Генерал Виктор Назаров 2019 йилда армиядан истеъфога чиққан бўлса-да, Украина ҚК Бош штаби раҳбарияти билан яқин ишлаган ва яқин яқингача Украинанинг ҳарбий-сиёсий ҳаёти марказида бўлган.

Айнан Назаров собиқ бош қўмондони Валерий Залужнийнинг асосий маслаҳатчиларидан бири бўлган.

2014 йилда Назаров Украина шарқидаги аксилтеррор операцияси штабини бошқарган ва Луҳанск аэропорти узра россияпараст жангарилар томонидан Украинанинг Ил-76 самолёти уриб туширилгани учун айбланган. Бу фожиада 49 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлган. У судланган ва хизматдаги лоқайдлиги учун айбли деб топилган. Бироқ украиналик қатор ҳарбийлар ва АҚШ армияси генерали Бен Ҳоджес каби халқаро экспертлар унинг ҳимоясига чиққан. 2021 йилда Украина Олий суди уни оқлаб, ишни ёпган.

Шундан сўнг Назаров Залужнийнинг бош маслаҳатчиси лавозимига тайинланган ва 2024 йил февралигача Украина Бош штабида ишлаган.

Катта уруш бошланиши ҳақида

BBC: 2022 йилдаги кенг кўламли уруш бошланганида сиз Залужнийнинг бош маслаҳатчиси эдингиз. Ўша пайтдаги вазиятни қандай баҳолагандингиз? Чиндан ҳам Украина ҳукумати уруш бўлмайди, деб ишонганмиди? Армия урушга тайёргарлик кўрганми?

Виктор Назаров: Аввало, бир нарсага аниқлик киритиш керак. Мен ўша пайтда бош қўмондон маслаҳатчиси эдим, бу расмий лавозим эди. Кейин, 2022 йилда тузилмага ўзгартиш киритилганда, бош маслаҳатчи бўлдим.

Армия тайёргарлик кўрганми-йўқми, бу масалада бир неча муҳим жиҳатни қайд этиш керак.

Биринчидан, ҳаммамиз ҳарбий-сиёсий ва ҳарбий-стратегик вазиятларни тушунамиз, ўша АҚШ ва Ғарб ҳамкорлари Украинага кенг кўламли ҳарбий тажовуз эҳтимоли ҳақида олдиндан огоҳлантирганлари билан қўшиб.

Шахсий фикримга кўра, 2022 йил бошларида уруш хавфи ўртача даражада эди. Бироқ бир ой ичида хавф даражаси шиддат билан ошиб, «қизил» даражага етди.

Мен уруш хавфи жуда юқори эканини ҳис қилганман ва Бош штабнинг ҳужжатлар, режалар ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этганман. Менинг таклифларимдан баъзилари Залужний томонидан стратегик режаларга киритилган ва қуролли кучларнинг ҳаракатларини шакллантиришда қўлланган.

Генерал-майор Назаров узоқ вақт Украина ҚК бош штаби оператив бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари бўлган. АТО бошланганида у амалиётлар штабини бошқарган