21:26 / 01.06.2024
4864

Моди Ҳиндистондаги парламент сайловларида ўз партияси ғалаба қозонганини эълон қилди

Ҳиндистон бош вазири «exit-poll» натижаларига таяниб ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси ғалабасини маълум қилди. Расмий натижалар 4 июн куни эълон қилинади.

Фото: DIBYANGSHU SARKAR / AFP

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ўзининг Бҳаратия Жаната партияси (BJP) парламент сайловларида ишончли ғалабага эришганини эълон қилди.

«Ишонч билан айта оламанки, Ҳиндистон халқи рекорд даражадаги овоз бериш жараёнида BJP ҳукумати ҳокимиятда қолишини қўллаб-қувватлади», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Ҳиндистонда сайловлар 19 апрелда бошланиб, 1 июнда якунига етди. Сайловлар бир неча босқичда ўтди. Якуний расмий натижалар 4 июн куни маълум бўлиши кутилмоқда.

Сайловларда тахминан 968,6 миллион киши овоз бериш имконига эга бўлди, бу Европа Иттифоқи, АҚШ ва Россия аҳолисининг умумий сонидан кўп.

Сайлов натижасида парламент қуйи палатасининг (Лок Сабха) 543 нафар депутати сайланади. Овозларнинг 50 фоизидан ортиғини (яъни 272 ва ундан ортиқ ўринни) олишга муваффақ бўлган партия ғолиб бўлади – бу унга ҳукуматни шакллантириш ва ўз аъзолари орасидан бош вазирни тайинлаш имконини беради.

Жорий сайловларнинг яққол фаворити Нарендра Модининг ҳукмрон миллатчи Бҳаратия Жаната партияси (BJP) бўлиб турибди, сиёсатчи аллақачон учинчи муддатга бош вазир бўлишга интилмоқда.

Унга асосий рақиб Ҳиндистоннинг энг кўҳна сиёсий партияси - Ҳиндистон миллий конгресси (ҲМК) бўлиб, мамлакатни узоқ муддат давомида бошқариб келган. 2014 йилги сайловларда BJP шов-шувли тарзда ғалаба қозонди, ҲМК эса парламентда атиги 52 ўринга эга бўлди. Сайловлар арафасида ҲМК ва бошқа мухолиф кучлар I.N.D.I.A деб номланган иттифоқ туздилар.

Модининг рақиблари ўз сайловолди кампаниясини жорий ҳукуматни ўсиб бораётган ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик, ёшлар ўртасидаги ишсизлик ва коррупция учун танқид қилиш асосига қурди. ҲМК, шунингдек, агар сайловда ғалаба қозонса, қуйи касталар вакилларини қўллаб-қувватлаш дастурларини кенгайтириш учун деярли бир асрда биринчи марта касталарни рўйхатга олишни ўтказишга ваъда берди.

BJP сайлов кампанияси каста фарқларига эмас, балки диний тафовутларга қаратилди. Моди мухолифатни ҳиндларнинг бойликларини тортиб олиб, мусулмонларга тарқатишга интилаётганликда айблади. Ҳиндистонда ислом динига 200 миллионга яқин киши эътиқод қилади.

Моди ўз иттифоқчилари олдига улкан мақсад қўйган: BJP парламентдаги ўринлар сонини 2019 йилда қўлга киритган 303 ўриндан 370 тагача ошириш. Бу рақам рамзий аҳамиятга эга. 2019 йил августида, сайловдаги ғалабасидан кўп ўтмай, Моди ҳукумати Ҳиндистон Конституциясининг 370-моддасига биноан Жамму ва Кашмирнинг махсус мақомини бекор қилди. Асосан мусулмонлар яшайдиган Кашмирга қўшни Покистон даъво қилиб келади.

Сайловларни бир неча босқичга бўлиш зарурати нафақат аҳолининг кўплиги (Ҳиндистон бу кўрсаткич бўйича Хитойдан ўзиб кетиб, дунёда биринчи ўринда туради), балки Ҳиндистон қонунчилиги билан ҳам белгиланади, унга кўра сайлов участкалари ҳар бир сайловчи уйидан 2 км узоқда бўлмаслиги керак. Бу талабни бажариш учун овоз беришнинг барча етти босқичида мамлакатда 1 миллионга яқин сайлов участкаси очилди.

Моди сўзларига кўра, I.N.D.I.A. мухолифат альянси «сайловчилар қалбига йўл топа олмади».

Ҳиндистон ва Ғарб оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, Моди бундай баёнотни «exit-poll» натижаларига таяниб айтган. Унга кўра, BJP ҳақиқатда катта ғалабага эришган. Шундай қилиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, BJP 543 ўринли парламент қуйи палатасида 350 дан ортиқ ўринни эгаллайди. I.N.D.I.A. алянси 120 дан сал кўпроқ ўринга эга бўлади. Баъзи оммавий ахборот воситалари Ҳиндистондаги «exit-poll» натижалари ҳар доим ҳам тўғри чиқмаслигини таъкидлайди.

Top