Жаҳон | 14:39 / 01.06.2024
2974
2 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби Украина ҳар йили 40 млрд евро олишига кафолат беришга чақирди

Россияга Украинага қарши урушда у ғалаба қозона олмаслигини кўрсатиш муҳим, деди Йенс Столтенберг. У НАТО давлатлари июл ойида бўлиб ўтадиган алянс саммити учун қўшма позицияни ишлаб чиқишларига умид қилмоқда.

Йенс Столтенберг Фото: Peter David Josek / Reuters

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Шимолий Атлантика алянси давлатларини Украинага ҳар йили камида 40 миллиард евро миқдорида ёрдам беришни кафолатлашга чақирди. «Бу Россияга Украинага қарши тажовузкор урушда у ғалаба қозонмаслигини кўрсатиш учун керак», деди Столтенберг 31 май, жума куни Прагада НАТОга аъзо 32 давлат ташқи ишлар вазирлари билан бўлиб ўтган норасмий учрашув якунида.

40 миллиард евролик кўрсаткич 2022 йил февралида Россия қуролли ҳужуми бошланганидан буён Ғарбнинг Украинага берган йиллик ёрдами миқдорига тўғри келади. Алянс мамлакатлари ўртасида молиявий юкнинг адолатли тақсимланишини қандай таъминлаш мумкинлиги ҳақидаги саволга Столтенберг ҳар бир давлатнинг ҳиссасини ЯИМ ҳажмидан келиб чиқиб ҳисоблаш мумкинлигини айтди. Бу АҚШ, Германия, Британия, Франция ва Италия бошқа НАТО мамлакатларига қараганда анча кўпроқ маблағ ажратиши кераклигини англатади. 

Йенс Столтенберг НАТОнинг 32 та давлати алянснинг июл ойида Вашингтонда бўлиб ўтадиган саммитида ушбу масала бўйича умумий позицияни келишиб олишига умид билдирди, бироқ у муваффақият келтирадими ёки йўқми, ҳозирча номаълум, дея таъкидлайди dpa агентлиги. Масалан, Франция ва Италия ҳозирда Украинага ҳарбий ёрдам учун ЯИМнинг нисбатан кичик қисмини ажратмоқда. Бундан ташқари, АҚШ президенти Жо Байден ўз мамлакатида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига бир неча ой қолганда Украинага узоқ муддатли молиявий кафолатлар беришга рози бўладими ёки йўқми, бу ҳам ҳозирча аниқ эмас. 

Мавзуга оид