Жаҳон | 21:31 / 21.05.2024
9638
2 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги тактик ядро қуроллари билан машғулотлар бошланганини эълон қилди 

Машғулотлар «ғарб расмийларининг Россияга қарши провокацион баёнотлари ва таҳдидларига жавобан» ўтказилмоқда. 

Фото: РИА Новости

Россия қўшинлари Жанубий ҳарбий округда ностратегик ядро қуролларини тайёрлаш ва қўллаш бўйича амалий машғулотларни бошлади, деб хабар қилди Россия Мудофаа вазирлиги. 

Ушбу босқич доирасида Жанубий ҳарбий округ тузилмалари «Искандер» оператив-тактик ракета мажмуаси учун ўқ-дориларни қабул қилиш, шунингдек, ракеталарни учиришга тайёргарлик кўриш учун яширин равишда позиция зонасига ўтиш амалиётини бажаради. 

Машғулотлар давомида Россия Аэрокосмик кучларининг авиация қисмлари ўз навбатида «авиация қуролларини» махсус жанговар бўлинмалар, шу жумладан «Кинжал» гипертовушли ракеталари билан жиҳозлашни ва белгиланган патрул ҳудудларига учишни машқ қилади. 

Мудофаа вазирлиги ўз баёнотида таъкидлаганидек, машғулотлар «ғарб расмийларининг Россияга қарши провокацион баёнотлари ва таҳдидларига жавобан» ўтказилмоқда. 

Россия Мудофаа вазирлиги Бош штаби 6 май куни машғулотларга тайёргарлик ҳақида маълум қилди. Машқлар давомида «ностратегик (тактик) ядро қуролларини тайёрлаш ва қўллаш» амалиёти ўтказилиши режалаштирилган. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид