13:29 / 25.02.2024
30949

«Чечевица операцияси» – 80 йил аввал чеченлар ва ингушлар ўз ватанидан қандай қувилганди?

Бундан 80 йил аввал, 1944 йил 23 февралда чечен ва ингушлар ўз уйларидан қувиб чиқарилиб, Марказий Осиёга сургун қилинади. Оғир шароитда уларни янги манзилига етказиб бориш икки ҳафтадан ошиқроқ давом этади. Ана шу муддатда уларнинг кўпчилиги йўлда ўлиб кетади. 9 март куни улар Қозоғистон, Қирғизистон ва қисман Ўзбекистоннинг олис ҳудудларига олиб келиб ташланади.

Тасаввур қилинг, тонг саҳар пайти, уйда оилангиз билан ухлаб ётибсиз. Шу пайтда кимдир эшикни тепиб синдириб, қўлида қурол билан кириб келади. Сизга уйингиздан сургун қилинганингизни айтади ва жўнаш учун бор-йўғи 2 соат вақт беради.

Сўнг сизни миллатдошларингизга қўшиб темирйўл линиясигача ҳайдаб боради ва юк вагонга чиқариб, номаълум манзилга олиб кетади. Йўлда сил ва бошқа касалликлар тарқалади, одамлар бирин-кетин ҳалок бўлаверади.

Бироқ ўликларга жаноза ўқишга, уларни таомилга биноан дафн этишга рухсат берилмайди. Поезд қисқа муддатга тўхтаганда темирйўл ёқаларига кўмиб кетаверишади. 1943-1944 йилларда Сталиннинг буйруғи билан СССРдаги бир нечта миллат мана шундай тарзда ўз ватанидан қувилган эди.

ХХ асрда тарих саҳнида қарийб 70 йил яшаган СССРда кўплаб халқлар жуда оғир аҳволга солинади. Бу давлатда яшаб бошидан оғир кунларни ўтказган турли миллатлар тарихини ўқиб, инсоннинг матонатига, бардошига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Ана шундай миллатлардан бири чеченлардир.

Бошқа миллатлар каби чеченлар ҳам совет даврида ўз ватанидан қувилиб, оғир азобларга дучор қилинади. НКВД раҳбари Лаврентий Бериянинг ташаббуси ва Сталиннинг қарори билан улар узоқ йиллар ватандан айро яшашга мажбур бўлади.

Аввалбошданоқ зўравонлик устига қурилган СССРда ХХ асрнинг биринчи ярми муҳим ўрин тутади. Бу даврда советлар турли ислоҳотлар ўтказиш ва “давлатни ички душманлардан тозалаш” ниқоби остида ўзининг 20 миллион фуқаросини қатағон қилган.

Бу қатағонлар 1922 йилдан 1953 йилгача 31 йил давомида СССРни бошқарган Иосиф Сталин ҳукмронлик даврида амалга оширилган. Шу сабабли бугун Сталин жаҳон тарихида энг ёвуз ва қонхўр шахслар қаторида эсланади.

СССРда миллионлаб фуқароларни қатағон қилган Берия ва Сталин

Ўша даврларда аввалига “оқ гвардиячилар”га қарши кураш, коллективлаштириш, кейин “мамлакатни ёт унсурлардан тозалаш”, Иккинчи жаҳон уруш даврида “сотқинлар” энг охирида эса “империализм тарафдорлари” каби айбловлар билан миллионлаб инсонлар маҳв этилган.

Сталин ва Бериянинг ана шундай ёвуз ишларидан бири, ўз ватанида яшаб турган бир қанча миллатларни сотқинликда айблаб, бошқа жойларга қувғин қилгани бўлган.

