Россия–Украина уруши: глобал мувозанатни парчалаган “махсус операция”
Россия ўз қўшниси Украина билан уруш бошлаганига 2 йил тўлди. Хўш, уруш ва унинг атрофидаги глобал вазият бугун қай ҳолатда? Ҳарбий ҳаракатларнинг якуни қайси омилларга боғлиқ? “Геосиёсат” урушининг икки йиллик сарҳисобини сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Толипов, Ойбек Сирожов ва Камолиддин Раббимов билан таҳлил қилди.
— Урушнинг иккинчи йилида жанг майдонлари ва фронт чизиқларида қандай асосий ўзгаришлар содир бўлди?
Фарҳод Толипов: — Биз ҳарбий таҳлилчилар эмасмиз, шунинг учун фронт чизиқларидаги вазиятни айтиш қийин. Икки йиллик урушни даражаларга бўлиб, таҳлил қилиш керак деб ўйлайман. Қандай уруш кетяпти, оқибатлари қандай бўлади, деган саволга 3 даражали таҳлил билан жавоб берган бўлардим. Тор маънода фақат Россия ва Украина уруши, деган ёндашув биттаси; урушнинг постсовет ҳудудида оқибатлари қандай бўлади, Россиянинг империячилик сиёсати, деган ёндашув иккинчи ёндашув; бутун дунёга, Европага таъсири кабилар учинчи даражаси. Ёндашув ҳам бу таҳлилда, албатта.
Биз фақат фронт чизиғи бўйича таҳлил қилсак ҳам, тор ёндашув бўлади. Жанг майдонининг ўзи уруш дегани эмас, уруш тушунчаси кенгроқ. Ўзига яраша мураккаб жараён, фронт чизиқлари силжиб турибди. Юқорида айтган даражаларимиз бўйича ҳам хулоса қилиш мумкин. Россия томони ҳам мана даражаларни ҳисобга олиб ҳаракат қилаётган, режалар қилаётган бўлиши мумкин.
Ойбек Сирожов: — Уруш даврини шартли равишда 4 босқичга бўлмоқчи эдим: уруш бошланган феврал ойи охирларидан мартгача бўлган давр, бу пайтда Россия қўли баланд келди; апрел ойидан январгача қарши ҳужум бўлди, йўқотилган ҳудудларнинг маълум қисми қайтариб олинди; 2023 йил январдан бошлаб Россия Украинанинг асосий инфратузилмаларига зарба бериб бурилиш ясашга ҳаракат қилди, аммо иш бермади ва шу вақтда Украинада қарши ҳужумга тайёрланиш бошланди, июлда бошланган қарши ҳужум октябргача давом этиб, кутилган натижа бермади; октябр ойи охиридан бошлаб яна Россия ҳужумга ўта бошлади, 2024 йил февралга келиб натижалар ҳам бўлди.
Умумий жараёндаги қизиқ бир тенденцияга гувоҳ бўлиш мумкин. Биринчиси, ким ҳужум қилаётган бўлса, ўша томон кўпроқ йўқотишларга учраяпти. Иккинчиси, Украина қарши ҳужумга тайёргарлик пайтида кўп вақт йўқотди, бу орада Россия фронт чизиқларини мустаҳкамлаб олди.
— Бу конфликтнинг глобал халқаро муносабатларга, айниқса Ғарб ва Россия ўртасидаги алоқаларга кўрсатган таъсирлари қандай бўлди?
Камолиддин Раббимов: — АҚШ манбалари Россия Украинага бостириб кирмоқчи деганда, ЕИдаги кўплаб давлатлар бунга ишонмади ва инкор қилди. Шундай бир вазиятда Украинага бостириб кирилгач коллектив Ғарб, дунё ҳамжамияти шок ҳолатига тушди, постсовет ҳудуди давлатлари ҳам. Кейинги даврда НАТО ичкарисида инқироз секинлик билан кенгайиб бораётган эди, чунки НАТОни бирлаштирувчи ягона душман образи мавжуд эмасди. Россия Украинага бостириб киргач, расмий Пекин бу Россиянинг стратегик хатоси бўлди, НАТОнинг қайта бирлашувига, АҚШнинг ЕИга қайтишига сабаб бўлди, деган фикрни айтди. Пекин бундан норози бўлди, табиийки. Чунки бундай геосиёсий ўзгаришлар босқичма-босқич амалга оширилади. Бу ҳақиқатан коллектив Ғарб бирлашувига сабаб бўлди.
