Иқтисодиёт | 20:26 / 20.01.2024
9894
3 дақиқада ўқилади

Эквадордаги исёндан кейин Ўзбекистонда банан нархлари ошмоқда

Эквадордаги сиёсий беқарорлик фонида Ўзбекистонда ҳам банан танқислиги кузатила бошлади. Охирги бир ойда банан нархлари 32-33 фоизга ошди, айрим супермаркетларда бу мева битта харидорга 2 килодан ортиқ сотилмаяпти. 2023 йилда Ўзбекистонга импорт қилинган бананнинг 98 фоизи Эквадордан олиб келинган.

Тошкентда бананнинг улгуржи нархи 28 минг сўмгача кўтарилди.

Сўнгги кунларда Ўзбекистондаги чакана савдо дўконлари, супермаркетлар ва бозорларда банан тақчиллиги кузатила бошлади. Бу ўз навбатида нархлар ошишига олиб келмоқда. Kun.uz банан дефицити ортидаги эҳтимолий сабабларни ўрганди.

Эквадордаги сиёсий беқарорлик

8 январ куни Эквадорда 60 кунлик фавқулодда ҳолат режими эълон қилинганди. Бунга қамоқхоналардаги тартибсизликлар ва “Лос Чонерос” гуруҳи раҳбари Адолфо Мациаснинг қочиб кетиши сабаблиги айтилган.

Фавқулодда вазият жорий этилгандан кейин, маҳаллий экспортчи компанияларнинг фаолияти маълум муддат фалаж ҳолатга келиб қолган. Портлар ёпилган, ишлаб чиқарувчилар бананларни кесишни вақтинча тўхтатган.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, 2023 йилда глобал миқёсда 19 млн 174 минг тонна банан экспорт қилинган бўлиб, шундан 6 млн 193 минг тоннаси ёки умумий экспортнинг 32 фоизи Эквадор ҳиссасига тўғри келган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 2023 йилнинг январ-ноябр ойларида хориждан қиймати 85,2 млн долларга тенг қарийб 120 минг тонна банан импорт қилинган.

Импортнинг асосий қисми – 117,5 минг тонна ёки 98 фоизи Эквадор ҳиссасига тўғри келган. Қолган 2 фоизи Туркия (639 тонна), Хитой (474 тонна), Қозоғистон (375 тонна) ва Грузиядан (231 тонна) олиб келинган.

Нархлар қандай ўзгарди?

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қайд этишича, 19 декабр куни Қўйлиқ деҳқон бозорида 1 кг бананнинг улгуржи минимал нархи 19 минг сўмдан, максимал нархи эса 21 минг сўмдан сотилган. 19 январ ҳолатида эса минимал нархлар 25 минг сўмгача, максимал нархлар эса 28 минг сўмгача қимматлашган. Яъни охирги бир ой ичида бананнинг улгуржи минимал баҳоси 31,5 фоизга, максимал баҳоси эса 33 фоизга ошган.

Kun.uz мухбирининг ўрганишларига кўра, мамлакатдаги йирик савдо тармоқларининг айрим филиалларида бу мева умуман сотилмаяпти, айримларида эса киши бошига 2 килогача чеклов ўрнатилган. Банан дефицити борлигини Kun.uz билан суҳбатлашган савдо соҳасидаги мутахассис ҳам тасдиқлади.

Маълумот учун, 2022 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистонга банан олиб киришда вақтинчалик божхона божи олиб ташланганди. Имтиёзнинг тугаш муддати – 2025 йил 1 январ.

Аввалроқ, Россиянинг ҳам қатор шаҳарларида банан дефицити юзага келгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди.

Мавзуга оид