Жумладан:

  • Қорачой АССРда (автоном республика) яшовчи қорачойлар 1943 йил 12 октябрда;
  • Қалмиқия АССРда яшовчи қалмиқлар 1943 йил 27 декабрда;
  • Чечен-ингуш АССРда яшовчи чеченлар ва ингушлар 1944 йил 29 январда;
  • Болқор АССРда яшовчи болқорлар 1944 йил 24 февралда;
  • Қрим АССРда яшовчи қрим-татарлар 1944 йил 10 майда;
  • Гуржистонда яшовчи месхети турклар 1944 йил 14 ноябрда қувғин қилинади.

Қувғин қилинганларни ватанга хиёнат қилишда айблашган. Қрим-татар, чечен, ингуш, қалмиқ, болқорлар немисларга жосуслик қилишда айбланган бўлса, месхети турклар, курдлар ва хемшинлилар Туркия фойдасига жосусликда айбланган.

1943-1944 йилларда ўз уйларидан қувғин қилинган одамлар

Агар қайсидир миллатни “немисларга сотилгани” учун жазолаш керак бўлса, биринчи навбатда русларнинг ўзини айблаш тўғрироқ бўларди.

Шу ўринда рус генерали Власовни эслаш кифоя. Уруш айни авжига чиққан ва ҳар бир аскарнинг ўрни муҳим бўлган пайтда СССР армияси қўмондонларидан бири генерал Власов қўл остидаги катта армия билан немислар тарафига ўтиб кетади. Бу иш совет армиясининг кучсизланишига ва урушнинг янада узоқ давом этишига сабаб бўлади.

Ана шундай ҳолатда Сталин ва Бериянинг ҳақиқий сотқинлар қолиб айби бўлмаган бошқа миллатларни сотқинликда айблаши ва уларни ўз ватанидан бадарға қилиши “грузин ҳамда рус бўлмаганлар”дан ўч олишдан бошқа нарса эмасди.

Чеченлар ва ингушлар қувғини

1943 йилда КПСС марказий қўмитасида чеченлар ва ингушларни ўз уйларидан бадарға қилиш бўйича йиғилиш ўтказилади. Йиғилишда қувғинни фронт Шимолий Кавказ ҳудудидан узоқлашгандан кейин ўтказишга қарор қилинади.

Чеченлар ва ингушларни ўз ватанидан қувғин қилиш ишларига шартли равишда “Чечевица операцияси” деб ном беришади.

Ўшанда чеченлар ва ингушларни Олтой ўлкаси, Новосибирск ва Омск вилоятларига сургун қилиш масаласи муҳокама қилинади. Бироқ кўп ўтмай уларни Марказий Осиёга, аниқроғи Қозоғистон, Қирғизистон ва қисман Ўзбекистонга сургун қилишга қарор қилишади.

1943 йил кузда немислар бироз ортга чекинади. Шундан сўнг чеченлар ва ингушларни қувғин қилиш бўйича аниқ ишларга ўтилади. Москванинг буйруғи билан Марказий Осиё Республикаларида Чечен-Ингуш АССРдан сургун қилинадиганларни қабул қилиш учун жой ҳозирлай бошланади.

1944 йил 31 январ куни СССР давлат мудофаа қўмитасининг 5073-сонли Чечен-Ингуш АССР аҳолисини Ўрта Осиё ва Қозоғистонга сургун қилиш ҳақидаги қарори қабул қилинади.

Немислар Шимолий Кавказга ҳужум қилганда Чечен-Ингуш АССР ҳудудига ҳам озроқ кириб келганди

Қарорда сургунга сабаб сифатида республика аҳолисининг немис-фашист босқинчилари билан ҳамкорлик қилгани айтилганди. Бу қароргача 1944 йил 29 январ куни Берия НКВД ходимлари учун Чечен-Ингуш АССРда яшовчи аҳолини кўчириш ҳақидаги кўрсатмаларни тасдиқлаган эди.

1944 йил 20 феврал куни Берия ўз ёрдамчилари Иван Серов, Богдан Кабулов, Степан Мамулов билан Грозний шаҳрига келади. У чеченлар ва ингушларни сургун этиш ишларига ўзи бошчилик қилишни олдига мақсад қилиб қўйганди.

