11:40 / 03.04.2024
4642

Сайхунобод тажрибаси: мазкур амалиётнинг асл моҳияти нимада?

Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодировнинг таъкидлашича, ички имкониятлари катта бўлган ҳар бир ҳудуд танлаб олиниб, маҳаллий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ишлар амалга оширилади. Сайхунобод тажрибаси бора-бора бошқа ҳудудларга ҳам кенг татбиқ қилинади.

Фото: Kun.uz

Таҳлилий мақолаларингизда ҳудудий хусусиятлар макроиқтисодий ва стратегик режалаштиришда ҳисобга олиниши кераклиги ҳақида кўп ёзгансиз. Туманлар кесимига келсак, у ерда қандай ташкилий ва молиявий имкониятлар борки, улардан фойдаланиш мумкин?

— Бугунги кунда туман ҳокимликлари «ҳоким ёрдамчилари» деган институт билан мустаҳкамланган бўлиб, улар ҳар бир маҳаллага алоҳида бириктирилган. Бу институт ўтган вақт давомида ўзининг кераклигини ва ўз вақтида тузилганини тўла исботлади. Айнан шу ёрдамчилар туфайли тадбиркорлар давлат билан ўз муносабатларини тўла ишонч асосида олиб боришлари мумкинлигига амин бўлишди. Бугунги кунда ҳоким ёрдамчилари тадбиркорларга ишни қандай ташкил қилиш, бозорларни қандай топиш, айланма маблағлари учун қандай кредит ресурсларини жалб қилиш каби ўта муҳим ва практик аҳамиятли масалаларда ёрдам берувчи энг муҳим «звено» бўлиб қолди.

Илгари бу ишлар давлат банклари ва уларнинг ходимларига топширилар эди. Лекин бу банкларга хос фаолият эмас ва манфаатлар зиддияти юзага келаётганди.

Кейинги муҳим масала иқтисодий имкониятлар ва маҳаллий аҳолининг позитив ўзгаришларга нисбатан шиддатини уйғотиш.

Бу борада ҳам кейинги йилларда кўп ишлар қилинди ва моддий қувватлаш 2 йўналишда бўлди – банклар ва давлат бюджети томонидан. Давлат маҳаллий тадбиркорлик ҳаракатини уйғотиб, уни ривожлантиришга кўп стимуллар, лифтлар яратди. «Ҳар бир оила тадбиркор», «Ёш тадбиркор», «Тадбиркор аёл» дастурлари асосида юз минглаб оила ва ёш тадбиркорларга дастлабки тижорат фаолияти учун 2022 йилгача 10 дан ортиқ банклар, ундан кейин эса Халқ банки, Агробанк ва Микрокредитбанк томонидан жуда кўплаб кредит маблағлари ажратилди. Тўғри, баъзи ҳолларда берилган маблағлар мақсадга мувофиқ ишлатилмай, уларнинг қайтиши мураккаблашган. Лекин умумий тадбиркорлик ҳаракатининг қишлоқ ҳудудларида кўтарилиши ва халқнинг умумий даромадлари ошишига бу дастурларнинг сезиларли ҳисса қўшаётгани шубҳасиз. Асосий мақсад эса айнан шу эди.

Кейинги вақтларда Сайхунобод тажрибаси ҳақида кўп гапирилмоқда. Бу тажрибанинг асл моҳияти нимада?

— Сайхунобод чўл зонаси бўлиб, асосий логистика йўлларидан четда қолган. Табиийки, кўпгина чўл зонасидаги аҳоли каби, у ердагилар ҳам кўпроқ чорвачилик билан шуғулланиб, тирикчилик қилган. Лекин бу айнан «тирикчилик» бўлган, яъни бунинг ортидан ҳар бир оила ўз эҳтиёжларига аранг етадиган озуқа топган ва минимал даражада даромад кўрган. Йиллар давомида аҳоли сонининг ўсиши туфайли бу ерларда киши бошига даромад миқдори қисқариб, аҳолининг турмуш даражаси тушиб бораверган. Сир эмаски, ҳар бир худуднинг иқтисодий-ижтимоий ўсиши у ердаги ишлаб чиқариш кучларининг сони ва сифатига ҳамда турли савдо йўналишларига яқин-узоқлигига боғлиқ.

