Жаҳон | 13:34 / 01.06.2024
3627
2 дақиқада ўқилади

Европанинг учта давлати Киев билан хавфсизлик бўйича келишув тузди

Украина билан икки томонлама хавфсизлик шартномаларини имзолаган Швеция, Норвегия ва Исландия Киев учун янги ёрдам пакетларини ҳам эълон қилди.

Фото: Telegram / V_Zelenskiy_official

Швеция, Норвегия ва Исландия Украина билан хавфсизлик бўйича икки томонлама шартномалар тузди ва Киевга янги ёрдам пакетларини эълон қилди. Битимлар Стокҳолмда 31 май, жума куни «Украина-Шимолий Европа» саммитида имзоланган. 

Швеция 2024-2026 йилларда Россиядан ҳимояланаётган Украинага 6,5 миллиард евро ажратади. Пакетга ASC 890 разведкачи-самолётлари - «учар радарлар» киради. Келгусида Украина JAS 39 Gripen қирувчиларини ҳам олиши мумкин. Бундан ташқари, Стокҳолм Украинага зирҳли техника, ўқ-дорилар, артиллерия ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беради. 

Исландия 2024-2028 йиллар учун Украинага йиллик молиявий ёрдам миқдорини 4 миллиард крона (29 миллион доллар) қилиб белгилади. Рейкявик НАТО иттифоқчиларидан Украинага ҳарбий ёрдам ташишни давом эттиришга, шунингдек, мамлакатга иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатишга ваъда берди. 

Норвегия жорий йилда Украинага ёрдам бериш учун тахминан 1,2 миллиард евро ажратмоқда. У Киевга F-16 қирувчи самолётлари, NASAMS ҳаво мудофаа тизимлари ва жиҳозларини топшириш ниятида ҳамда Украина Ҳаво кучларини ривожлантиришга ёрдам беради. 

Стокголмда бўлиб ўтган учрашувда Украина президенти Володимир Зеленский Швеция, Исландия ва Норвегия бош вазирлари Улф Кристерссон, Бярни Бенедиктссон ҳамда Йонас Гар Стёрга қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдириб, Россияга қаршилик кўрсатиш фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлади. Зеленский, шунингдек, Кремлни урушни кенгайтириш, хусусан, Швейцариядаги «тинчлик саммити»ни бузиш ва Болтиқбўйи минтақасида провокациялар уюштириш ниятида айблади. 

Мавзуга оид