Хориждан келиб Ўзбекистонда ўқиётган талабалар: “Бу ерда ҳаммаси бошқача”
Кўпчилик ўзбекистонлик талабалар хорижда ўқишни ҳавас қилишади. Аммо бугун хориждан Ўзбекистонга келиб таҳсил олаётган талабалар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Хўш, хорижлик талабалар бизнинг олийгоҳларимиз ҳақида қандай фикрда? Талабалар алмашинуви дастури асосида Тошкент Кимё халқаро университетида ўқиётган чет эллик талабалар бу борада ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Бен Габлик, АҚШ:
“Ҳозирда Тошкент Кимё халқаро университети талабасиман. Ватанимда ҳарбий факултетнинг ядровий технологиялар йўналишида ўқиганман. Бу ерда эса рус тилини, туризм, тарих ва дин тарихларини ўрганяпман.
Талабалар алмашинуви дастурида қатнашишимнинг асосий сабаби саёҳат қилиш орзуси билан боғлиқ. Ушбу дастургача мен фақатгина Мексикада бўлганман. Ўзбекистонга келиб таълим олиш эса мен учун катта тажриба бўлмоқда. Янги маданият ва тилни ўрганиш жуда қизиқарли.
Бу ерда тил ўрганиш, мактабда дарс бериш ва мактабдаги баскетбол жамоасига мураббийлик қилиш мен учун жуда мароқли бўлмоқда. Дарслардан ташқари баскетбол билан шуғулланаман. Дўстим Роберт билан доимий равишда машғулотлар ўтказамиз. Иккимиз ҳам Восиқ халқаро мактабида ўқувчиларга мураббийлик қиляпмиз”.
Роберт Смит, АҚШ:
“Бу ерга бир нечта сабабларга кўра келганман. Энг аввало, чет элга чиқишни, дунё кезишни, бошқа миллат ва элатларнинг урф-одатлари, маданиятлари билан яқиндан танишишни истаганман. Ўзбекистонга келганимдан афсусланмайман, чунки бу ердаги инсонлар жуда мулойим, меҳмондўст ва мен бу ерда кўп дўстлар орттирдим.
Тенгқурларимга маслаҳатим, чет элда ўқиш ёки ўзга юртни ўрганиш имконияти туғилса, албатта, бу имкониятдан фойдаланинг. Сиз бу орқали кўп нарсаларни ўрганасиз, энг асосийси, мусофирликда ҳаётнинг қийматини тушуниб етасиз. Масалан, мен 1 йил олдин Тошкентга келиб ўқишим мумкинлиги ҳақида орзу ҳам қилмаганман, аммо бугун мен шу ердаман ва бундан умуман афсусланмайман. Ҳатто, яна 6 ой шу ерда қолишни режа қилдим.
Америка университетлари билан бу ерни солиштириш қийин. Чунки бу университет ҳали ёш ва доим дастурларини яхшилашга, камчиликлар устида ишлашга ҳаракат қилинаётганига гувоҳ бўляпман. Профессор-устозлари ҳам малака ошириш курсларида ўқиётгани, чет давлатларга бориб тренинг ўтиб келиши ривожланиш кетаётганидан далолат беради. Масалан, тиббиёт йўналиши қошида клиника очилиши ҳам катта натижа.
Самимий ва холис баҳоласам, университет таълимига 10 баллдан 6 балл берган бўлардим”.
Марико Русселл, Америка:
“Америкадаги университетим давлат олийгоҳи эди, Тошкент Кимё халқаро университети эса хусусий олийгоҳ. Мен университетлар орасидаги энг катта фарқ шунда деб ҳисоблайман. Бундан ташқари талабаларнинг бир бирига бўлган муносабати тубдан бошқача. Бу ердан барча бир бирига хушмуоамала ва барча бир-бирига ўз оиласи аъзосидек қарайди. Қолаверса ўқитувчилар ҳам бу ерда жуда тажрибали. Айниқса рус тили ўқитувчилари АҚШдаги университетимга қараганда билимли ва юқори кўникмали эканини ҳис қилдим. Америкада мен фақат бизга дарс берган ўқитувчиларимни билардим бу ерда эса барчани инсон сифатида яқиндан таниш ва билиш имконияти мавжуд.
Бу ерда хотирамда муҳрланган ажойиб воқеалардан бири бу – бозордан қайтаётган вақтимда рўй берди. Дўстим билан пиёдалар ўтиш йўлагини кесиб ўтаётган пайтимиз тўсатдан бир бегона аёл келиб қўлимни маҳкам қучоқлаб олди. Мен учун бу ғайритабиий эди. Мен у билан йўлнинг нариги томонига ўтдим ва суҳбатлашишни бошладим. Суҳбатимиз шу даражада қизғин тус олдики, биз аёлнинг уйига етиб қолганимизни ҳам сезмай қолдик. Суҳбат давомида аёл ўзи ва оиласи ҳақида сўзлаб берди. Мен ҳам унга ўзим ҳақимда айтиб бердим. Бу, албатта, мен учун катта тажриба бўлди, чунки мен у аёл билан рус тилида суҳбат қургандим.
Бу каби ҳолатлар Ўзбекистонда табиий экани мени қувонтирди, чунки Америкада бегона қария келиб сенинг қўлингдан тутиши инсонларга унчалик ҳам хуш келмайди”.
Мадисон Виня, АҚШ:
“Мен Америкада ўқитувчи бўлганман ва бу ерда ҳам бешинчи синфлар учун инглиз тилидан дарс бериш имкониятига эга бўлдим, бу эса мен учун жуда қувонарли. Бошқа бир маданиятда ўсаётган болаларга дарс бериш жуда мароқли бўляпти, уларнинг барчаси жуда одобли ва инглиз тилини ўрганаётганидан бахтиёр.
Испан тилини унверситетда ўрганаётган вақтларим талай қийинчиликларга дуч келганман чунки у ерда ҳар куни машқ қила олмасдим ва бунга шерик топиш ҳам қийин эди.
Тошкентга келишимнинг асосий сабаби бу ўқиш ва албатта мактабда дарс бериш чунки бу менга жуда ёқади. Бу ерга келмоқчи бўлган талабаларга албатта бу имкониятдан фойдаланишларини тавсия қиламан, чунки бу билан сиз ўзингиз ҳақингизда кўп нарсани билиб оласиз, албатта, аввалига янги маданият ва инсонларга ўрганиш қийин бўлади. Бундан ташқари об-ҳаво ёзда жуда иссиқ қишда эса жуда совуқ. Аммо Европадан ташқари ҳаётни ўрганиш ва турли хил инсонларни учратиш ҳам жуда қизиқ”.
Реклама
Мавзуга оид
13:52
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
11:15 / 21.11.2024
Путин Трамп билан Украинада ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилишга тайёр — Reuters
10:46 / 21.11.2024