14:06 / 11.04.2024
9408

Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлардан кейин нефт экспортини оширди

Россия нефт экспорти нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар ҳужумидан сўнг кескин ошди, деб ёзади «Коммерсант». Шу билан бирга, Bloomberg маълумотларига кўра, G7 томонидан белгиланган нарх чегарасига риоя этилмаяпти.

Фото: Vitaly Timkiv/SNA/IMAGO

Украина дронларининг ҳужумлари туфайли нефтни қайта ишлаш заводларини юклаш билан боғлиқ муаммолар фонида Россия нефт компаниялари март ойида денгиз экспортини сезиларли даражада оширди, деб ёзади 10 апрел, чоршанба куни «Коммерсант». Нашр келтирган Kpler таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, март ойида нефт экспорти 2023 йил май ойидан буён энг юқори кўрсаткичга етган ва кунига 3,8 миллион баррелни ташкил этган.

Январ ва феврал ойларида Россия танкерлар орқали мос равишда суткасига 3,5 миллион баррел ва 3,3 миллион баррел экспорт қилди. «Россия Украина учувчисиз учоқларининг ҳужумидан кейин нефтни қайта ишлаш заводларида содир бўлган авариялар туфайли ўз қувватлари бир қисми тугаши фонида нефт экспортини сезиларли даражада оширишга мажбур», деб ёзади «Коммерсант». 

Газета суҳбатдошларига кўра, бир қатор нефт ишлаб чиқарувчи корхоналар авариялардан кейин ишлаб чиқаришни қисқартиришга мажбур бўлган. 2024 йилнинг иккинчи чорагида эса Россия ОПEК+ билан келишувлар доирасида нефт қазиб олиш ва унинг экспортини қисқартириши керак. Шу тариқа, июн ойида, бош вазир ўринбосари Александр Новакнинг сўзларига кўра, нефт қазиб олиш кунига 9 миллион баррелгача камайиши керак. 

Bloomberg: нарх чегарасига риоя этилмаяпти 

Шу билан бирга, Bloomberg хабар беришича, Россия нефти халқаро бозорда G7 мамлакатлари томонидан белгиланган нарх чегарасидан анча юқори сотилмоқда. 

Хусусан, Argus Media мустақил нарх агентлиги маълумотларига кўра, Россиянинг Urals хом нефти ҳозирда Болтиқ ва Қора денгиз портларидан бир баррел учун 75 доллардан, яъни белгиланган чегарадан 25 фоизга қимматроқ нархда жўнатиляпти.

Шундай қилиб, Bloomberg таъкидлашича, Украинадаги урушни давом эттириш учун Москвани даромаддан маҳрум қилиши керак бўлган тақиқ, шубҳасиз, амал қилмаяпти. 

Top