2 йил ичида геосиёсий кайфият, ҳарбий стратегик вазият икки томонга чайқалиб турибди. Уруш бошланганда дунё экспертлари Украина узоқ чидолмайди, деди. Лекин бир ой ўтгач, кўпчилик ҳайратланди, дунёнинг иккинчи ҳарбий қудрати бўлмиш Россия ўзи айтгандай Украинани босиб ололмади, босиб олинган ерларнинг ҳам ярмини сақлаб қолди фақат. Ҳозирги вазиятдаги уруш позициялар уруши, ким ҳужум қилса ўша томон кўпроқ йўқотишга дуч келади. Уруш жуда чўзилиб кетди. Тарихдан биламизки, уруш бошлаш осон, лекин тўхтатиш қийин, бир томоннинг ташаббуси билан бўлмайди. Ҳар қандай уруш янги бир консенсус шакллантиради. Агар Путин урушни тўхтатса, таслим бўлганини, ғалабаларни қўлда сақлаб қололмаслигини тан олиши керак. Натижада Россия ҳар доим урушда енгилгач, ҳокимият ёки сиёсий тизим йиқилган. Украина учун бу танлов уруши эмас, чунки у ўз ерини, давлатчилигини ҳимоя қиляпти.
— Халқаро ҳамжамиятнинг санкциялари ва бошқа чоралари қанчалик самарали бўлди?
Фарҳод Толипов: — Санкциялар изсиз кетмайди, таъсир қилади. Санкциялар бошланганда Россиянинг ўзидаги иқтисодчилар ҳам хавотирли прогнозлар қила бошлади. 2022 йил ўтди, кейинги 2023 йилда энди катта йўқотишлар бўлади, деган прогнозлар бўлди, лекин бу сафар ҳам катта йўқотишлар бўлмади. Энди эса бу борада ҳам турли қарашлар пайдо бўла бошлади, санкциялар иш беряптими, деган саволлар ҳам қўйила бошланди.
Путиннинг Карлсонга берган интервьюсига қарайдиган бўлсак, Россия иқтисоди ўсишга ҳам эришган, Европада биринчи иқтисодга ҳам айланган эмиш. Зиддиятли маълумотлар. Россия санкцияларни ҳис қилмади, дейиш нотўғри бўлади, таъсири бўлган. Санкциялар тўхтагандан кейин ҳам ўзини тиклаши қийин. Санкцияларни четлаб ўтишга ҳаракат қилиши ҳам бу санкциялар таъсир қилаётганини билдиради. Бир вақтлар ўзи ёрдам берган Шимолий Корея, Эронга муҳтожлик сезяпти, демак, санкциялар таъсир қиляпти, дейиш мумкин.
Ойбек Сирожов: — Санкциялар таъсир қилди, лекин кутилган натижа бермади. Биринчи навбатда санкциялар сабаб Россияда ички беқарорликни шакллантириб, халқ урушга қарши чиқиши, иккинчидан эса урушни молиялаштириш қийинлашиши керак эди. Аммо бу икки ҳолат ҳам бўлмади. Ўз ўрнида Россия ҳукуматининг моҳирона сиёсатини эътироф этиш керак бўлади, Ғарб санкцияларига жавоб қайтарди ўз вақтида. Иккинчи томондан эса Россиянинг катта ресурсларга эга экани ҳам инобатга олинмади санкциялар эълон қилинганда. Россия билан умумий урушларни кузатсак, уларда ўзига хос шовинистик руҳ бор. Мана шу руҳни ҳозирги ҳукумат уйғота олди, натижада Россия халқи ҳам бирлашяпти.
— Урушни бошлашдан мақсад Украинанинг НАТОга қўшилишининг олдини олиш ва қуролсизлантириш эди. Аммо Финландия ва Швеция НАТОга қўшилди бу орада. Шу вазиятга фикрингиз қандай?
Ойбек Сирожов: — Уруш бошланишида қуролсизлантириш ва нацизмни тозалаш мақсад қилиб қўйилганди. Бу натижа бермади, бошқа давлатлар ёрдам берди, қурол-яроғ билан таъминлади. Шундай ҳолатда бошқа чорасини кўриш керак эди. Россия ва Украина уруши жанг майдонида ҳал бўлмайди, балки қайси давлатнинг сиёсий элитаси, халқи шу қийинчиликларга бардош беролса, ўша томон ғалаба қилиши мумкин.
Швеция, Финландиянинг НАТОга кириши билан баъзи стратегик ютқазишлар бўлди. Лекин бошқа бир томондан Украинанинг НАТОга кириши масаласи ёпилди, кириши мураккаб. Айни шу масалада бошқа постсовет давлатлари Гуржистон, Молдавия масаласи ҳам ёпилди. Постсовет ҳудуди Россия учун Финландия ва Швециядан муҳимроқ.
