Жаҳон | 10:32 / 11.06.2024
9260
2 дақиқада ўқилади

Финландия Россиядан самолёт билан содир бўлган воқеа бўйича тушунтириш талаб қилди

Финландия Мудофаа вазирлиги Россия ҳарбий самолёти мамлакат ҳаво ҳудудини бузгани эҳтимоли ҳақида хабар берди. Воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Фото: dpa/TASS

Россия самолёти Финландия ҳаво ҳудудини бузганликда гумон қилинмоқда, деб хабар қилди 10 июн, душанба куни кечқурун НАТОга яқинда қўшилган мамлакат Мудофаа вазирлиги. Шу куни бироз вақт ўтгач, Финландия Ташқи ишлар вазирлиги X ижтимоий тармоғида Россиянинг Ҳелсинкидаги элчихонаси билан боғлангани ва воқеа бўйича тушунтириш талаб қилгани ҳақида хабар берди.

Финландия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россия ҳарбий самолётининг мамлакат ҳаво ҳудудига эҳтимолий кириши 10 июн куни эрталаб Финландия кўрфази осмонида, Ловийса шаҳри яқинида содир бўлган бўлиши мумкин. Тахминларга кўра, Россия ҳарбий самолёти Финландия ҳудудига тахминан 2 дақиқа давомида учиб кириб, Финландия кўрфазининг шарқий қисмида чегарани 2,5 километрга бузган. Хабарда самолёт тури кўрсатилмаган.

«Биз чегара бузилиши ҳақидаги маълумотни жиддий қабул қиламиз ва дарҳол тергов бошладик», деди Финландия мудофаа вазири Антти Хяккянен.

Болтиқ денгизи узра Россия самолётларининг режали парвозлари

Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги 10 июн куни тушдан кейин Болтиқбўйи, Баренц ва Норвегия денгизларининг нейтрал сувлари устидаги ҳаво кенгликларида узоқ масофага учувчи самолётлар режалаштирилган парвозлари ҳақида хабар берди. «Тадбирда Ту-95мс стратегик ракета ташувчилари, шунингдек, Ту-22м3 узоқ масофага учувчи бомбардимончи самолётлар иштирок этди», — дейилади идора хабарида.

«Маршрутнинг маълум босқичларида узоқ масофали бомбардимончиларга хорижий давлатлар қирувчи самолётлари ҳамроҳлик қилган», дейилади хабарда. Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, «Россия Аэрокосмик кучлари самолётлари барча парвозлари ҳаво ҳудудидан фойдаланиш бўйича халқаро қоидаларга қатъий мувофиқ равишда амалга оширилади». 

Фин томонига кўра, Россия ҳарбий самолётлари томонидан Финландия чегарасини бузишнинг охирги тасдиқланган ҳолати 2022 йил августида қайд этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид