16:10 / 12.02.2024
23135

«Россия сиз билан хоҳлаганини қилишига қўйиб бераман». Трамп иттифоқчиларга қандай таҳдид қилгани ҳақида айтиб берди

Трамп АҚШ хорижий давлатларга шунчаки пул тарқатишни бас қилиб, жамики хорижий ёрдамларини қарз форматига ўтказиши кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, Вашингтон бир қатор шартлар билан пулларни қайтаришни талаб қилиш имкониятига эга бўлиши керак.

Фото: Reuters

Доналд Трамп АҚШ президенти бўлганида НАТО бўйича иттифоқчиларига таҳдид қилиб, Россияни алянс олдидаги мажбуриятларини бажармаётган давлатлар билан «хоҳлаган ишини қилиши»да рағбатлантиришини айтган. У бу ҳақда сайловолди тадбири вақтида маълум қилди. Оқ уйдагилар Трампнинг баёнотини «шокка туширувчи» деб баҳолаган.

«Мен келгунимча НАТО банкротга учраганди, – деган Трамп Жанубий Каролинанинг Конвей шаҳридаги митингда. – Мен шундай дедим: „Барча тўлайди“. Улар айтишди: „Агар биз тўламасак, сиз барибир бизни ҳимоя қилмайсизми?“ Мен айтдим: „Асло йўқ“. Улар бунга ишона олмасди» (иқтибос CNN’ники).

Шимолий Атлантика алянси уставига кўра, иттифоқчилар ўз мудофаа эҳтиёжлари учун ЯИМнинг камида 2 фоизини сарфлаш мажбуриятини олади. Аммо сўнгги йилларда кўпчилик аъзолар ўзи учун таҳдидни жиддий деб ҳисобламаган ва улардан фақат айримлари ўз мажбуриятларини бажарган. АҚШ президенти эканида Доналд Трамп ушбу мамлакатлар ҳукуматларини ўз мудофаа қобилиятларини мустаҳкамлаш чора-тадбирларига эътиборсиз қараб, бу масалада бутунлай АҚШга таяниб қолгани учун танқид қилган.

Трамп Жанубий Каролинадаги митингда айтишича, у Россия тўғрисидаги танбеҳни НАТО мамлакатлари раҳбарлари билан учрашувлардан бирида билдирган. Унинг сўзларига кўра, «катта давлатлардан бири»нинг етакчиси ўз давлати НАТО доирасидаги молиявий мажбуриятларини бажармаган ҳолатда Москва томонидан ҳужумга учраши билан кечадиган назарий вазиятни келтирган.

Трампнинг айтишича, бу давлат раҳбари шундай сценарийда АҚШ ёрдамга келиш-келмаслигига қизиққан, бу эса унга танбеҳ беришига сабаб бўлган.

«Мен айтдим: сиз тўламайсиз, тўловни кечиктирасизми? – дея жавоб берган гўё Трамп номи айтилмаган давлат раҳбарига. – Йўқ, бундай ҳолатда мен сизни ҳимоя қилмайман, бунинг устига улар истаган ишини қилишига қўйиб бераман ва буни рағбатлантираман. Сиз ҳисобларингизни тўлашингиз керак».

НАТО – коллектив мудофаа тамойилига асосланади, унга кўра, алянс аъзоларидан бирига ҳужум барча аъзоларга ҳужум сифатида қабул қилинади.

Трамп президентлигида бир неча марта АҚШ алянс бюджетининг жуда катта қисмини кўтаришга мажбур бўлаётганини таъкидлаб, Европадаги иттифоқчиларни коллектив мудофаа тамойилига риоя қилмасликда айблаган.

Оқ уй Трампнинг баёнотини «шокка туширувчи ва мулоҳазасизлик» деб атаб, президент Жо Байденнинг алянсни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини эслатиб ўтган.

Трамп ўз таҳдидини реаллаштириш ниятида эканига аниқлик киритмаган. У яна бир марта агар иккинчи муддатга ҳам президент бўлиб қолганида, Россия ҳеч қачон Украинага ҳужум қилишга қарор қилмаган бўлиши ҳақида айтиб ўтган.

