Нетаняҳу Эронга жавоб учун нишонлар рўйхатини тайёрлашни буюрди
Исроил ҳарбий вазирлар маҳкамаси йиғилишида Теҳроннинг кенг кўламли ҳаво ҳужумига жавоб бўлиши мумкин бўлган «бир қатор ҳарбий ва дипломатик вариантлар» муҳокама қилинди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроил мудофаа кучларидан Исроилнинг Эрон йирик ҳаво ҳужумига жавоб қайтариши мумкин бўлган нишонлари рўйхатини тайёрлашни сўради. Бу ҳақда The Washington Post газетаси 15 апрел, душанба куни ушбу мавзу муҳокамаси билан энг юқори даражада таниш бўлган исми ошкор этилмаган амалдорга таяниб ёзди.
Суҳбатдош сўзларига кўра, Исроил «сигнал юбориши» мумкин бўлган, аммо қурбонлар келтирмайдиган вариантларни кўриб чиқмоқда. Бу вариантлар орасида Теҳрондаги объектга эҳтимолий зарба ёки киберҳужум киради, деди манба. «Ҳамма Исроил жавоб бериши керак деган фикрга қўшилади. Гап - қандай жавоб бериш, қачон жавоб беришда», - дея қўшимча қилди у.
Исроил Эрон ҳужумига жавобни АҚШ билан мувофиқлаштиради
Айни пайтда, Американинг NBC News телеканали ўзининг исроиллик манбасига таяниб хабар беришича, Исроил ҳарбий вазирлар маҳкамасининг бир неча соат давом этган йиғилишида «бир қатор ҳарбий ва дипломатик вариантлар» муҳокама қилинган. Шу билан бирга, телеканал суҳбатдоши сўзларига кўра, «ҳар қандай жавоб (Эроннинг Исроилга ҳужумига) америкаликлар билан келишиб олинади».
Шу куни, 15 апрелда Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши спикери Жон Кирби президент Жо Байден маъмурияти иқтисодий босимни кучайтириш орқали Эронни янада халқаро яккаланишига эришиш устида ишлашда давом этаётганини айтди. «Бу натижа. Кучли Исроил, заиф Эрон, ҳамкорларнинг янада жипслашган иттифоқи», - дея хулоса қилди Кирби.
Вазминликка чақириқлар
Эрон 14 апрелга ўтар кечаси Исроилга 300 дан ортиқ учувчисиз учоқ ва ракеталарни учиргач, АҚШ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда Исроилнинг Европа ва Яқин Шарқ минтақаларидаги иттифоқчилари вазминликка чақирди.
«Энг тўғри ҳолат - кескинлашувга бормаслик, - деди, хусусан, Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон. - Биз уларни дўстлар сифатида ақлли бўлишга чақирамиз ва ҳужум муваффақиятсиз бўлгани учун Эрон мағлубиятга учраганини тан олиш керак».
Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам француз радиостанциясига берган интервюсида шундай фикр билдирди: «Барчамиз эҳтимолий кескинлашувдан хавотирдамиз».
WP газетаси суҳбатдоши нуқтайи назаридан, Исроил ўз саъй-ҳаракатларини узоқ муддатли мақсадларга қаратиши керак - масалан, Эронга қарши курашиш учун янги иттифоқ яратиш. «Бу ерда бизни чалкаштириб юбориш мумкин эмас. Эрон урушни кучайтирди, аммо Исроил унга қарши минтақавий ва глобал фронтни кучайтириши керак», деди у.
Мавзуга оид
17:37 / 21.11.2024
Халқаро жиноят суди Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берди
23:14 / 19.11.2024
Эрон уранни бойитишни тўхтатишга тайёрлигини билдирди — ОАВ
21:44 / 19.11.2024
Канадада собиқ адлия вазирига суиқасднинг олди олинди
19:09 / 19.11.2024