08:10 / 08.04.2024
6024

ИИОда фуқароларни алкотестер билан текшириш тартиби тасдиқланди

Ички ишлар ходимлари ёки Миллий гвардия органлари ҳарбий хизматчилари ёки ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида ИИО навбатчилик қисмларига олиб келинган шахслар алкоголли ичимлик истеъмол қилгани алкотестер ёрдамида текширувдан ўтказилади.

Фото: iStock

“Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларида алкотестер ёрдамида шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

Ички ишлар органлари ходимлари ёки Миллий гвардия органлари ҳарбий хизматчилари ёки ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида ички ичлар органларининг навбатчилик қисмларига олиб келинган шахслар алкоголли ичимлик истеъмол қилгани алкотестер ёрдамида текширувдан ўтказилади.

Қуйидагилар текширув ўтказиш учун асос бўлади:

  • шахснинг оғиз бўшлиғидан алкогол ҳиди келиши;
  • шахснинг бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши);
  • шахс нутқининг бузилгани;
  • шахснинг қўл бармоқлари қалтираши;
  • шахс юз териси ранги сезиларли ўзгаргани.

Масъул ходимлар ҳар қандай вазиятда текширилувчи шахс билан вазмин, хушмуомала, одобли ва эътиборли бўлиши, уларга ҳурмат билан ва “сиз” деб мурожаат қилиши, улар билан ўзаро муносабатда муомала маданияти ва қонунийликка риоя қилиши лозим.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган шахс алкотестер ёрдамида текширувдан ўтказилиб, унинг организмида алкоголь мавжудлиги аниқланса, бирор натижалари бўйича ушбу шахсда эътирозлар бўлган тақдирда, унинг организмида алкогол мавжудлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун ушбу шахс масъул ходимлар томонидан туман (шаҳар) даволаш профилактика муассасаларига олиб борилади.

Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмлари алкотестерлар билан тўлиқ таъминлангунга қадар шахслар туман (шаҳар) даволаш профилактика муассасаларига қонунчилик ҳужжатларида  белгиланган тартибда олиб борилади.

Top