Ўзбекистон | 12:01 / 11.05.2024
18300
2 дақиқада ўқилади

Туман даражасидаги тўрт юзга яқин масъуллар ишдан олинди

Аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланишга қаратилган Сайхунобод тажрибасини оммалаштиришдаги сусткашлиги учун 382 нафар масъул ишдан олинган. Хусусан, ўрганиш ўтказилган 7 та туманда ўнлаб томорқаларда экин экилмагани аниқланган. Айни пайтда, бу борадаги ишлар натижасида апрел ойининг ўзида 365 минг аҳоли бандлиги таъминлангани айтилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 10 май куни ўтказилган йиғилишда аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш бўйича Сайхунобод тажрибасининг жойлардаги ижроси муҳокама қилинди.

Давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарига кўра, бу борадаги ишлар натижасида апрел ойининг ўзида 365 минг аҳоли бандлиги таъминланган ва тадбиркорликка жалб қилинган. Банклар ўз мижозларининг муаммоларини ҳал қилиб, 115 минг кишининг ишли бўлишига шароит яратган. Маҳаллаларда 70 мингта микролойиҳа амалга оширилган. 465 минг гектар томорқага экин экилган.

“Лекин айрим ҳудудларда сусткашликлар ҳам бор. Масалан, ўрганиш ўтказилган 7 та туманда ўнлаб томорқаларда маҳсулот экилмаган.

Сусткашликка йўл қўйгани учун туман даражасидаги 382 нафар масъуллар ишдан олингани маълум қилинди”, – дейилади расмий хабарда.

Қайд этилишича, президент бандлик ва аҳоли даромади масаласи бирламчи аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидлаб, барча даражадаги раҳбарларни огоҳлантирган.

Сайхунобод тажрибаси бўйича ишларни туман ва маҳалла кесимида сифатли ташкил этиш, аҳолига доимий иш ўрни ва даромад манбаи яратиш бўйича вазифалар кўрсатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, 14 март куни президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида йиғилиш ўтказган, бу йиғилишда “томорқа ва уй хўжаликларини ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишда нафақат Сайхунобод, балки бутун мамлакатимиз учун туб бурилиш ясаши” таъкидланган эди.

Бу тажрибага кўра, тумандаги 19 та маҳаллада ҳоким ёрдамчилари “1 сотих томорқадан камида 1–2 миллион сўм даромад” деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқиши белгиланган. Маҳаллаларга мини трактор ва мотокултиваторлар олиб берилади, ҳоким ёрдамчилари бу техникалар ҳисобидан томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматларини кўрсатади.

Мавзуга оид