Ўзбекистон | 08:43 / 06.03.2024
5398
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2019 йилдан бери мингдан ортиқ манба тақиқланган 

Ўзбекистонда 2019 йилдан бери Олий суднинг 80 дан ортиқ қарори асосида 1000 дан зиёд манба тақиқланган. Улардаги материаллар диний ақидапарастлик, экстремистик ва террористик ғояларини тарғиб этишга йўналтирилган деб топилган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 2019 йилдан ҳозирга қадар Олий суднинг 80 дан зиёд ҳал қилув қарори асосида 1000 дан ортиқ манба тақиқланган. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди.

Facebook, «Одноклассники», Instagram ва TikTok ижтимоий тармоқлари, Telegram мессенжери, YouTube видеохостинги ва бошқа 1000 дан ортиқ манба ва улардаги материаллар диний ақидапарастлик, экстремистик ва террористик ғояларини тарғиб этишга йўналтирилган деб топилиб, уларни Ўзбекистон ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш, сақлаш, олиб кириш ва намойиш этиш тақиқланган.

Олий суд эслатишича, Жиноят кодексининг 244−1-моддасига мувофиқ диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек, диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилишга олиб келади.

Мавзуга оид