Камолиддин Раббимов: — Карлсонга берган интервьюсида Путин кейинги йилларда Россия ЯИМ Европа давлатлари ичида биринчи ўринга чиқди, деди. ЯИМни ўлчашнинг икки йўли бор. Биринчиси номинал, Қрим аннексия қилингунга қадар бир баррел нефт тахминан 100-120 доллар эди ва Россия катта даромад оларди. 2014-2015 йилларда Россия ЯИМ 2 трлн доллардан ошарди. Иккинчи ўлчов сотиб олиш қобилияти билан. Россиядаги 1 доллар билан АҚШдаги 1 долларнинг сотиб олиш қимматида катта фарқ бор. Россияда санкциялар сабаб рубл инфляцияси бор, доллар қадри ошган. Мана шу доллардаги сотиб олиш қобилиятига кўра биринчи иқтисодиёт дейиляпти, лекин бу халқнинг турмуш тарзи ошди, дегани эмас, халқнинг сотиб олиш қобилияти анча пасайди.
Урушнинг асосий қисми пропаганда, санкциялар сабаб иқтисодий қийинчиликка тушдик, деса, енгилган бўлади. Путиннинг олдида кучли иқтисодчилар бор. Иқтисодни либералларга топшириб қўйибди, санкцияларга эса ақлли жавоб қайтаряпти.
Фарҳод Толипов: — Яқинда Бразилияда G20 давлатлари саммити бўлди. Унда Россияга нисбатан санкциялар масаласига ҳам тўхталишди ва бир нечта иштирокчилар каттароқ санкциялар қўллаш кераклигини айтиб ўтди.
— Урушнинг келажагини кўриб чиққан ҳолда, НАТО ва Россия ўртасидаги зиддиятлар қандай ривожланиши мумкин?
Камолиддин Раббимов: — Россия-Украина уруши бошланганида тахминан ярим йил-бир йил давомида Россия анча тушкун кайфиятда бўлди, чунки Украина босиб олинган ерларнинг ярмини қайтариб олди. Россия ҳокимиятига яқин шахслар керак бўлса Россия ядро қуролини ишлатиши мумкин деб эслаб турди. Ҳозир ҳам вақти-вақти билан эсланади. НАТОнинг Украинани қўллашда асосий эҳтиёткорлиги Россиянинг ядровий салоҳияти. Россияни қаттиқ таҳқирлаш ёки қўрқитиб юбориш ядро хавфини юзага келтириши мумкин. Уруш бошланганда россиялик экспертлар Киев атрофига тактик ядровий бомба ташласак, таслим бўлишар деб кўп айтишди.
ЕИда Россияни таъбир қилиб бўлмайди, деган консенсус шаклланиб бўлган. Путин Карлсонга биз ҳеч кимга ҳужум қилмаймиз, деди, лекин бунга ҳеч ким ишонмайди, олдинам шундай деган. Финландияга нисбатан ҳам олдин эътирозимиз йўқ эди, НАТОга қўшилди, энди жавоб берамиз, деган гапни айтди. Путин Украина компаниясини ўз фойдасига ҳал қилиб урушни тугатса, бундан кейин ҳам урушсиз ўтиролмайди. Чунки 150 млн халқи бор Россияда уруш жараёни тўхтаса, ичкарида сарҳисоб бошланади: нимага эришдик, қанча одам ўлди каби. Бу эса Путин сиёсий тизимига унча маъқул келмайди.
Ойбек Сирожов: — Россия ва НАТО муносабатларида қизил чизиқ бор, яъни Россия томонидан ядро қуроли ишлатилмайди, НАТО эса тўғридан-тўғри қўшилмайди. Ким нима ютди, деган савол ҳам бор. Юқорида айтилгандек, инқироз ёқасидаги НАТО қайта бирлашди, уни молиялаштириш борасидаги эътирозли масалалар бутунлай кун тартибидан чиқарилди. Кенгаядиган ҳам бўлди НАТО. Россиянинг ютгани эса Украинанинг НАТОга кириши масаласи кун тартибидан чиқди, постсовет ҳудудидаги бошқа давлатлар ҳам.
Бошқа давлатга уруш очоладими, дейдиган бўлсак. Россия имкониятлари кескин чегараланди 2 йиллик уруш давомида. Яна бир фронт очиш имкони йўқ. Сўнгги вақтларда музокараларга ҳам ҳаракат қиляпти. Бундан ташқари, бошқа имкониятлар ҳам излаяпти, сўнгги ҳафтада космосга ядро қуроли жойлаштириш масаласи муҳокама қилинди. 20 феврал куни Шойгу ҳам интервьюсида шу масалани кўтарди. Бу ҳам ўзига хос сигнал, савдолашиш кетяпти. Эвазига нима сўралиши сўроқ остида, балки қурол етказишни тўхтатиш сўралар. Бу пропаганда бўлиши ҳам мумкин.
