12:59 / 15.04.2024
9242

Эроннинг Исроилга ҳужуми, бекор қилинган Рафаҳ операцияси ва Часив Ярни эгалламоқчи бўлаётган Россия — кун дайжести

Дунёда содир бўлган воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари билан одатдагидек таништиришда давом этамиз.

Эроннинг Исроилга ҳужуми

1 апрел куни Дамашқдаги консулхонасида генераллари исроил зарбаси билан ўлдирилгач, Эроннинг Исроилга интиқом олиш учун узоқ анонс қилинган ҳужуми ниҳоят шанба тунида содир бўлди.

Ҳаводан 5 соат давом этган ҳужумда Исроил томони Эроннинг аксарият дронлари ва ракеталарини уриб туширганини, Эрон айтарли зарар етказа олмаганини иддао қилмоқда. Лекин шунга қарамасдан, Ғазога зуғум қилиб турган Исроилга тўғридан тўғри ҳужум Эроннинг ўзида ва Яқин Шарқдаги мусулмон давлатларида катта хурсандчилик билан кутиб олинди.

ЦАҲАЛ маълумотларга кўра, Эрон турли типлардаги 350 дан ортиқ снарядларни Исроил томон учирган, фақат бир нечта ракеталар Исроил ҳудудига бориб урилган ва у қадар жиддий бўлмаган зарарлар етказган.

Эрон 14 апрелга ўтар кечаси Исроилга 120 та баллистик, 30 та қанотли ракеталар, шунингдек 170 дан ортиқ дронлар қўллаган ҳолда ҳужум уюштирган, деган ЦАҲАЛ расмийси Даниэл Ҳагари.

АҚШ ҳарбийлари Эроннинг кўплаб ракеталари Исроилнинг Arrow ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан улар ҳали Исроил ҳудудига кирмасдан, қўшни давлатлар узра уриб туширилганини қайд этишган. Шунингдек, олтитагача бўлган ракеталар АҚШ эсминец кемалари томонидан, биттаси Ироқдаги Patriot мажмуаси томонидан уриб туширилган.

Эроннинг ҳаводан ёпирилма ҳужумини қайтариш Исроилга 1—1,3 миллиард долларга тушгани қайд этилмоқда. Бу ҳақда ЦАҲАЛнинг захирадаги генерали Рам Аминаҳ айтиб ўтган.

Исроил президенти Исҳоқ Ҳерцог Эроннинг бу зарбасини уруш эълон қилиш деб атаган. Унинг қайд этишича, Эрон «хаос, террор ва беқарорлик уруғини сепмоқда» ва жаҳон афкор оммаси «Теҳрондаги зулм империяси билан юзма-юз келиши учун фурсат етган».

Эрон томони эса Исроилга қилинган ҳужум кутилганидан муваффақиятлироқ чиққанини айтишмоқда.

«Ҳужум кутилганидан муваффақиятлироқ чиқди. Агар АҚШ Исроилнинг жавоб ҳужумини қўллайдиган бўлса, кейинги мўлжал АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базалари бўлади», — деган Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳуссайн Саломий.

Эрон қуролли кучлари бош штаби раҳбари Муҳаммад Бағирийнинг таъкидлашича, Исроилган нисбатан амалга оширилган «Ҳаққоний ваъда» операцияси ўз ниҳоясига етказилган. Эрон уни давом эттириш ниятида эмас.

«Операциядан кўзланган мақсад Исроил ва Сурия чегарасида жойлашган, Эроннинг Дамашқдаги консуллиги биносига қарши сионистларнинг операцияси учун маълумотлар етказиб турган ахборот маркази, шунингдек, Исроилнинг «Неватим» авиабазасини йўқ қилиш бўлди», — деган Бағирий.

ЦАҲАЛ вакили Даниэл Ҳагари Негев саҳросидаги «Неватим» авиабазасига айтарли зиён етказилмагани, у ҳарбий учоқларни қабул қилиб учираётганини таъкидлаган.

Ҳужумни кузатган ҳарбий экспертларнинг фикрича, операция атайлаб чўзиб юборилган. Бундай қилинишига сабаб можаронинг янада авж олишининг олдини олиш бўлган. Чунки араб давлатларида ҳеч ким янги катта урушдан манфаатдор эмас.

Эрон зарбасидан кўзланган мақсад — намойишкорона жавоб қайтариш ва мамлакат аҳолиси олдида ҳисобот бериш бўлган. Эрон бу зарбадан сўнг бутун дунё мусулмонлари кўз ўнгида очко ҳам йиғган.