Ўша пайтда Чечен-Ингуш АССР аҳолисини кўчириш учун республикага 100 минг нафар ҳарбийлар ва НКВД ходимлари жалб қилинади. Улардан 18 минг нафари зобитлар ва 19 минг нафари НКВДнинг тезкор ходимлари эди.

21 феврал куни Берия НКВД ходимларига чеченлар ва ингушларни сургун қилишни бошлаш ҳақида буйруқ беради. Ходимлар одамларни темирйўл линияларига йиғиб келиш учун узоқ тоғ овулларига, шаҳар ва қишлоқларга жўнаб кетади.

22 феврал куни у чечен ва ингуш оқсоқоллари ва диний раҳнамолари билан учрашади ва уларга Сталин тасдиқлаган сургун ҳақидаги қарорни ўқиб беради. Сўнг Сталинга ҳисобот жўнатади.

Чеченлар ва ингушларни ўз уйларидан қувиб чиқариш жуда ҳам қаттиққўллик билан олиб борилади. НКВД ходимлари ва ҳарбийлар узоқ тоғ қишлоқ ҳамда овулларида қаршиликларга дуч келади. Ким уйини ташлаб чиқишга кўнмаса, оила аъзолари билан отиб ташлаб кетаверишади.

Уйидан қувиб чиқарилган чеченлар

Ана шундай ҳолатларда ҳатто мурдаларни дафн этишга рухсат беришмайди. Одамлар ҳамқишлоқларининг жасадларини ёввойи ҳайвонлар еб кетмаслиги учун уларни тошлар билан ўраб кетишга мажбур бўлади.

Ўша пайтда чеченлар ва ингушларни уйларидан олиб чиқиб кетишар экан, беморлар, жисмоний ҳолати яхши бўлмаган қарияларни “Сизларни санитар машинада олиб кетишади” деб ўз уйларида қолдириб кетади. Бироқ бундай бўлмайди. Ортдан келаётган ҳарбийлар уларнинг барчасини отиб чиқиб кетади.

“Сургун қилинаётганлар тоифаларга бўлинган. Пиёда ёки аравада кета олмайдиганларга уйда қолиш буюрилган. Уларга махсус санитар гуруҳи келиб, шифокорлар билан бирга поездгача етиб олишлари айтилган. Ўшанда бундай тоифадаги одамлар хурсанд бўлишади. Бироқ ортдан келган бир гуруҳ аскарлар келиб, кексаларни ва касалларни бир жойга тўплаб, барчасини отиб ташлашади”, деб эслайди Иса Қодзоев.

Расмий маълумотларга кўра, чеченлар ва ингушларни темирйўл линиясига йиғиб келгунгача бўлган жараёнда 780 киши отиб ташланади. 2016 киши ҳибсга олинади. 6 544 киши қочиб, яширинади.

Чеченлар ва ингушлар қувғин қилинар экан, республикадаги барча масжид бузиб ташланади. Аксарият мозорлар оёқости қилинади. Советлар шу даражада ёвузлик қиладики, ҳатто бир пайтлар Чеченистонда совет ҳокимиятини ўрнатишда жонбозлик кўрсатган Асланбек Шериповга ўрнатилган ёдгорликни ҳам бузиб ташлашади.

Унинг ўрнига Чор Россияси даврида Чеченистонни босиб олишда жонбозлик кўрсатган генерал А.Ермоловга ёдгорлик ўрнатишади. Шу тариқа советлар ўзларига садоқат билан хизмат қилганларнинг қабрларини ҳам хор қилишади.

Чечен-ингуш қувғини ҳақида олинган филмдан кадр

Кейинги босқичда Чечен-Ингуш АССРдаги барча чечен ва ингуш тилидаги шаҳар, қишлоқ, кўча ва бошқа жойларнинг номи тўлиқ алмаштирилади ва уларга Чор Россияси зобитлари ёки совет раҳнамоларининг исми қўйилади.