Фарҳод Толипов: — Молдавия, Гуржистонда НАТОга аъзо бўлиш масаласи олиб ташланди, деган фикрга қўшилмайди, чунки бундай хабарлар, ишоралар йўқ. Молдавия маъмурияти ЕИ ва НАТОга кириш истагини тинимсиз билдириб келяпти. Украинанинг аъзо бўлиши масаласи ҳам уруш тугагандан кейин кўриб чиқилиши айтиляпти, нейтрал бўлиб қолиши каби вариантлар айтилмаяпти. НАТОнинг янги концепциясида Россияни душман давлат сифатида белгилашди, НАТО бош котиби Украинага ёрдам беришни тезлаштириш керак, деяпти. Яъни НАТОнинг позициялари қатъий. Яқин орада НАТО тарихида бўлмаган кўламда ҳарбий машғулотлар ўтказди. Шундай экан, НАТО Россия билан бўладиган эҳтимоий урушга тайёргарлик баробарида ўз қудратини кўрсатди.
НАТО ва Россия ўртасида билвосита уруш кетяпти десак ҳам бўлади маълум маънода. Ҳозирги уруш фақатгина Украина ва Россия ўртасида бўлганда бошқача тугаган бўларди. Агар Украина мағлуб бўлса, Россия Европага таҳдид солади, деяпти ва Украина масаласи, уни НАТОга қўшиш долзарблигича қолади. Бразилиядаги G20 саммитида ҳам бу борадаги гаплар очиқ айтилди.
Камолиддин Раббимов: — Мюнҳен конференциясида ҳам Германия томони Украинага ёрдам бериш кун тартибидан тушмаслиги керак, деди. Ғарбда шундай тафаккур шаклландики, Афғонистон компаниясидан кейин Украинада ҳам ютқазса, геосиёсий фожиа бўлади бу. Чунки қолган авторитар давлатлар бош кўтаради, Хитой Тайванни олиб қўяди, Ғарбнинг обрўси тушиб кетади, стратегик ютқазиш бўлади. Ўйлайманки, Украинага ёрдам яна кўпаяди.
Ойбек Сирожов: — АҚШдаги сайловларнинг ҳам таъсири бор, лекин шу билан бирга АҚШ ўз мақсадларига эришди. Яъни бутун Европа бозорини газ билан таъминлашда АҚШ роли ошди, Россия бу бозордан чиқиб кетди. АҚШнинг қурол ишлаб чиқариш компаниялари ҳам мисли кўрилмаган фойда кўрди. Европа ҳам, АҚШ ҳам берадиган ёрдамларни бериб бўлди, бундан бу ёғига кучлироқ қуроллар бериш мумкин, лекин бу вазиятни мураккаблаштириб юборади. Иккинчи йўл эса ҳарбий саноатни ривожлантириш, лекин бу ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради. Ғарб мана шундай дилемма олдида турибди. Кейинги вақтда баёнотлар кўп бўляпти, лекин амалий ҳаракатлар кам бўляпти.
— Украина можаросидан сўнг, Россиянинг собиқ ССР ҳудудларига нисбатан ҳаракатлари қандай бўлиши мумкин?
Ойбек Сирожов: — Босим бўлади постсовет ҳудудларига, менимча. Россия сиёсий элитасида ҳозирги урушнинг олдини олишимиз мумкин эди, ўз вақтида эътибор бермадик, Ғарб хоҳлаганини қилди у ерда, бошқа давлатларга нисбатан шу хатони қилмаслигимиз керак, деган тушунча бор. Россияда постсовет ҳудудидаги давлатларга босим ўтказиш йўллари ишлаб чиқилган. Масалан, бизга нисбатан мигрантларни кўтаради, Тожикистонга нисбатан ҳарбий база, «Толибон» хавфи, Қозоғистонга нисбатан чегара муаммолари ва бошқалар. Бу ёғига Россиянинг бу тенденцияси кучайиб боради. 2 йиллик уруш давомида Украина қўли баланд келаётганда бу масалалар пасайган, аммо Россия ташаббусни олгач яна кучайган.
