08:32 / 20.05.2024
3401

Финландия Россия билан чегарани қисман очиши мумкин

Финландия бош вазирининг айтишича, бошпана изловчиларни Россияга қайтариб юборишга рухсат берувчи қонун лойиҳаси қабул қилинса, Россия Федерацияси билан чегара «эҳтиёткорлик билан» очилиши мумкин.

Фото: Global Look Press/IMAGO/Vesa Moilanen

Финландия ҳукумати, агар учинчи давлат фуқароларига тўғридан тўғри чегарада бошпана беришдан бош тортиш ва Россияга депортация қилиш имконини берадиган қонун лойиҳаси қабул қилинса, Россия Федерацияси билан чегарани қисман очиши мумкин. Бу ҳақда Финландия бош вазири Петтери Орпо 19 май, якшанба куни чоп этилган Yle Areena нашрига берган интервюсида маълум қилди. «Қонун қабул қилинганда, биз чегарани эҳтиёткорлик билан очишга ҳаракат қиламиз», — деди Финландия бош вазири. Орпо аввалига битта чегара пункти, кейин эса «агар чегаранинг ҳар икки томонида ҳамкорлик ўрнатилса» бошқалари очилиши мумкинлигини истисно этмади.

«Чиқариб юбориш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси шошиб тайёрланмоқда ва танқид қилинмоқда 

Апрел ойи охирида Helsingin Sanomat газетаси Финландия ҳукумати «шошилинч тарзда» янги қонун лойиҳасини тайёрлаётгани, чунки улар об-ҳаво яхшиланса, Россия Федерацияси бошпана изловчиларни қуруқлик чегараси орқали ўтказишга киришишидан хавфсираётгани ҳақида хабар берган эди. Қонун лойиҳаси мақсади бошпана изловчиларнинг мамлакатга киришига йўл қўймасликдир, шунинг учун у депортация қарорларини тўғридан тўғри чегарада қабул қилиш имконини беради, дея таъкидлайди газета. Бироқ қонун лойиҳаси Финландия конституцияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция қоидаларини бузгани учун ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан танқид қилинди, дея қайд этади нашр. 

Россия-Финландия чегарасида мигрантлар оқими 

2023 йил ноябрида Финландия тегишли ҳужжатлари бўлмаган муҳожирлар оқими туфайли Россия билан қуруқликдаги чегарасини бутунлай ёпди. Ҳелсинки Москвани учинчи давлат фуқароларини чегарани кесиб ўтишга ундаганликда айблади. Бунга жавобан Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова «Финландиянинг чегарадаги вазият учун жавобгарликни Россия зиммасига юклашга уринишларини» «ноаниқ баҳоналар» деб атади. 

Top