқидан Украинага марказлаштирилган грантлар ажратишни назарда тутмайди. Бироқ, алоҳида аъзо давлатлар буни икки томонлама асосда амалга ошириши мумкин, дейди FT манбалари. 

Уларнинг сўзларига кўра, яна бир захира режа - Украинага арзон қисқа муддатли кредитлар бериш. Ушбу схема бўйича Киев ўтган йили Брюсселдан 18 миллиард евро олган. Аммо бу вариант Европа Иттифоқининг аксарият давлатлари розилигини талаб қилади. 

ХВЖ транши ажратилиши ЕИ қарорига боғлиқ 

Агар ЕИ етакчилари 1 февралда бўлиб ўтиши режалаштирилган саммитда Украинага макромолиявий ёрдам ажратиш бўйича консенсусга эришса, бу Киевга Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)дан қарийб 900 миллион доллар миқдоридаги янги транш ажратилишини кафолатлайди, деб ёзади Financial Times. Бу Киевга бюджет тақчиллигини қоплаш учун пул чиқармаслик ва инфляция ортишига эришмаслик имконини беради, дея таъкидланади материалда. 

Венгрия июндан бери Украинага ёрдамни блоклаб келмоқда 

Венгрия июн ойидан бери Европа Иттифоқининг Киевга макромолиявий ёрдам кўрсатишга уринишларига тўсқинлик қилмоқда. Мамлакат бош вазири Виктор Орбан, биринчидан, Украинадан унга ажратилган маблағлар қандай сарфлангани ҳақида ҳисобот беришни, иккинчидан, Брюссел Венгрия суд тизими мустақиллигига шубҳа туфайли музлатиб қўйган ЕИ ёрдамини блокдан чиқаришни талаб қилмоқда. 14 декабр куни бўлиб ўтган Европа Иттифоқи саммити олдидан ушбу маблағларнинг 10 миллиарди блокдан чиқарилди, аммо Венгрия яна Украинага ёрдам ажратилишига вето қўйди. 

Top