Камолиддин Раббимов: — Путин ҳокимиятдан кетгач ҳам Россиядаги империячилик кайфияти сақланиб қолади қайсидир шаклда. Россиялик сиёсатшунослар айтадики, Россия сўнаётган давлат: демографик қисқаряпти, иқтисодий улуши, геосиёсий улуши қисқаряпти. Шунинг учун ҳам Россия постсовет ҳудудини ўз атрофида интеграция қилишни мақсад қилиб қўйган. Постсовет ҳудудида Россиянинг 2 та катта лойиҳаси бор: Евросиё иқтисодий иттифоқи ва КХШТ. Лекин буларнинг ичида ҳам фундаментал зиддиятлар бор, масалан Россия ва Қозоғистон муносабатлари. Агар биз бу ташкилотларга кирсак, қайтадан Россия билан тўқнашиш, қайтадан зўриқишни келтириб чиқаради. Марказий Осиёга таъсири заифлашишини истамайди Россия. Сўнгги 6-7 йил ичида Марказий Осиёда биринчи марта геосиёсий ҳамжиҳатлик бор. Минтақа давлатлари глобал майдонда ўзини субъект сифатида кўришни истайди ва Россияга нисбатан ҳамжиҳатлик бор.
— Урушнинг келгусидаги истиқболлари қандай ва қайси омиллар бу ҳолатга таъсир қилиши мумкин?
Фарҳод Толипов: — Суҳбат бошида 3 та даража ҳақида гапирдим. Уруш йиллари ва олдинроқ ҳам Россия сиёсати дўстдан душман ясаш бўйича мастер класс ўтадиган даражага чиқди. Сабаб бўлмаган ҳолатда ҳам қўшниларига шубҳа билан қараб, Ғарб билан бирлашяпти деб тамға босиб, қўпол равишда чиқишлар қилишди. Қараб чиқилса, Россия томонидан таҳдидли гап айтилмаган постсовет ҳудудидаги давлатлар қолмади ўзи. Арманистонга нисбатан ҳам шундай Украинанинг куни бошига тушади, деган маънода гап бўлди яқинда. Смолин, Прелипинга ўхшаганлар бизга ҳам таҳдидли гап айтди, қўшиб олиш керак, деди. Биз доим Россия билан яхши ҳамкорлик олиб боряпмиз, лекин шундай яхши муносабатда ҳам шундай таҳдидлар бўляпти. Дўстни душманга айлантириш бўйича сабоқ берадиган даражада Россия.
Ҳозир Украинада бошқа постсовет ҳудудидаги давлатларнинг ҳам тақдири ҳал бўляпти, дейиш мумкин. Бир вақтлар Совет иттифоқи парчаланган бўлса, бугун МДҲ ташкилоти ҳам парчаланиши мумкин, деб тахмин қилсак бўлади. Постсовет ҳудуди давлатларида Россияга нисбатан норозилик кайфияти бор. МДҲ асосчи давлатларидан бири Украинада уруш бўляпти, лекин МДҲ саммитларида уруш ҳақида бир сўз бўлгани йўқ. Демак, МДҲ ҳам заиф ташкилот экан, парчаланиши мумкин, деган хулосалар қилиш мумкин.
Халқаро тизимда ҳам уруш якуни ислоҳотларга олиб келиши мумкин, масалан, БМТ ислоҳотлари. Бу мавзу ҳам алоҳида таҳлил қилишга арзийди. Ядровий қурол тақдири нима бўлади энди? Бу қурол ушлаб туриш, тийиб туриш қуроли дейилар эди, уруш бошлаш учун эмас. Аммо Россия сиёсатчилари бу билан таҳдид ҳам қилишяпти. Энди хавфсизлик фалсафаси ҳам ўзгарди. Шунинг учун уруш якунлангач, ядровий қурол масаласи кўтарилади, деб ўйлайман.
Ойбек Сирожов: — Биз учун Ўзбекистон, Марказий Осиё манфаатлари муҳим ҳисобланади. Иккинчи жиҳат эса урушга таъсир қилувчи омиллар масаласи: ташқи ва ички омиллар деб ўйлайман. Ташқи омиллар Ғарбнинг қўллови бўлса, ички омил эса яна ҳам муҳимроқ. Бир маълумот ўқиб қолдим, 2022 йил март ойидан 2023 июнгача Россия ҳудудидан 59 та самолёт ноқонуний олиб чиқилган. Шу самолётдан 3 таси урушда қатнашган. Яъни Россияда ҳам, Украинада ҳам коррупция муаммоси бор. Ғарбнинг Украинага эътирози ҳам коррупция масаласида бўляпти. Яъни ички омил шу, ҳукумат коррупцияга қарши қанчалик кураша олади, деган масала. Бу уруш боришига ва натижаларига жиддий таъсир қилади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024