Чеченлар ва ингушлар ўз ватанидан қувиб чиқарилгач Чечен-Ингуш АССР ўрнида Грозний вилояти (области) ташкил этилади. Сўнг бу вилоятга кўплаб руслар кўчириб келтирилади.

Сургун айнан чечен ва ингуш миллатларига хусумат учун амалга оширилганди. Бир мисол, ўша пайтда русларга турмушга чиққан чечен ва ингуш аёллари қувғин қилинмайди. Аксинча, чечен ва ингуш йигитларига турмушга чиққан рус аёллари сургун қилинади.

Ўшанда рус аёлларига ўз эрлари билан никоҳни бекор қилишса сургун қилинмасликлари айтилади. Лекин уларнинг аксарияти эридан кечмайди ва чечен ҳамда ингушлар билан сургунга кетишни афзал деб билади.

Қувғин Сталин ва Бериянинг чечен ва ингушларга нисбатан бўлган хусуматига кўра амалга оширилганига яна бир исбот шуки, ўша пайтда нафақат Чечен-Ингуш АССРдаги, балки фронт чизиғидан анча узоқда бўлган Доғистондаги, Гуржистондаги чеченлар ҳам ўз уйларидан қувиб чиқарилади ва Марказий Осиёга сургун қилинади.

Азобли йўл

1944 йил 23 феврал куни қувғин қилинаётган одамлар юк вагонларига чиқарила бошланади. Жараён икки ҳафтадан ошиқроқ, 9 мартгача давом этади.

Маълумотларга кўра, уч ҳафта давом этган махсус амалиёт давомида 500 минг одам уйидан қувиб чиқарилади. Улар жами 180 та эшелонга (15 минг вагонга) жойланиб, Марказий Осиёга жўнатилади. Йўлда 56 нафар чақалоқ туғилади, 1 272 нафар одам ҳалок бўлади (йўлда ўлганлар сони бундан бир неча баробар кўп экани айтилади).

Норасмий маълумотларда чечен ва ингушларни йиғиб келиб, темирйўл орқали Марказий Осиёга етказиб бориш жараёнида отиб ташланган ва оғир шароитда ҳалок бўлганлар сони расмий маълумотларда кўрсатилганидан бир неча баробар кўплиги айтилади.

Масалан, совет маълумотларида уйидан қувилган чеченлар ва ингушлар сони 500 минг нафар дейилса-да, аслида уларнинг сони 650-750 минг нафар атрофида бўлгани таъкидланади.

Сургун қилинганларнинг асосий қисми Қозоғистонга, қолганлари Қирғизистонга ва озроқ қисми Ўзбекистонга жойлаштирилади. Ўша пайтда Қозоғистоннинг чеченлар жойлаштирилган шимолий қисмларида ҳаво -40 даража совуқ бўлган.

Россия Конституциявий суди аъзоси Эрнест Аметистов ҳолатни шундай эслади:

“Мен чеченларни вагонларда қандай олиб келишганини кўрдим. Вагондагиларнинг ярми тирик, қолгани жасадлар эди. Тирик қолганлар 40 даража совуққа ташланди”.

Шимолий Осетия области компартия қўмитаси бўлим мудири, миллати ингуш бўлган Х.Арапиев ўша кунларни шундай эслайди:

“Ҳаддан ташқари тиқилинч ва қоронғи вагонларда, сувсиз деярли бир ой давомида номаълум манзил томон йўл юрдик. Йўлда сил касали тарқала бошлади. Касалларни даволашнинг иложи йўқ, ҳар кун одамлар ўларди. Поезд қисқа вақт тўхтаганда уларни темирйўлдан 5 метр нарига кўмиб кетаверишди. Ўшанда уларни темирйўлдан сал нарироққа олиб бориб кўмиб бўлмасди, вагондан 5 метрдан кўп узоқлашганларни ўша жойни ўзида отиб ташлашарди”.