Жаҳон етакчилари Эрон ва Исроилни босиқроқ бўлишга чақиришди. Бир қисм давлатлар, асосан ғарб давлатлари Исроилни қўллаб-қувватлашларини эълон қилиб, Теҳроннинг ҳужумини қоралаган бўлса, яна бир қисми можарога чек қўйиб, Исроилни ўз қўшинларини Ғазодан олиб чиқиши зарурлигини таъкидлаган.

Жаҳоннинг етакчи мамлакатлари БМТда Эрон ҳужумини қоралади. Франция Эрон «ҳарбий эскалация келтириб чиқариши мумкин бўлгани»ни билдирди, Буюк Британия ҳужумни «мулоҳазасизлик» деб атади, Германия эса Эрон ва унинг тарафдорлари «зудлик билан бас қилиши лозимлиги»ни уқтирди. Хитой томонларни «хотиржамлик ва вазминликни сақлаш»га чақирган. Россия «минтақадаги яна бир эскалация хавфидан хавотир билдирган».

АҚШ Исроилга Эронга жавоб зарбаси беришдан тийилишни маслаҳат берган. Америкалик мулозимларнинг таъкидлашича, ҳужумнинг муваффақиятлари қайтарилгани фактининг ўзи «йирик стратегик ғалаба»ни билдиради.

Ғазодаги вазият

Исроил Ғазо жанубида юз минглаб фаластинликлар жон сақлаётган Рафаҳ шаҳрига ҳужум қилиш фикридан қайтган бўлиши мумкин. Исроилнинг Kann News телеканали тарқатган маълумотларга кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Рафаҳдаги режалаштирилган операцияни кейинроққа қолдириш бўйича қарор қабул қилган.

Қайд этиш лозимки, Нетаняҳу аввалроқ операциянинг бошланиш санаси аниқ эканини таъкидлаган эди.

Исроил анчадан буён Ғазодаги чўзилиб кетган уруш туфайли АҚШ дохил бошқа иттифоқчиларининг тобора ошиб бораётган босими остида қолиб кетаётган эди.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси ва Туркиянинг MIT разведкаси раҳбарларининг ўзаро мулоқотларида Ғазодаги урушни тўхтатиш масаласи муҳокама қилинган. MIT раҳбари Иброҳим Қалин ҲАМАС раҳбарига ҳам қўнғироқ қилган.

Исроилнинг Ғазодаги агрессияси қурбонлари сони эса ошишда давом этмоқда. Урушнинг 190-кунига келиб, қамал қилинган экславда қурбонлар сони 33 минг 729 кишига етган, ярадорлар сони эса 76 минг 371 нафардан ошган.

Сўнгги сутка ичида Исроил қўшинлари зарбасидан 43 киши ўлган ва 62 киши яралангани маълум қилинмоқда.

Украинадаги уруш

Россия қўшинлари 9 майгача Часив Яр қишлоғини эгаллаш вазифасини олишган. Бу ҳақда Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский ўзининг Facebook’даги саҳифасида ёзган.

Бу қишлоқ Бахмут шаҳарчасидан ғарброқда жойлашган ва унинг эгалланиши келгусида Словянск ва Краматорск шаҳарларини ишғол этиш учун стратегик кенглик яратади.

Сирскийнинг сўзларига кўра, ушбу йўналишда бригадаларни ўқ-дорилар, дронлар ва радиоэлектрон кураш воситалари билан кучайтириш бўйича бир қатор чоралар кўрилган.

Украина президенти Володимир Зеленский эса ёрдамсиз ўтаётган ҳар бир кун йўқотилаётган инсонлар ҳаёти эканини таъкидлаб ўтган.

Зеленский Исроил Эроннинг «Шоҳид» дронлари битта қўймасдан уриб туширилганини кўриб, жунбишга келган.

«Дунёда ҳар қандай ракета, «шоҳид» дронлари ва террорнинг бошқа воситаларини тўхтатиш учун барча етарли воситалар бор. Жаҳонга ҳаққоний ва ишончли хавфсизликни қайтариш учун ечимлар керак, холос.

Украинани ўққа тутилишдан ҳимоя қилиш учун ҳамкорларнинг қўллаб-қувватлаши керак. Ёрдамнинг ҳар кун пайсалга солиниши — бу янги вайрон қилинган уйлар, бу ўлдирилган қўшимча инсонлар демакдир», — деган Зеленский.

Top