«Биз бу урушни ҳал қилишимиз керак ва мен буни ҳал қиламан», – деган 2024 йилги президентлик сайловларида Республикачилар партияси номзоди бўлиши кутилаётган Трамп.

Либерал кайфиятдаги New York Times нашри ёзишича, Трампнинг сўзлари, катта эҳтимол билан унинг президентлик лавозимига қайтишидан шусиз ҳам хавфсираётган НАТО аъзо давлатларида хавотир уйғотади.

Доналд Трампнинг бу сўзлари АҚШнинг демократик маъмурияти амалда Украинага ҳарбий ёрдам ажратишни тўхтатган (Конгресс томонидан маъқулланган ҳарбий ёрдам пакетлари ўтган йил ёзидан буён муттасил тарзда қисқартирилди, декабр ойи охиридан эса ёрдам тақдим этилиши буткул тўхтаб қолди), Конгрессдаги республикачилар эса Россия агрессиясини қайтариш бўйича аниқ стратегия йўқлиги туфайли қўшимча маблағлар ажратиш кераклигига тобора кўпроқ шубҳа билан қарашаётган паллада янгради.

Шанба куни Трамп халқаро ёрдамни «назоратсиз тарқатиш»ни бас қилишга чақириб, АҚШ қайси давлатга бўлишидан қатъи назар ҳозирги форматда ёрдам кўрсатишдан воз кечиши даркорлигини айтиб ўтганди. «Бундан буён, АҚШ Сенати, эшитяпсизми, хорижий ёрдам кўринишидаги пул ҳеч бир давлатга берилмаслиги керак, у шунчаки ёрдам эмас, балки қарз кўринишида бўлиши лозим», – дея ёзган Трамп шанба куни Truth ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Унинг фикрича, Вашингтон бир қатор шартлар билан пулларни қайтаришни талаб қилиш имкониятига эга бўлиши керак.

Трамп Украинага пул берилиши, «кейин эса у Россия билан келишиб олиши» мумкинлигидан хавотирда эканини билдирган.

«Уларга пулни агар қайтара олишса беринг ва улар қайтаради. Агар улар пулларни қайтариб бера олмаса, улар пулларни қайтаришга мажбур бўлмайди, – деган Трамп. – Аммо агар улар бошқа давлатга ўтиб кетса, бизни итдек ташлаб кетган бўлишади. Агар бу бизнинг мамлакат билан содир бўлса, бу жуда оддий – биз қўнғироқ қиламиз ва ўз пулларимизни қайтариб олишни хоҳлаётганимиз, чунки пулларимиз бошқа томонга кетишини хоҳламаётганимизни айтамиз».

Конгресс томонидан қабул қилинган ва 2022 йилда президент Байден томонидан имзоланган лендлиз тўғрисидаги қонун Украинага қуроллар ва ҳарбий жиҳозларни эгалик ҳуқуқини ўтказмасдан, заём шаклида чекланмаган миқдорда беришни назарда тутади. Аммо бу қонун ҳеч қачон амалга татбиқ этилмади, 2023 йил сентябрида эса кучини йўқотди ва муддати узайтирилмади.

2022 йил охирида НАТО ялпи ички маҳсулот ҳажмининг камида 2 фоизини мудофаага ажратиш бўйича мажбуриятни 31 аъзодан фақат 7 таси бажараётганини маълум қилганди – 2014 йилда бундай мамлакатлар сони атиги учта бўлган. Россиянинг Украинага 2022 йил февралида бошланган босқини НАТОнинг айрим аъзоларини қўшимча ҳарбий харажатларни ўз зиммасига олишга мажбур қилган.

Доналд Трамп эса бундай ўсишни ўз хизмати деб ҳисоблайди ва шанба куни у ўзининг ўша таҳдидлари туфайли «НАТО хазинасига юзлаб миллиард доллар» миқдоридаги маблағлар келиб тушганини айтди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top