Спорт | 14:52 / 04.03.2024
20610
4 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги турнирда ўзбекистонлик дзюдочилар 6 та медал олди

Тошкентда ўтган дзюдо бўйича «Катта дубулға» турнирида Ўзбекистон жамоаси вакиллари ўз натижасини яхшилаб, Франция ва Япониядан кейин 3-ўринни эгаллади.

1–3 март кунлари Тошкент шаҳрида дзюдо бўйича халқаро «Катта дубулға» турнири ўтказилди. Унда Ўзбекистон жамоаси 2 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза, жами 6 та медалга сазовор бўлди. Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, дунёнинг 68 мамлакатидан 500 нафарга яқин спортчи иштирокида кечган мусобақада ўзбекистонликлар Франция ва Япониядан кейин умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни қўлга киритди.

1 март кунги баҳсларда –60 кг вазн тоифасидаги Достон Рўзиев олтин медални қўлга киритди. Илк бор IJF таснифидаги мусобақалар финалида иштирок этган ушбу спортчи жаҳон чемпионати совриндори, гуржистонлик Гиорги Сардашвилини мағлубиятга учратиб, жамоанинг илк медалига сазовор бўлди.

Достон Рўзиев

Бу чемпионлик Рўзиевга жаҳон ва Париж-2024 рейтинги учун 1000 очко тақдим этди.

Шу куни –52 кг вазн тоифаси вакили Гулҳаё Жўраева ҳам медалга эга чиқди. У ҳам фаолиятидаги илк катта мусобақада муваффақиятли иштирок этди ва яримфиналда Олимпиада ва жаҳон чемпионати совриндори, ҳозирда жаҳон рейтингида 6-поғонада турган британиялик Челси Жайлсни мағлуб этиб финалга чиқди.

Гулҳаё Жўраева чапда биринчи

Аммо ҳал қилувчи баҳсда франциялик дзюдочи, Токио олимпиадаси финалчиси, жаҳон чемпионатларининг кўп карра ғолиби, ҳозирда жаҳон рейтингида 3-поғонада жойлашган Амандин Бушарга имкониятни бой бериб қўйди.

Шу куни –66 кг вазн тоифасида бронза медали учун курашган Сардор Нуриллаев эса бразилиялик Вилям Лимага ютқазди.

2 март кунги баҳслар ҳам жамоага икки медал тақдим этди.

–73 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Шаҳрам Аҳадов бешинчи бор «Катта дубулға» турнирида совриндор бўлди. У учинчи ўрин учун кечган баҳсда россиялик Маҳмадбек Маҳмадбековдан (нейтрал атлет мақомида иштирок этган) устун келди.

Шаҳрам Аҳадов

Ўзбекистон жамоасининг –73 кг вазн тоифасидаги яна бир вакили Обидхон Нўъмонов ҳам бронза медали эгасига айланди. Учинчи ўрин учун баҳсда қозоғистонлик Данияр Шамшаев тақиқланган усул қўллагани учун ғалаба ўзбекистонлик спортчига берилди.

Обидхон Нўъмонов

Аҳадов ва Нўъмонов ўз ҳисобларига жаҳон ва Париж-2024 рейтинги учун 500 очкони қўшиб қўйишди.

Шу кунги баҳсларда –70 кг вазн тоифасида бронза медал учун курашган Гулноза Матниёзова эса нидерландиялик Маргит де Вугтга ютқазди.

3 март куни Ўзбекистон жамоаси яна битта олтин ва битта бронза қўлга киритди.

–90 кг вазн тоифаси вакили Давлат Бобонов учинчи ўрин учун баҳсда кубалик Иван Моралесни 16-сониядаёқ мағлубиятга учратди. Бобоновнинг «Катта дубулға» турнирларидаги медаллари сони тўққизтага етди. У 2022 йилда Тошкентда ўтган мусобақада дзюдо бўйича жаҳон чемпиони бўлганди.

Жаҳон чемпиони, Masters турнири ва Осиё ўйинлари ғолиби Музаффарбек Тўрабоев (–100 кг) ўз титулларини яна биттага кўпайтирди. У финалда олдинги икки мусобақасида мағлубият нималигини билмаган россиялик Матвей Каниковский (нейтрал мақомда)ни 13-сония ичида мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди. Шу тариқа, Тўрабоев жаҳон ва Париж-2024 Олимпия ўйинлари рейтинги учун 1000 очкони ўз ҳисобига қўшиб қўйди.

+100 кг вазн тоифасида бронза медал учун курашган Шоҳрух Бахтиёров эса россиялик Инал Тасоевга (нейтрал атлет) мағлуб бўлди.

Мавзуга оид