Шунинг учун президент Шавкат Мирзиёев томонидан Сирдарёда иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари бўйича ҳозирги шароити ўртачадан паст, лекин ички имкониятлари катта бўлган бир худуд танлаб олиниб, у ерда намунавий тажриба сифатида маҳаллий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича маълум маънода эксперимент – ташаббус таклиф қилинди. Бу ташаббуснинг моҳияти қуйидагиларда жамланган:

1. Томорқа ва ёрдамчи хўжаликдаги ер ресурслари тадбиркорликнинг энг биринчи таянчи ва даромаднинг манбаи деб қаралиши. Яъни деҳқон ва фермерлик ҳаракатининг давомий мантиғи сифатида иқтисодиётга томорқа ва ёрдамчи хўжаликнинг ер ресурсларини жалб қилиш ташаббуси;

2. Томорқа ва ёрдамчи хўжаликдаги фаолият турларини диверсификация қилиш, яъни чорвачиликни деҳқончилик, боғдорчилик, асаларичилик, балиқчилик имкониятларини ривожлантириш билан тўлдириш;

3. Турли соҳаларда ўз касби устаси бўлган кишиларнинг илғор тажрибасини ёш тадбиркорлар орасида тарқатиш, устоз-шогирд ҳаракатини рағбатлантириш;

4. Тадбиркорликка қўл ураман деган ҳар қандай маҳаллий ташаббусни давлат банклари кредитлари ва маҳсулотни қисқа муддатда сақлаш имкониятлари (қоқи қилиш ва музлаткич ускуналари) ва сотиб беришга кўмаклашувчи институтлар орқали рағбатлантириш;

5. Турли сабабларга кўра тадбиркорликни кенг кўламда олиб бора олмайдиган оилаларга маҳаллий ҳокимият резервлари ёрдамида минимал даромад манбаини яратиш (мол, қўй, товуқ ёки ҳовлисида кичик бир иссиқхона қурилишида ёрдам бериш);

6. Марказлаштирилган ва вилоятнинг резервлари ёрдамида маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, айниқса, йўллар ва маҳаллалар ҳудудини энергия билан таъминлаш, ерларнинг умумий мелиоратив ҳолатини қувватлаш тизимини яхшилаш.

Айнан шу ишлар президент ташаббуси билан Сайхунобод туманида амалга ошириб келинмоқда ва бу тажриба бора-бора бошқа ҳудудларга ҳам кенг тарқатилади.

Нега айнан Сайхунобод танланди?

— Бу саволга юқорида қисман жавоб бердим. Қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки, давлат раҳбари ҳудудни танлашда бир нечта мезонни ўртага ташлаган эди: бугунги кунда иқтисодий жиҳатдан нисбатан ортда, лекин ички потенциали юқори ҳудуд; аҳолиси нисбатан зич ва компакт яшайдиган жой (яъни ишлаб чиқариш кучлари етарли); қайсидир сабаблар туфайли аҳоли орасида тадбиркорлик руҳи кенг тарқалмаган. Энг муҳим мезонлардан бири – озгина давлат томонидан туртки берилган тақдирда ички имкониятларни кенг ривожлантириш потенциали мавжудлиги эди.

Умуман Сирдарё вилояти аҳолисига келсак, жумладан Сайхунобод, у ерлардаги аҳолининг аксарияти Фарғона водийси ва Сурхондарё, Қашқадарё воҳаларидан кўчириб келинган. Яъни аҳоли бир-бирини бир неча авлодлар давомида узоқ йиллардан бери яхши танимайди, давлат томонидан бериладиган турли кўрсатмаларга амал қилиб ўрганиб қолган, асосий бойлиги шу давлат томонидан ажратиб берилган хусусий томорқа (чўл бўлгани учун бу ерда давлат ер ажратиш жараёнида жуда «ҳотамтойлик» қилган. Кўп ҳолларда 3 та хонадоннинг ери 1 га майдонни ташкил қилади). Оқибатда Фарғона ёки Сурхондарё воҳаларига ўхшаб мустақил деҳқончилик амалиётлари, кўникмалари кенг ривожланмаган. Кўп жойларда ер захлиги юқори ва ерости сувлари сатҳи яқинлиги туфайли (Сирдарёнинг қадимги ўзанлари таъсири) кўпчилик беда экиб, фақат ўтроқ чорва билан шуғулланган. Йиллар ўтиб баъзи оилалар учун бу ягона даромад манбаи бўлиб қолган.

Бир вақтлар Сайхунобод ҳудудида бир нечта сув йиғувчи коллекторлар мавжуд бўлиб, улар кўп йиллар давомида қаровсиз қолиб, ўз функциясини бажармай қўйган. Натижада ерларнинг захлиги кучайиб, ерости сувлари янада кўтарила бошлаган, баъзи ерларда туз концентрацияси ошган.

Айнан ана шу тажриба давомида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан турли коллекторлар тозаланяпти ва уларнинг фаолияти (жумладан, Иттифоқ маҳалласи худудида) қайта тикланяпти.

Сиз бир неча кун у ерларда бўлдингиз, аҳоли ва ҳокимият вакиллари билан учрашдингиз. Нималарни кузатдингиз?

