Жаҳон | 07:50 / 19.04.2024
4403
2 дақиқада ўқилади

Гладков: Белгородга яқинлашган 25 та ҳаво нишони уриб туширилди

Белгород вилояти губернатори маълумотларига кўра, ҳужум натижасида қурбонлар бўлмаган, бироқ тўртта турар жой биноси, саноат корхонаси ва омборхоналарга зарар етган.

Фото: AP

Белгород ва Белгород вилояти узра ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаб кетди ва шаҳарга яқинлашганда 25 та ҳаво нишонини уриб туширди. Бу ҳақда вилоят губернатори Вячеслав Гладков 19 апрел, жумага ўтар кечаси ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Унинг аниқлик киритишича, Украина Қуролли кучлари томонидан амалга оширилган ҳужум натижасида ҳеч ким жабрланмаган, аммо турар жой биноларига зарар етган. 

Хусусан, Белгородда учта хусусий уйнинг деразалари синган ва фасадларига зарар етган, деди Гладков. Шунингдек, тўртта омбор ҳудудида ҳам турли хил зарарлар аниқланган. Омборлардан бирида ёнғин содир бўлиб, ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан тезда ўчирилди. Бундан ташқари, саноат корхонаси биноларидан бирининг панжараси шикастланган ва ойналари синган, 11 та автомобилга зарар етказилган ва битта гаражнинг томи тушиб кетган. 

Белгород вилоятининг Таврово қишлоғида, хусусий уйнинг томи ва панжарасига парчалар зарар етказган, битта машина ҳам шикастланган, дея қўшимча қилди Гладков. 

Украина ҳарбийлари Белгород вилоятининг ўққа тутилиши ҳақида изоҳ бермади. 

Мавзуга оид