Советлар чеченлар ва ингушларни сотқинликда айблар экан, бу ноҳақ айблов эди. Чунки худди қрим татарларида бўлгани каби уруш пайтида қўлида қурол кўтаришга қодир бўлган барча чечен ва ингуш йигитлари, эркаклари фронтда жанг қилаётганди. Республикада фақат аёллар, болалар кекса ёшдагилар қолганди.

Марказий Осиёдаги чеченлар жойлаштирилган ҳудудлар

Сталин тузуми сотқинлик ҳақидаги даъволарини ва ўз ёвузлигини хаспўшлаш учун фронтда юрган ва немисларга қарши жанг қилаётган чеченлар ва ингушларни фронт ортига қайтара бошлайди.

Сўнг уларга дарҳол Марказий Осиё республикаларига етиб бориш ва қариндошларини топиб, уларга қўшилиш буйруғи берилади.

1944 йил баҳорида уруш СССР ҳудудидан чиқиб Шарқий Европа ҳудудига кўчган, немислар ҳар куни чекиниб бораётган пайтда ёвуз империяга сотқинликда айбланган чечен ва ингуш йигитлари “керак бўлмай” қолганди.

Расмий маълумотларга кўра, немислар бостириб келган пайтда совет армияси сафида қарийб 10 минг чечен ва ингуш йигити хизмат қилаётганди. Уруш бошлангандан сўнг икки йил муддатда бу икки миллат вакилларидан яна 40 минг одам фронтга чақирилади. 1944 йил баҳорига келиб уларнинг жуда кўпчилиги урушда ҳалок бўлганди.

Чечен-Ингуш АССРнинг тубжой аҳолиси сургун қилингандан кўп ўтмай фронтдан қарийб 10 минг чечен ва ингуш йигитлари бўшатилиб, Марказий Осиёга қариндошлари ёнига сургун қилинади. 1945 йил 1 январ ҳолатига фронтда 1,5 минг нафар чечен ва ингуш йигитлари қолган эди.

1945 йил ғалабадан сўнг аввалроқ фронтдан бўшатилиб, Марказий Осиёга сургун қилинган чечен ва ингуш аскарлари “ғалабага ҳисса қўшганлар” сифатида сургун қилинганларнинг махсус рўйхатидан чиқарилади. Бироқ шунда ҳам уларга ўз ватанларига қайтишга рухсат берилмайди.

Чечен ва ингуш йигитлари урушда кўплаб қаҳрамонликлар қилишган, Совет иттифоқи қаҳрамони унвони ҳамда яна кўплаб бошқа орден медалларни олганди. Бироқ бундай қаҳрамонларга ҳам раҳм қилинмайди ва фронтдан ортга қайтарилиб, сургун қилинган оила аъзоларининг ёнига жўнатилади.

Марказий Осиёга олиб келиб ташланган чеченлар

Сургундаги оғир ҳаёт

Қувғин қилинганлар манзилларига етиб келгандан кейин ҳам беморларнинг ҳаммасини касалхоналарга ётқизишнинг иложи бўлмаган. Шу сабабли 1944 йилда касаллик, очлик ва оғир шароит туфайли кўпчилик ўлиб кетган.

1949 йилга келиб 5 йил аввал сургун қилинган 650-750 минг одамнинг қарийб ярми ўлиб кетган, Марказий Осиё республикаларида бор-йўғи 370 минг атрофида чеченлар ва ингушлар қолганди.