— Энг катта муаммо давлат томонидан мобилизация қилинаётган ташкилий ва пул маблағларида ҳам эмас экан. Асосий муаммо бу – халқни ўз кучига ва имкониятларига ишонтириб, сал бўлса-да тадбиркорлик таваккали кўникмаларига ўргатишда. Азали-обод хусусий мулк тақиқида ва бутунлай давлат ҳимояси ҳамда йўриғида яшаган халқда ўз тақдирини ўз қўлига олиши, оиласи учун даромадларни ўзи яратиши мумкинлигини сингдириш энг оғир масала. 30 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам, бу фурсат инсонлардаги руҳий кўникмаларни ўзгартириш учун етарли эмас экан. Шаҳарларда бу муаммо деярли йўқ. Қишлоқда эса одамлар ерга бутунлай боғланиб қолган ва уни ўзининг энг катта таянчи деб билади. Лекин қизиғи шундаки, бу ердаги инсонлар ана шу ердан фойдаланиш масаласида ўта консерватив. Ота-бобоси бу ердан қандай фойдаланган бўлса, у ҳам айнан шу издан боради ва янги имкониятларни излашга уринмайди. Масалан, агар маълум бир худудда аксарият аҳоли маълум объектив сабабларга кўра (ер зах ёки яйловлар яқин) чорва билан шуғулланиб ўрганиб қолган бўлса, уларни деҳқончиликка ўргатиш, муҳими шу таваккални қабул қилишга кўндириш жуда қийин масала!

Яна бир бор амин бўлдимки, мамлакат ривожи учун табиий ёки моддий бойликлар мавжудлиги энг катта фактор эмас экан. Одамларнинг руҳияти ва уларнинг ўз тақдирини ўзи ҳал қила олишига ишончи – энг катта омил экан.

Мен Сайхунободда Иттифоқ, Нуробод, Мустақиллик, Гулбулоқ маҳаллаларига шахсан бордим, хонадонларга кириб, уларнинг эгалари билан президент ташрифи арафасида ва ундан кейин ҳам суҳбат қилдим.

Албатта, хокимият ва банк вакиллари учун ҳам ташвиш анча кўпайди. Маҳаллалар ичига кириб, ҳар бир хонадон билан гаплашиб, уларнинг эҳтиёжи ва имкониятини ўрганиш учун оз вақт ва диққат талаб қилинмайди. Лекин ҳар бири ўша халқнинг фарзанди ва қилаётган иши қўшниси, дўсти ва қолаверса, узоқ қариндошининг манфаати учун бўлаётганини яхши тушунади, бундан ҳатто фахрланади ҳам.

Менимча, айнан ана шу, яъни халқнинг кўзидаги ишонч ва дадиллик президент ташрифидан кейинги энг катта ўзгариш.

Мазкур ташриф давомида нималар сизни ташвишга солди?

— Мени ташвишга солган нарса бу масъулиятлар тақсимотида йўлга қўйилаётган камчиликлар. Энг катта муаммолардан бирини тадбиркор ва банклар ўртасидаги муносабатларда кўраман. Кўп ҳолларда биз яна ўша эски амалиётга, банк ходимларига хос бўлмаган функцияларни бажаришга мажбурлаяпмиз. Бизнес ғоясини ишлаб чиқиш, бизнесни бошлашга керак бўлган воситалар, жумладан, моддий ресурслар хажмини ҳисоблаб чиқиш банк ва унинг ходимларининг иши эмас. Буни ўша ишини бошлаётган тадбиркор хоким ёрдамчиси амалий кўмаги билан бирга ишлаб чиқиши ва банкка мурожаат қилиши керак.

Иккинчи томондан, банкларда ҳам катта таваккаллар (рисклар) мавжуд. Улар илгари кредит олиб, уни қайтармай, «қора рўйхат»га тушган тадбиркорлар билан илгаригидек ишончли ҳамкорликни юрита олмайди, кредит ресурсларини ҳам автоматлашган тизим талаблари туфайли ажрата олмайди.

Учинчи бир катта блокли масала: йўл, энергетика ва қишлоқ хўжалиги инфраструктурасини яратишда марказ ва вилоят имкониятларини уйғунлаштириш. Масалан, мелиорация талаблари бўйича катта-катта зовурларни тозалаш ва уларнинг фаолиятини тиклаш, маҳаллалар ичидаги йўлларни таъминлаш кўп йиллик эътиборни талаб қилади. Демакки, вилоят ва марказдан бюджет маблағларини, ишлаб чиқариш ресурсларини тақсимлашда алоҳида аниқлик керак.

Аминманки, вилоят раҳбарияти бу муаммоларни жуда яхши ҳис қилади ва тегишли ишларни собитқадамлик билан амалга оширади.

Top