18:11 / 19.01.2024
2462

Ўзбекистон-Хитой ўртасида янги йўналишларда авиақатновлар йўлга қўйилиши мумкин

Шу йил баҳор-ёз мавсумидан Хитойнинг Пекин, Сиян, Ченгду, Шанхай, Хайнан, Саня ҳамда Ханчжоу каби шаҳар ва провинцияларига мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши кутилмоқда. Тегишли жараёнлар ўтганидан сўнг, парвозларни “Қанот Шарқ” ва “Centrum Air” авиакомпаниялари амалга оширади.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Транспорт вазирлиги, Фуқаро авиацияси агентлиги ҳамда “Ўзаэронавигация” маркази ДУК раҳбар ҳамда мутахассислари Хитой авиация маъмурияти билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, делегация аъзоларининг Хитой авиацияси маъмурияти билан ўтказган музокараларининг биринчи босқичида икки давлат ўртасида янги йўналишларда авиақатновларни йўлга қўйиш муҳокама қилинган. Вазирликка кўра, IATA – 2024 (Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси) баҳор-ёз мавсумидан Тошкент – Пекин, Тошкент – Сиян ҳамда Тошкент – Ченгду йўналишларига қўшимча равишда Урумчи – Самарқанд, Тошкент – Шанхай, Тошкент – Хайнан, Тошкент – Саня ва Тошкент – Ханчжоу каби йўналишларда мунтазам авиарейслар йўлга қўйилиши мумкин.

Бу рейсларни "Қанот Шарқ" ҳамда “Centrum Air” резидент авиакомпаниялари амалга оширади. Таъкидланишича, авиакомпаниялар хориж томонининг талабига мувофиқ сертификациядан ўтиш жараёнини якунлаб, тегишли эксплуатация рухсатномасини олганидан сўнг янги ташкил этилган авиакомпаниялар орасида биринчилардан бўлиб Хитойга мунтазам парвозларни йўлга қўйиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 10 январ куни “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси Тошкент – Пекин – Тошкент йўналиши бўйича илк парвозни амалга ошириши маълум қилинганди.

Ўзбекистон ва Хитой 2020 йил феврал ойида коронавирус пандемияси сабабли мунтазам парвозларни тўхтатган эди. 

Top