Қувғин қилинганлар жуда оғир шароитда яшашга мажбур бўлишади. Чеченистон Фанлар академияси президенти, тарихчи Жаброил Гакаев ўша кунларни шундай эслайди:

“Қувғиннинг биринчи йили жуда оғир кечди. Уй-жой йўқлиги учун сургун қилинганларнинг кўпчилиги тўғридан тўғри даштга ташланганди. Очлик туфайли вазият жуда қийин эди. Маҳаллий қозоқлар ҳам очликдан қийналишарди. Отамнинг қарамоғида 40 га яқин одам, фарзандлари ва яқин қариндошлари бор эди. У жуда кучли ва жасур одам эди. Ўша пайтда тирик қолиш учун ноиложликдан маҳаллий совхоз қўйларини ўғирлаш керак эди. Бир марта отам совхоз қўйларини ўғирлаб келаётганида қозоқлар қувиб етишади. Шунда отам катта пичоқни олиб, ерга чизиқ тортади ва уларга "Яқинлашманг! Оч етимларим бор, керак бўлса ўлгунимча курашаман”, дейди. Шунда отамни қувиб келган қозоқлар унинг умидсиз ҳолга тушганини, ўша пайтда қўйларни ўзида олиб қолиш учун ҳар қандай ишга, ҳатто ўлимга ҳам тайёрлигини тушуниб, ортга қайтиб кетади. Шундай қилиб, отам ҳеч кимнинг очликдан ўлишига йўл қўймади”.

Чеченлар ва ингушлар Марказий Осиёда яшар экан, кўпчилик уларнинг айбсиз эканини биларди. Шу сабабли маҳаллий аҳоли уларга қўлидан келганча ёрдам беради.

Қозоғистон шимолига олиб келиб ташланган чечен аёли қаҳратон совуқда болалари билан

Бироқ одамлар орасида уларни сотқин деб ўйлайдиганлар ҳам бор эди. Орияти баланд бўлган чеченлар ва ингушлар ўзларини сотқинлар деб аташларига чидай олмас, айрим ҳолларда жанжал келиб чиқарди.

Ана шундай жанжаллардан энг йириги 1946 йилда Қозоғистон шарқидаги Лениногорск (ҳозирги Риддер) шаҳрида содир бўлади. Шаҳарда ГУЛаг қамоқхона-лагерида сақланаётган маҳбуслар чеченларни сотқинлар деб атайди. Шунда шаҳардаги барча чеченлар йиғилиб боради ва муштлашув бошланади.

Чечен эркаклари кам бўлгани учун муштлашувда чечен аёллари ва болалари ҳам қатнашади. Ўшанда ҳар икки томондан бир неча киши ҳалок бўлади. Кейинчалик ҳам бундай жанжаллар бир неча марта содир бўлади.

Ортга қайтиш

1953 йилда Сталин вафот этади. Шундан сўнг унинг даврида ноҳақ қатағон қилинганларнинг ишлари қайта кўриб чиқилади ва миллионлаб одамлар ГУЛаг қамоқхона-лагерларидан уйга қайтади.

Шунингдек, ноҳақ қувғин қилинган халқлар, шу жумладан чеченлар ва ингушлар ҳам оқланади. Бироқ уларга бир муддат ватанларига қайтишга рухсат берилмайди.

Қозоғистонда яшаган чечен оиласи

Фақат 1957 йилга келиб, 1944 йилда маъмурий бирлик сифатида тугатилган Чечен-Ингуш АССР қайта тиклангач чеченлар ва ингушларга уйга қайтишга рухсат берилади. Ўшанда қарийб 500 минг одамдан бор-йўғи 150 мингга яқини ватанига қайтади.

Қолганлар кейинчалик йиллар давомида оз-оздан қайтади. Бошқалар эса Марказий Осиё республикаларидан СССР парчаланиб кетгандан сўнг кетишади. Айримлар шу ерда яшаб қолади.

СССР парчаланиб кетгач Чечен-Ингуш АССР ҳам маъмурий бирлик сифатида тугатилди. Ингушетия алоҳида республикага айланди. Чеченлар эса мустақиллик учун учун кураш бошлади. Энди бу бошқа тарих...

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top